Манасдаги кўркам боғча ва мактаблар
45 кунда янги қиёфа
Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Бу эзгу анъана ҳозир ҳам жадал суръатларда давом этаётгани қувонарлидир.
Президентимиз ҳудудларга ташриф буюрганда у ердаги ҳақиқий аҳвол билан танишиши, маҳалла ва хонадонларга кириб бориб, халқ билан дилдан мулоқот қилиши натижасида аҳолининг турмуш шароитларини тубдан яхшилаш, уларга замонавий қулайликлар яратиш борасида тизимли муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда. Жумладан, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланган бўлишига қарамай, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга эътибор қаратилмаган.
Олис қишлоқ ва маҳаллалар қиёфасини тубдан янгилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Дастурга мувофиқ, туманларнинг, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларида 2018 йилда 2 тадан, келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда яшаш шароитини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасини юксалтириш, қишлоқ инфратузилмасини замонавий мезонлар асосида қайта қуриш, аҳоли, айниқса, ёшлар учун муқим иш ўринларини яратиш кўзда тутилгани юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштирилган илк манзил — Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини 45 кунда таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ўзгаришлар манасликлар ҳаётида том маънода янги саҳифа очди.
Дастур асосида қишлоқда 34 та кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ янгидан ёпилди. Режасиз қурилган кўримсиз бино ва объектлар олиб ташланди, янгидан ёрдамчи иншоотлар қурилди. Атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 65 километр узунликда сув қувури ётқизилди. 41 километр узунликда коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Эски қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликлиника бунёд этилди. 2 та умумтаълим мактаби ва МТМ капитал таъмирланиб, қайта жиҳозланди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида бажарилган ишлар билан танишиш мақсадида “Манас” қишлоғида бўлдик. Масканга киришингиз билан саришталик, ободликни ҳис этасиз. Текис ва равон йўллар, йўл четидаги мевали ва манзарали дарахтлар, обод хонадонлар кўнглингизни хушнуд қилади.
Дастлабки манзилимиз ҳудуддаги 5-умумтаълим мактаби бўлди. 575 ўринли таълим муассасаси буткул замонавий қиёфа касб этиб, қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турибди.
“Ўқувчи бўлиб қолсам эди...”
— Капитал таъмирдан сўнг имкониятларимиз янада кенгайди. Спортзал, ошхона, физика ва кимё лаборатория хоналари таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди, — дейди мактаб директори Холбўта Мингжигитов. — 10 та синфхонамиз янги стол-стул билан таъминланди. Стол тенниси билан шуғулланиш имконияти яратилди. Спорт залимизга 40 та кураш гилами, футбол, баскетбол тўплари берилди. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик хонаси, мактаб фойесида “Жасорат” бурчаги ташкил қилинди. Бурчакда қишлоғимизнинг Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган 28 нафар мард ўғлони ҳақида маълумотлар жойлаштирилди. Бу маълумотлар билан танишган ўқувчилар қалбида ватанпарварлик ҳисси кучаяди. Мактабимиз ва қўшни — 12-мактабнинг 10-синф ўқувчилари касб-ҳунар эгаллаши учун ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси иш бошлагани барчамизни хурсанд қилди. Мажмуа учун алоҳида бино ажратилиб, хоналар махсус таъмирланди. 10 та тикув машинаси, темир ва тахтага ишлов бериш ускуналари, 15 та компьютер ўрнатилди. Ҳозир ўғил болалар чилангарлик, дурадгорлик, қизлар тикувчилик сир-асрорини ўрганмоқда. Компьютер гуруҳи ҳам қизиқувчилар билан гавжум.
Бунёдкорликлар мактаб жамоасининг ҳам кайфиятини кўтариб юборганига гувоҳ бўлдик. Фан ўқитувчилари янада куч-ғайрат билан меҳнат қилишга, дарсларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа қулайликлар асосида ўтишга интилмоқда.
Фанлардан пухта билим олиб, касб ўрганаётган 10-синф ўқувчиларини суҳбатга чорладик.
