Муҳташам 100 китоб
ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналарини жамлайди
Тана ва руҳ бамисоли от билан чавандозга ўхшайди. Тулпорнинг емиши суворийга озиқ бўлмаганидек, баданнинг овқати ҳам кўнгилга қувват бермайди. Улуғ аждодимиз Жалолиддин Румийнинг бу қиёси ҳикмати бугунги глобаллашув даврида тобора улкан аҳамият касб этиб бормоқда. Йилқининг охурига бош суқиш одамни ҳам алалоқибат ҳайвонга айлантириши ҳеч гап эмаслигини “оммавий маданият” таъсиротлари ва асоратлари мисолида кўриб, кузатиб турибмиз. Бугун бутун инсоният вазиятни сал бўлса-да ўнглаш илинжидаги минг уриниш, чираниш, тиришишлар асносида юксак маънавият чин маънода енгилмас ва ҳаётбахш куч эканига бот-бот ишонч ҳосил қилаётир.
Мамлакатимиз маънавий ҳаётида катта хайрли ишга қўл урилди. “Ўзбек халқ оғзаки ёдгорликлари” юз жилдлигининг нашр этила бошланиши фақат миллий маданиятимиз учун ноёб ҳодиса бўлиб қолмай, жаҳон маънавий хазинасини бойитишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз. Негаки, бундай улкан нашрлар халқаро миқёсда олганда ҳам ҳадеганда кузатилавермайди. Аслида, “катта қишлоқ”қа айланиб бораётган дунёмизда имкон қадар баландроқ мавқе эгаллаш, ягоналашиб-уйғунлашиб бораётган қадриятлар бозорида қўлдан келганча ўзиникини ўтказиш учун миллатлар орасида кимўзар кучайган, айрим элатлар ўз мавжудлигини исботлаш учун йўқдан йўндиришга интилиб ётган бир даврда оғзаки ижод меросининг ўзидан юз жилдлик яратиб, оламга кўз-кўз этишни ким ҳам истамайди дейсиз. Бироқ барча халқларда ҳам бизникидай муаззам ва муҳташам фольклор хазинаси йўқлиги рост. Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади”.
Миллий матбуот марказида ўтказилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”нинг дастлабки жилдлари тақдимот маросимида маълумот берилишича, мазкур туркум ўзбек халқ оғзаки поэтик ижодининг ҳозирга қадар ёзиб олинган энг мукаммал намуналарини қамраб олади. Ҳа, бисотимизда бори эмас, балки энг саралари юз жилдни ташкил этмоқда. Тадқиқот учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг ноёб илмий хазинаси — фольклор архиви материаллари асосий манба бўлиб хизмат қилади. Бу ерда сақланаётган 2 мингдан ортиқ сақлов бирлиги миқдоридаги халқ ижоди асарлари асосида “Ўзбек фольклорининг электрон фонди”ни яратиш ҳам режалаштирилган.
— Мустақилликни қўлга киритишимиз билан давлатимиз сиёсатини кучли маънавият асосига қуришни белгилаб олганмиз. Кўплаб қадимий қадриятларимизнинг қайта тиклангани, барҳаёт анъаналаримизга янги ҳаёт бахш этилгани, замонлар синовидан ўтган маданий-адабий меросимизнинг халққа тўла-тўкис етказилаётгани бунинг ёрқин исботидир. Юз жилдлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” нашрига киришилгани мазкур йўналишда амалга оширилаётган хайрли ишларимизнинг мантиқий давоми бўлди, — деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов. — Ўзбек халқи дунёга қомусий алломалар ва забардаст сўз санъаткорларинигина бериб қолмай, ўзи ҳам бетакрор ижодкор эканини асрлар давомида эзгу ғояларни тараннум этиб келган фольклоримизнинг бой ва ранг-баранглиги, барча жанрларда кўплаб бадиият дурдоналари яратилгани кўрсатиб турибди. Юз жилдлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”нинг нашр этилиши маънавий-маърифий соҳада эришаётган ютуқларимизнинг яна бир намойиши, илмий ва маданий юксалишимизнинг муҳим бир босқичи бўлади, десак сира муболаға эмас.
Халқ ижоди деганда, кўз ўнгимизда ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган, халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон”, “Кунтуғмиш”, “Орзигул”, “Қиронхон” каби муаззам достонлар, пурмаъно эртаклар, халқ донишмандлиги маҳсули бўлмиш мақол-маталлар, ҳассос ва ўйноқи халқ қўшиқлари, ибрат кўзгуси саналган афсонаю ривоятлар намоён бўлади. Авлоддан-авлодга оғзаки тарзда ўтиб келаётган бу тафаккур дурдоналари миллий маънавиятимизнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Халқ оғзаки ижоди муттасил ҳаракатдаги узлуксиз жараён бўлиб, миллат ўз миллий маънавиятини асрлар бўйи юксалтириб, бойитиб боради. Фольклор намуналарида куйланган юксак инсоний туйғулар, илгари сурилган эзгу ғоялар барча замонларда кишиларни яхши амаллар, бунёдкорлик ишларига илҳомлантирган. Халқ ижоди дурдоналарининг жонли ижро жараёнида бугунги кунгача яшаб келаётгани халқимиз ўз ўтмишини унутмаган, ўзлигини сақлаб қолган ҳолда эртанги ёруғ истиқболига умидбахш нигоҳ билан боқаётганидан далолат бериб турибди.
