Ишлаб чиқаришдаги муаммолар
Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий бўлими фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий вилоятида сезиларли ишлар амалга ошириляпти.
Фан ишлаб чиқаришнинг суръати ва самарадорлигини таъминловчи муҳим омил сифатида амалиётдан бир неча қадам олдинда юрмоғи лозим. Баъзан муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган энг мукаммал лойиҳалар ҳам амалиётда кутилган натижани беравермайди. Таклиф ва тавсиялар, аввало, лаборатория ва тажриба майдонларида синовдан ўтказилмоғи, камчиликлар бартараф этилиб, сўнг ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоғи керак. Шу маънода, ЎзФАнинг Навоий бўлими фан, таълим ва ишлаб чиқариш, яъни назария ва амалиёт уйғунлигини таъминловчи муҳим ҳалқа вазифасини ўтаяпти.
— Аввало, “Фанлар академиясининг бўлими нега айнан Навоийда ташкил этилди?” деган савол хусусида тўхталсак, — дейди бўлим раиси, геология-минералогия фанлари доктори Абдураззоқ Мирзаев. — Кўҳна Қизилқум замини қатларида Менделеев даврий жадвалидаги қарийб барча элементлар, минерал туз ва табиий бойликлар мавжуд. Ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича мамлакатимизда иккинчи ўринда турувчи вилоятда замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этаётган ўнлаб кўп тармоқли корхоналар фаолият юритмоқда. Ҳозиргача Навоий ҳудудида турли фойдали қазилмаларнинг 2,7 мингдан ортиқ ўчоқлари аниқланган. Улар юздан зиёд минерал хомашёларни ўз ичига олиб, олтмишдан ортиқ тури ишлаб чиқаришга йўналтирилган. 2017—2026 йилларда ҳудудда давлат аҳамиятига молик 27 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, 396 миллион доллар қийматидаги 5-гидрометаллургия заводининг қурилиши йилига 5 минг тонна рудани қайта ишлаш имконини бериб, 5 минг 300 нафар юртдошимизни иш билан таъминлайди. Биргина сўнгги беш йил ичида келажакда ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун Навоий кон-металлургия комбинати мутахассислари яратган ўттиздан ортиқ ихтиро ва технологиялар патентлаштирилгани соҳада салоҳиятли кадрлар меҳнат қилаётгани ҳамда катта техник база мавжудлигини кўрсатади. Ўтган йили олтин қазиб олиш борасида ишлаб чиққан янги самарали технологиялари учун комбинат ва Навоий кончилик институтининг бир гуруҳ ходимлари Бутунжаҳон Мулк агентлигининг олтин медали билан тақдирланди. Ушбу ташкилотга 190 дан ортиқ мамлакат аъзо бўлиб, мукофот бир неча йилда бир марта берилади.
Бу тажрибаларни янада такомиллаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини жадаллаштириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро ҳамда мамлакатимиз илм-фани ютуқларини ўрганиб таҳлил қилиш, улардан ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда оқилона фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларга хорижлик ҳамкор мутахассисларни жалб этиш сингари вазифаларни бажариш учун Фанлар академиясининг бўлимига зарурат мавжуд эди.
Шу талаблардан келиб чиқиб, бўлим фаолиятининг асосий йўналишлари сирасига Навоий вилояти саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини тизимли таҳлил этиш, муаммоли масалалар ва уларнинг самарали ечимларини аниқлаш, иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан ривожлантириш, соҳаларга энергия ва ресурстежамкор технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини пасайтиришга ёрдам берувчи илмий тадқиқотларни ўтказиш, ҳудуднинг технологик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётига йўналтирилган изланишларни мувофиқлаштириш ҳамда мониторингини юритиш каби вазифалар киритилди.
Ташкилот таркибида геология, қимматли, рангли металлар, уран ва руда бўлмаган техноген фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимё технологиялари, нанотехнологиялар ва қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, ускуналаштириш ва автоматлаштириш, тикланувчи энергия, энергия тежамкор манбалар ва экология бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, илмий тадқиқот ишларини ўрганиб, муҳокама қилувчи тармоқлараро илмий техника кенгаши ҳамда унинг қошида корхона ва ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида янги илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашувчи бешта секция фаолият юритяпти. Секциялар раҳбарлари таркиби илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, ҳамкор ташкилотларнинг етакчи мутахассисларидан тузилгани инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали иқтисодиётнинг реал секторлари самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Ўтган давр мобайнида икки марта кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, ҳудуддаги корхоналар тақдим этган масалалар муҳокама қилинди. Ишлаб чиқаришдаги муаммоларни ҳал этишнинг илмий асосларини яратиш грант лойиҳалари ва хўжалик шартномалари устида изланишни талаб этади. Бўлим қошида фаолият юритаётган илмий тадқиқот институтлари етакчи олимлари, корхона ҳамда ташкилотларнинг салоҳиятли мутахассисларидан иборат мониторинг ва экспертиза гуруҳи бу каби битимлар ижросини назорат-таҳлил қилиб, илмий-амалий жиҳатдан ёрдам беради.
