Инновация – иқтисодий самарадорлик гарови
Мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти замонавий илм-фанни ривожлантириш билан бевосита боғлиқ. Зеро, инновацион ривожланиш, биринчи галда, интеллектуал ва илмий-техник салоҳиятдан қай даражада самарали фойдаланилаётганига боғлиқ. Президентимизнинг 2018 йил 14 июлдаги “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Сўнгги йилларда илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида яратилган илмий ишланмаларнинг 700 дан ортиғи патентлаштирилди.
Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижорийлаштириш бўйича “Фан ва тараққиёт” давлат унитар корхонаси олимлари қатор ютуқларга эришди. Жумладан, мисни пирометаллургик усулда олиш технологияси такомиллаштирилди. Натижада қўшимча дастгоҳларсиз, ёқилғи ва вақт сарфи кам, максимал даражада чиқиндисиз, энергия ва ресурстежамкор экологик тоза маҳсулот олиш технологияси яратилиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қўлланилди. Янги технология асосида бир йилда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳажми 1116 кг.га ошиб, айни пайтда 81,92 кг олтин ва 4028,3 кг кумуш олишга эришилди. Бу технология асосида иқтисодий самара йилига 20,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Молибден саноат маҳсулотлари чиқиндисини қайта ишлаш технологияси ёрдамида молибдендан тайёр маҳсулот ажратиб олиш ҳажми 54 фоизга ошди. Илгари молибден чиқиндисини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш жараёнидаги йўқотишлар 85 фоизгача етган бўлса, янги технология амалиётга татбиқ этилгач, бу кўрсаткич бор-йўғи 2,5-3 фоизни ташкил этмоқда. Таркибида молибден мавжуд бўлган чиқиндилардан молибден, мис, темир ва бошқа нодир металларни ажратиб олиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижасида ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилаш имкони юзага келмоқда.
Ўзбекистоннинг мураккаб тоғ геологик шароитида нефть ва газ қудуқларини бурғилашда қўлланадиган, барқарор бурғилаш эритмалари олиш имконини берадиган, импорт ўрнини босувчи КПМ-1, КПМ-2, КХР-1, КХР-2 маркали кимёвий реагентлар яратилгани ҳам олимларимизнинг салмоқли ютуқларидандир. Бу реагентлар бурғиланган тоғ жинсларини олиб чиқиш жараёнини яхшилаш, бурғилашнинг механик тезлигини 10–15, маҳсулдор қатламлар очилишини 30–35 фоизга ошириш имконини беради. Энг асосийси, бурғилаш ишларини хавфсиз амалга ошириш ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, битта қудуқни бурғилаш жараёнида йилига 1,5-2 миллиард сўм тежалади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза поясидан ёғоч материаллари олишда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори республикамиз аҳолисининг ёғоч-пластик плитали материалларга эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Қа¬рор ижроси юзасидан ғўза поясидан машинасозлик, қурилиш, мебелсозлик ва бошқа саноат соҳаларида самарали қўлланиладиган юқори физик-механик хусусиятларга эга композицион ёғоч пластик плитали материаллар таркибини яратишнинг чиқиндисиз технологияси ишлаб чиқилди. Мазкур технология айни пайтда Сурхондарё вилоятида амалиётга татбиқ этилган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қурилаётган иккита завод фаолияти ҳам ушбу технология билан чамбарчас боғлиқ.
Пахтани қайта ишлаш машиналари учун янги композицион материал ва деталларнинг ишлаб чиқарилгани ҳам соҳадаги қатор муаммолар ечимига замин яратди. Мазкур материаллардан фойдаланилганда механизмларнинг ейилишга бардошлилиги 1,5—1,8, иш унумдорлиги 7—14 фоизга ошди. Шунингдек, сарфланадиган қувват 5—8 фоиз камайиб, чигитнинг эзилиши, пахта толасининг механик зарарланиши бартараф этилди. Тола чиқиши эса 0,5—1,0 фоиз ортди. Айни кунда республикамизнинг қатор пахта тозалаш заводларида апробациядан ўтказилаётган ушбу лойиҳа ишлаб чиқаришга татбиқ қилиниши билан ҳар бир корхона йилига 100 миллион сўм қўшимча фойда кўради.
Олимларимиз саъй-ҳаракати билан Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖда ишлаб чиқариладиган кўпвалентли металлар тузи асосида яратилган бўёвчи композициялар газламаларни бўяш учун четдан келтириладиган қимматбаҳо, камёб синтетик бўёқлар ўрнини боса олади. Бу бўёқлар хорижники билан таққосланганда ишқаланиш ва ёруғликка, намликка чидамли, органик эритмаларга таъсири юқори.
Маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида автомобиль йўллари учун композицион асфальт-бетон қопламалар олишнинг технологик режими ишлаб чиқилиб, қопламаларнинг янги таркиблари яратилди. “Фар¬ғона йўлларидан мунтазам фойдаланиш” ДУК тизимидаги асфальт-бетон заводида ушбу материалларнинг 2200 тонна миқдордаги саноат тажриба партияси тайёрланиб, “Бейнау–Бухоро–Самарқанд–Тошкент–Андижон” магистрал автомобиль йўлида синовдан ўтказилди. Техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга кўра, 2 км автомобиль йўлида ушбу қопламадан фойдаланиш орқали 137 миллион сўм иқтисодий самарадорлик кузатилди. 100 км автомобиль йўлига сарфланган 110 минг тонна композицион асфальт-бетон қопламани ишлатишдан 6,85 миллиард сўм иқтисодий самарадорлик кутиляпти.
Каолин, бентонит, тальк, кварц, дала шпати, доломит, магнезит сингари минералларнинг хосса ва таркиби ўрганилганда, улардан электрокерамика саноатида самарали фойдаланиш мумкинлиги аниқланди. Мазкур хомашёлар асосида электротехника чинниси, форстеритли, стеатитли, кордиеритли, мулит-кремнеземли, юқори глиноземли ва бошқа хусусиятли электрокерамика маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси яратилди. Дастлабки таҳлиллар 65 минг дона электрокерамика маҳсулотлари 100 миллион сўм фойда келтириш мумкинлигини кўрсатди.
Она табиатни муҳофаза қилиш бугуннинг энг долзарб вазифаларидандир. Аксига олиб, саноат корхоналаридан чиқаётган газлар орқали атмосферага жуда кўп миқдорда заҳарли, канцероген ва мутаген экотоксикантлар тарқалмоқда. Водород сульфидлар, олтингугурт ва углерод оксидлари, аммиак, метан сингари портловчи ва заҳарли экотоксикантлар шулар жумласидандир. Бу моддаларнинг микроконцентрация мониторингини юритиш учун ўта сезгир, селектив ва экспресс методлардан фойдаланиш, махсус ускуналар яратиш лозим. Бу ўз навбатида кимёвий сенсорлар яратишни талаб қилади. Муассасамизда яратилган янги авлод технологияси ёрдамида кимёвий сенсорларнинг сифати, сезгирлиги, унумдорлиги ва мустаҳкамлигини ошириш, вазнини камайтириш мумкин. Биз тавсия этаётган ускуна хавфли фалокат, ёнғин ва портлаш ҳолатларининг олдини олади, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлайди, ёниш жараёнини оптималлаштириш эвазига катта миқдордаги табиий газни тежайди. Маҳаллий хомашёлар асосида экологик зарарсиз, иссиққа чидамли, юқори физик-механик ва электр ўтказмаслик хоссаларига эга текстолит олиш учун зарур бўлган композиция таркиби ва технологияси ишлаб чиқилгани ҳам бозорларимизни импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош, арзон ва қулай материаллар билан тўлдириш имконини яратди. Ушбу текстолитни қўллаш натижасида тайёрланган маҳсулот таннархи хориждан келтирилаётганига нисбатан 1,5-2 баробар арзон тушди. Ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган газ ва оқова сувларни зарарсизлантириш учун яратилган интерполимер сорбентлар атроф-муҳит учун зарарли бўлган NO2, SO3, NO, HF, HCl турдаги газлар, нодир ва оғир металларни тутиб қолиш хусусиятига эга. Регенерация жараёни осон кечиши сабабли сорбентларимизнинг қўлланиш муддати ҳозир фойдаланилаётган сорбентларга нисбатан 60 кунга кўпдир. Биз таклиф этаётган сорбентларни бир неча маротаба қайта қўллаш мумкин. У нафақат чиқинди газларни тозалаш самарадорлигини оширади, балки ноёб металларни ушлаб қолиш ҳисобига катта иқтисодий фойда ҳам келтиради. “Навоийазот” АЖда тажрибадан ўтказилганда азот ўғитларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган платина миқдорини камайтириб, иқтисодий самарадорлик йилига 1 миллиард сўмдан ортишини кўрсатди.
Бугун Ўзбекистонда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Биз олимлар ҳам мазкур эзгу ишларга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, қурилиш саноати учун ҳаво ва сувга чидамли композицион гипс таркибли материалларнинг яратилиши бу борада эришилган салмоқли натижалардан бўлди. Бундай материалларни олиш учун республикамизда етарли хомашё базаси мавжуд. Уларни ишлаб чиқариш чиқиндилари ва маҳаллий хомашёларни механик кимёвий усул билан фаоллаштириш асосида яратиш мумкинлиги ҳисобига импорт маҳсулотларга нисбатан харажатларни 40–50 фоизга қисқартириш мумкин.
Сойибжон НЕГМАТОВ, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети “Фан ва тараққиёт” ДУК илмий раҳбари, академик, фан арбоби