— Истиқлол йиллари номоддий меросимизни асраб-авайлаш, энг яхши намуналарини кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида халқ оғзаки бадиий ижоди асарларини изчил тўплаш, илмий ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, — деди фольклор бўлими мудири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. — Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрда “2010—2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида” деб қабул қилган 222-сонли қарори халқимиз бадиий тафаккурининг тарихий-тадрижий ривожи ва тараққиёт қонуниятларини ўзида акс эттирадиган бу муҳташам маънавий қадриятлар силсиласини чуқур тадқиқ этиш ва оммалаштиришда алоҳида босқични бошлаб берди.
Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида институтда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” номли фундаментал илмий лойиҳа асосида халқ ижодиётининг энг сара намуналари жамланмасини яратишга киришилди. Лойиҳанинг мақсади ўзбек фольклорининг энг яхши намуналарини асар матни, илмий-тадқиқот, илмий изоҳлар, кўрсаткичлар, луғатлар, фото, аудио ва видеоматериаллар, рус ва инглиз тилларидаги аннотациялар билан биргаликда академик нашрга тайёрлаб, “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини чоп эттириш орқали ўзбек фольклорининг мукаммал куллиётини яратишдан иборатдир.
“Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” таркиби ва мундарижаси фольклор жанрлари бўйича шакллантирилган. Туркумни 1928 йили Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган “Алпомиш” қаҳрамонлик достони бошлаб беради. Биринчи жилдга, шунингдек, 1922 йили Ғози Олим Юнусов томонидан Фозил Йўлдош ўғли ва Ҳамроқул бахшидан ёзиб олинган парчалар ҳам киритилган. Бу ўлмас асар халқимиз орасида кенг тарқалиб, асрлар бўйи ардоқлаб келинган. Қанча-қанча авлодлар шу достон асосида тарбия топиб, ўзлигини англаган. Бахши-шоирларимиз ҳам мумтоз эпосни бадиий жиҳатдан бир-биридан асло қолишмайдиган талқинларда ижро этишган. Шу маънода яна беш китобнинг “Алпомиш”га ажратилгани бежиз эмас. Уларга достоннинг энг сара вариантлари жамланиши кўзда тутилган. “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”нинг тақдимоти ўтказилган иккинчи жилди 1927 йили Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан ҳамда Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган “Юсуф билан Аҳмад” достони матнидан иборат. Босмадан чиқиш арафасида турган учинчи жилдга эса 1926 йили Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан ҳамда Жолғош бахши Жоссоқ ўғлидан ёзиб олинган “Қиронхон” достони киритилган бўлиб, илк бора чоп этилаётгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Юз томликнинг 59 китоби достонлардан таркиб топиб, шундан 24 тасини “Гўрўғли” туркуми ташкил этади. Ўн жилди халқ қўшиқлари, ўн икки жилди эртаклардан иборат бўлади. Термалар, афсона ва ривоятлар, нақллар, латифалар, олқиш ва қарғишлар, болалар ўйинлари, топишмоқлар, мақоллар, аския ва лофлар, оғзаки драма (қўғирчоқ ўйин) алоҳида-алоҳида жилдга жамлангани фольклор меросимизнинг жанрий ранг-баранглигини намоён этади.
Минг йиллар мобайнида яратилган бу бебаҳо хазина ҳали неча-неча авлод ўқувчиларига хизмат қилиши ҳисобга олинса, юз жилдликнинг барча китоблари мумтоз намуналардан тузилиши, энг аъло сифатда, дунё фольклоршунослиги ва ноширлигининг юксак мезонлари асосида нашр этилиши Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти олимлари ва Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррир ва техник ходимларига катта масъулият юклайди.
Тақдимот маросимида таъкидланганидек, мамлакатимиз ўз тараққиётининг шундай палласига қадам қўйдики, юз жилдлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари”нинг айни пайтда нашр этилиши замон тақозосидир. Зеро, бу бебаҳо маънавий мерос халқимизнинг маданий тараққиёти, хусусан, ёш авлод тарбияси ва камолотида беқиёс аҳамият касб этиб, келгуси наслларнинг маърифий юксалишида тенгсиз манба бўлиб қолиши аниқ. Мазкур бадиият дурдоналарида заҳматкаш, бағрикенг, танти ва зукко халқимизнинг шонли тарихигина эмас, ўй-фикрлари, орзу-умидлари, дунёга ва ҳаётга қарашлари, эзгу қадриятлари ва бой анъаналари, урф-одатлари, эрк ва озодлик ҳамда фаровон ҳаёт учун курашлари, ҳиммати ва мардлиги, қўйингки, бутун борлиғи ўзининг юксак бадиий талқинини топган. Халқ оғзаки ижоди асарлари ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, адолатпарварлик, ўзи туғилиб ўсган тупроққа муҳаббат ва ўзини вояга етказган халққа садоқат, ҳақиқат ва ҳалоллик, меҳр ва мурувват, бағрикенглик ва кечиримлилик, сабру қаноат, хайру саховат руҳида тарбиялаши, қалбларга эзгулик уруғини экиши, инсоний камолот йўлига даъват этиши шубҳасиздир.
Фаррух ЖАББОРОВ