Йиғилишларда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Мурунтов ҳудуди очиқ ер ости йўли усулида қайта ўзлаштирилиши жараёнида портлатиш ишлари талофатсиз олиб борилиши учун шахта ва карьерлар ўртасидаги масофани аниқ ҳисоблаб чиқиш зарурати мавжудлиги ва уни илмий жиҳатдан ўрганиб чиқиш талаби ўртага ташланди. “Қизилқумцемент” акциядорлик компанияси цемент тегирмонлари учун қурилмаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш технологиясини яратиш, “Навоийазот” акциядорлик компанияси эса маҳаллий хомашёлар асосида ювиш воситаларини олиш, аммиак ишлаб чиқаришдан қолган чиқиндиларни қайта ишлаш борасида илмий тадқиқотлар олиб бориш таклифини билдирди.
— Кончилик бўйича Навоий кон-металлургия комбинатида катта тажриба мактаби яратилган. Корхонанинг етук мутахассислари муаммонинг долзарблиги, уни ҳал этишдан кутилаётган натижаларни атрофлича тавсифлаб, таклифлар тақдим этаётгани илмий тадқиқотлар йўналишини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дея суҳбатни давом эттиради Абдураззоқ Мирзаев. — Масалан, Амантой ҳудудида таркибида олтин бўлган рудаларни ковлаб олиш ва қайта ишлаш учун 400 метр чуқурликда карьер қазиш режалаштирилган. Бунда, аввало, шимолий ва марказий Амантой тоғининг физик-механик хусусиятлари, зилзилага мойиллиги ва бардошлилик даражаси каби жиҳатларни аниқ ҳисоб-китоблар асосида ўрганиб чиқиш талаб этилади.
Шунингдек, сурат ва чизмалар билан баён этилган оғир юк ташувчи машиналар учун махсус ҳаво-газли аралашма ишлаб чиқишга қаратилган таклифда юк ортилган катта автоуловлар юқоридан пастга тушиб чиққанда ғилдираклар ичидаги ҳарорат кескин кўтарилиб, шиналар қизиши ва натижада қатламларга ажралиб, муддатидан олдин яроқсиз бўлиши исботланган.
Бундай кезларда ёнғин чиқиши, ҳатто портлаш кузатилган. Мазкур автоуловлар шинасидаги ички ҳаво ҳароратини меъёрида тутиб туриш учун шу кунгача газ ҳолатидаги азотдан фойдаланилган. Тажрибалар бу кимёвий бирикмани қўллаш кутилган самара бермаслигини кўрсатяпти. Бу эса тадқиқотларда мазкур масалага эътибор қаратиш заруратини туғдиряпти.
Навоий ва унга қўшни вилоятларда тупроқ эрозияси, шўрланиш даражаси юқори. Бу ҳолат биохилмахилликнинг камайиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг кескин пасайишига сабаб бўлаётир. Шу каби муаммоларга барҳам бериш, экин майдонлари тупроғи таркибида кальций, хлор каби элементларни меъёрлаштириш мақсадида бўлим мутахассислари Фанлар академиясининг Микробиология институти олимлари билан ҳамкорлик олиб боряпти. Ўсимликлар кимёси олимлари иштирокида товуқлардан олинадиган тухум сони ва қувватини оширишга хизмат қилувчи озуқавий препарат яратиш лойиҳаси паррандачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат танқислигининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
— Лойиҳалар Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлиги, тегишли илмий-технологик ишланмаларни жорий этишдан олинадиган соф фойданинг муайян улуши, маҳаллий ва халқаро грантлар ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозиргача танловлар учун элликка яқин лойиҳалар тайёрланиб, ўттиздан ортиқ хорижий мамлакатлар вакиллари билан битим тузилди, — дейди Абдураззоқ Мирзаев. — Жамоа сафи салоҳиятли олимлар, ёш изланувчи-тадқиқотчилар билан тўлдириляпти. Бўлим қошида докторантура очиш режаси асосида 4 та ўрин белгиланди. Айни пайтда Навоий кон-металлургия комбинати бўлим қошидаги илмий-амалий лабораторияга умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг бўлган жиҳозлар жамланмасини келтириб ўрнатаётгани келгусида геология, кимё технологияси, кончилик каби соҳаларда кенг кўламли илмий-амалий изланишлар олиб бориш учун катта имкониятлар эшигини очади.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири