Дўстлик ва яхши қўшнилик – ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ва қўшни бўлиб келган. Тарихи, маданий ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатлари муштарак икки халқ бугун ҳам ўзаро ҳамкорлигу ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётир. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий ҳурмат-эҳтиром ва ишонч, мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга муносабатлар ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик жамияти раиси, халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири билан суҳбати шу ҳақда бўлди.
– Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик, яқин савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик алоқалари халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда. Бугун суръат билан ривожланаётган ўзаро муносабатлар учун қулай шароит яратган тарихий омиллар ҳақида нима дея оласиз?
– Ўзбек ва туркман халқларининг тили бир ва урф-одатлари бир-бирига яқин, маданияти уйғун, адабиёти ва санъати умумий. Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди.
Асрлар давомида ўзаро аҳил, тинч-тотувликда яшаб келган ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янада ривожланди. Бугун Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил равнақ топмоқда.
Албатта, мамлакатлар ўртасида иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари ривожида давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги, бир-бирига ҳурмати ва ишончи муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Туркманистонга ташрифлари муносабатларни янада ривожлантириш йўлида янги саҳифа очди.
Ўтган йили май ойида Туркманистон Президенти таклифи билан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар ўқувчи Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасидаги “Даянч” болалар соғломлаштириш марказида бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19-20 май кунлари Туркманистонга амалий ташрифи давомида "Аваза" сайёҳлик зонасининг "Камалак" болалар кўнгилочар боғида дам олаётан ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди. Бундай тадбирлар ҳам икки қардош халқ ўртасида маданий ва дўстлик алоқалари ривожига хизмат қилади.
– Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик жамияти фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Қайд этиш керак, юртимизда истиқомат қилувчи туркман миллатига мансуб аҳолининг ўз маданияти, урф-одат ва анъаналарини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бунда халқ дипломатияси муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик жамияти томонидан икки халқ ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Туркман халқи маданияти ва анъаналарини асраш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизнинг туркман миллатига мансуб фуқаролари яшовчи ҳудудларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда турли лойиҳалар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиняпти. Жумладан, юртимиздаги туркман ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз истеъдоди ва иқтидорини намоён қилишда ёрдам беришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларда адабий кечалар, учрашувлар ва маданият кунларини ўтказиш анъана тусини олган.
Ўзбек ва туркман халқларининг миллий байрамлари муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар доимий равишда ўтказиб келинмоқдаки, бу кўп миллатли диёримизда ёшларни ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, ягона Ватан йўлида умумий мақсадлар сари бирлаштириш имконини бермоқда.
Қайд этиш керак, икки қардош халқнинг нафақат урф-одатию яшаш шароити, балки, адабиётга эътибори, маънавият сарчашмалари ҳам бир ирмоқдан сув ичган. Хусусан, 2017 йилнинг май ойида Тошкентда туркман шоири Махтумқули номидаги кўча ва шоир бюстининг очилиши, июнь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ушбу атоқли туркман шоири ижодига бағишлаб ташкил этилган давра суҳбати фикримизнинг ёрқин мисолидир.
– Тил ўзаро мулоқот воситасигина бўлиб қолмай, ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги кўприк ҳамдир. Мамлакатимизда туркман тили билан боғлиқ вазият қандай?
– Юртимизда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ўз она тилида таълим олиши учун барча шароит яратилган. Жумладан, 44 мактабда таълим туркман тилида олиб борилмоқда. Улар давлат таълим стандартлари асосида туркман тилида чоп этилган дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. Жорий йилда кенг жамоатчилик, ота-оналар хоҳиш-истакларига кўра, Президентимиз тавсияси билан 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим жорий этилди. Шу тариқа ўқувчилар ўз она тилида ўрта таълимни якунлаш имконига эга бўлди. Биргина туркман тилидаги мактаблар мисолида оладиган бўлсак, ўқув йили бошида 20 номдаги 18 минг нусхада дарслик чоп этилиб, мактабларга етказилди. Дарсликларни сифат жиҳатдан янгилаш ва бойитиб бориш мақсадида туркманистонлик ҳамкасблар, тилшунос олим ва адабиётшунослар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида ўтказиладиган турли ижодий танловлар туркман тилида ҳам ташкил этиляпти. Машғулотларни туркман тилида олиб борадиган маҳоратли педагогларнинг илғор тажрибаси оммалаштирилмоқда. Ҳозирги кунга қадар ана шундай устоз-мураббийларнинг икки нафари "Дўстлик" ордени, бир нафари "Шуҳрат" медали билан тақдирланган. 2009 йилдан Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетида туркман филологияси йўналиши бўйича ўқитувчилар тайёрланмоқда.
Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, қардош халқнинг кўплаб ўғил-қизлари юртимиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таълим олаётганини таъкидлаш жоиз. Бу қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга билим ва касб эгаллагани келаётган ёшлар сафи кенгайиб бораётир.
Юртимизда сўнгги пайтларда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон ушбу соҳа улкан салоҳиятга эга. Шу боис Туркманистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, икки халқ санъат усталари учун ўзаро мулоқот майдонини кенгайтириш дўстлик жамиятининг устувор вазифаси бўлиб қолади.
Улуғбек ШОНАЗАРОВ,
ЎзА мухбири