Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от
Мамлакатимизда Алишер Навоий таваллуд топган кунни байрам сифатида нишонлаш яхши анъанага айланган. Бу йил улуғ шоирнинг 575 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида 9 февраль куни улуғ бобокалонимиз таваллудининг 575 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси раҳбари З.Машрабов, Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили М.Галланд, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист О.Галахов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида алломаларимизнинг бебаҳо илмий, бадиий, маърифий меросини ўрганиш, ёшларни баркамол, ватанпарвар, фидойи инсонлар этиб тарбиялашда кенг фойдаланиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Алишер Навоий мероси – бетакрорлиги, тарбиявий аҳамияти, инсонийлиги, ибратли жиҳати билан бутун инсоният учун қадрли. Мустақиллик шарофати билан буюк мутафаккир ижодини чуқур ўрганиш, асарларида тараннум этилган эзгу ғояларнинг аҳамиятини тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти томонидан улуғ шоирнинг 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами» ҳамда 10 жилдлик жамланмалари кирилл ва лотин алифболарида нашр этилгани адабиёт мухлислари учун бебаҳо туҳфа бўлди. Шоир ҳаёти, ижодининг барча қирралари қамраб олинган илмий асарлар, рисола ва монографиялар нашр этилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Алишер Навоий улуғлаган инсон камолоти, юрт ободлиги, яратувчанлик ва бунёдкорлик, тинчлик ва осойишталикни, халқлар, турли миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни асрашга оид эзгу ғоялар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларида ўз ифодасини топмоқда. Бобокалонимиз асарлари жаҳон миқёсида ўрганилиб, турли тилларга таржима этилмоқда.
Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид буюк бобомизга бағишланган «...Навоий сўзидин бир ғазал» номли янги шеърини ўқиб берди.
Юртимизда таҳсил олаётган хорижлик талабалар, мумтоз ўзбек адабиёти бўйича изланаётган чет эллик тадқиқотчилар Алишер Навоий рубоийларидан намуналарни ўзбек тилида ўқиди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев ижросида улуғ бобомиз ғазали асосидаги қўшиқлар янгради. Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев қатнашди.
* * *
Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам улуғ мутафаккир таваллудига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид, навоийшунос олим, академик А.Қаюмов, Ўзбекистон халқ шоири М.Тойир ва бошқалар Навоий ижодининг умрбоқийлиги, жозибаси, илмий, тарбиявий аҳамияти ҳақида сўзлади.
Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди. Навоий ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар мушоирага янада кўтаринкилик бағишлади.
Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ўтказилмоқда.
Н.УСМОНОВА,
ЎзА мухбири
Аъло АБДУЛЛАЕВ (ЎзА) олган суратлар.