— Мактабимизда аввал шароитлар яхши эмасди, — деди 10-“А” синф ўқувчиси Мадина Сафарова. — Шифокорликни орзу қилиб, кимёга жуда қизиқсам-да, фан машғулотларидан кўнглим тўлмасди. Чунки шароитлар йўқлигидан муаллимларимиз фақат назарий билим бериш билан чекланарди. Энди лаборатория хонасида билимимизни амалий мустаҳкамлаш имконияти пайдо бўлди. Яна бир қувончли воқеа — қўшни 12-мактаб ўқувчилари билан бирга ҳафтада бир кун ўзимиз қизиққан касб-ҳунарларни ўрганяпмиз. Мен тикувчилик гуруҳида ўқитувчимиз Бибисора Абдуллаевадан тикиш-бичишни ўзлаштиряпман. Биздаги шароитларни кўрган бошқа мактаб ўқувчилари ҳавас билан боқяпти. Шундай ғам¬хўрлик учун давлатимизга, Президентимизга раҳмат айтамиз. Эндиги вазифамиз — шу эътиборга муносиб билим олиб, етук мутахассислар бўлиб етишишдир.
Мактаб директорининг ўринбосари Адолат Бўрибоеванинг айтишича, фарзандларининг пухта билим олиши учун замонавий шароитлар яратиб берилаётганидан қувонган ота-оналар муассасани ободонлаштиришга ҳисса қўшмоқда.
— Ўғлим шу мактабнинг 4-“В” синфида ўқийди, — дейди Зулхумор Эгамбердиева. — Тўғриси, бу ша¬роитларни кўриб, ўзим ҳам ўқувчига айланиб қолгим келди. Замонавий таъмирланган синфхоналарда сифатли таълим-тарбия бериш учун барча имконият бор. Авваллари буни орзу қилардик, холос. Шароит йўқлиги учун бошланғич синф ўқувчилари иккинчи сменада ўқирди. Бу қатор ноқулайликларни туғдирарди. Мана, таъмирдан сўнг қўшимча бино қурилиб, муаммо бартараф этилди. Яна бир жиҳат — барча ўқувчилар давлатимиз томонидан бепул кийим-кечак билан таъминланди.
“Қулайликлар осмондан тушмайди”
“Обод қишлоқ” дастури бўйича таъмирланган 12-мактабда ҳам ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш учун барча шароит муҳайё этилган. 432 нафар ўқувчи билим олаётган даргоҳда ошхона, спорт зали, физика, кимё хоналари таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. Ёзги сунъий қопламали футбол майдони барпо этилди. Иситиш тизими тўлиқ янгиланди. Мактаб директори Пардабой Тўраевнинг айтишича, таъмирдан сўнг ўқитувчиларнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам машғулотларга муносабати кескин ўзгарди.
— Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларнинг саъй-ҳаракати билан таълим муассасамиз замонавий қиёфа касб этди, — дейди Пардабой Тўраев. — Мактабимизнинг 8 та синфхонаси тўлиқ таъмирланди. Янги стол-стуллар келтирилди. Иссиқлик тизими янгиланди. Икки комплект синф ноутбук, видео-проектор берилди. Кимё ва физика хоналарига лаборатория жиҳозлари келтирилди. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ва чет тили хоналари замонавий жиҳозланди. Энди ўқувчиларга мактабни, ундаги жиҳозларни асраб-авайлаб, унумли фойдаланишни тушунтириш, яхши таълим олишга ундаш зиммамиздаги энг асосий вазифалардан.
“У кунлар ортда қолди!”
Кейинги манзилимиз қишлоқдаги 16-МТМ бўлди. Бу ерда ҳали қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этаётган бўлса-да, шу вақтгача бажарилган ишларнинг ўзи киши ҳайратини оширади. МТМ мудираси Жанғулой Эшбекованинг айтишича, боғчанинг эски биноси 1966 йили қурилган. Шундан бери таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Боғча 140 ўринга мўлжалланган бўлса-да, шарт-ша¬роитлар ҳаминқадарлигидан қамров 100 нафарга етиб-етмасди. У ҳам бўлса, 2 та қисқа муддатли, 3 та асосий гуруҳдан иборат эди.
— Аввал шароитимиз жуда ачинарли аҳволда эди, — дейди мудира Жан¬ғулой Эшбекова. — Ошхонамиз йўқлиги учун ташқарида овқат пиширилар эди. Кароватлар ҳам эски, қаттиқ эди. Қўлбола стол-стуллардан фойдаланардик. Иситиш тизими бўлмагани учун қишда хоналарни иситиш жуда мушкул эди. Кўпинча қўлбола печлардан фойдаланардик... У кунлар энди ортда қолди! Барча гуруҳ хоналари замонавий таъмирланиб, жиҳозланмоқда. Ошхона, спорт зали, фаоллар зали барпо қилинди. Ҳовлида ўйин майдончалари ташкил этилди. Айни кунда қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Тез орада боғчамиз тўлиқ қувват билан ишлайди. Буни эшитган аксар ота-оналар фарзандини шу даргоҳга бериш орзусида юрибди...
Ҳудуддаги “Обод қишлоқ” дастури бўйича янги қиёфа касб этган 17-МТМ биноси 1978 йили қурилган. 1991 йилда боғча сифатида мослаштирилиб, фойдаланишга топширилган. Бу маскандаги шароитлар ҳам стандарт талабларига жавоб бермасди.
— Ошхонамиз йўқ, овқат ҳовлида пиширилар эди, — дейди МТМ мудираси Луиза Маматова. — Сувни ҳам шу ерда қайнатиб, чой тайёрлардик. 4 та асосий ва 2 та қисқа муддатли гуруҳда жами 130 нафар бола тарбияланарди. Шароит ночорлигидан қишнинг совуқ кунларида 6 та гуруҳ учун ҳам ўйинхона, ҳам ётоқхона, ҳам ошхона сифатида битта хонадан фойдаланган пайтларимиз кўп бўлган. Шу битта хонани ҳам базўр иситардик. Асосий вазифамиз болаларга таълим-тарбия бериш бўлса-да, ишимиз эртадан кечгача ўтин ёриш, кўмир топиш бўларди. Бугун шунчаки ўтмишга айланаётган у дамларни эсласам, ходимларимизга қанчалар қийин бўлганини ҳис этаман. Байрамлар, тадбирлар ўтказиш учун фаоллар зали йўқ эди. Спорт залини-ку орзу ҳам қилиш қийин эди. Бугунги ўзгаришлар жуда қисқа муддатда амалга оширилдики, буни ўйлаб кишининг ақли шошади. Таъмирлаш ишларидан кейин ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ўйин майдончаси ташкил этилди. Майдонча ёнида қумли ўйингоҳлар қурилди. Мини футбол, баскетбол майдончаси бунёд этилди. Ҳовлига кираверишдаги фаввора масканимизга ўзгача чирой бахш этмоқда. Алоҳида спорт зали ва фаоллар зали фойдаланишга топширилгани биз учун ажойиб совға бўлди. Ҳам ёзги, ҳам қишки ошхонада болажонларга сифатли таомлар тайёрлаб берамиз. Қувонарлиси, ошхона замонавий электр плита, электр самовар-чойнаклар, печлар билан таъминланди. Электр печда кунига 200 та сомса, яна шунча булочка пишириш мумкин. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут, тухум маҳсулотларини алоҳида-алоҳида сақлаш учун 3 та музлаткич ўрнатилди.
Қўшимча хона қурилиб, МТМнинг қамров қуввати 200 нафарга етди. Таъмирлаш ишларидан сўнг ҳеч кузатилмаган ҳолат юз берди. Аввал тарбиячилар уйма-уй юриб, ота-оналарни фарзандини боғчага беришга ундаб, тарғиб қилган бўлса, энди аҳолининг ўзи МТМга фарзандларини беришни хоҳлаб келяпти. Талабнинг ошиши натижасида навбат пайдо бўлди.
Гуруҳларда барча замонавий шароитлар яратилган. Машғулотларни инновацион тарзда ўтиш учун ҳамма гуруҳлар телевизор, DVD, ТВ-тюнер қурилмалари билан жиҳозланди. Ётоқхоналар қулай йиғма кароватлар билан таъминланди. Бу кароватлар болалар дам олиши учун жуда қулай. Бошқа пайт уларни йиғиштириб, хонада машғулот ўтиш мумкин. Авваллари боғчада оддий гигиена қоидаси — қўлни ювиш тартибига риоя қилиш ҳам мушкул эди. Чунки сув узоқдан ташиб келиниб, сўнг қайнатиларди. Энди ҳовлида сув сақлаш учун 40 тонналик махсус идиш ўрнатилди. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ювиниш хонаси қурилди. Сувни иситиб берадиган қурилмалар ўрнатилди.
— Ҳамшира хонаси ҳам таъмирланиб, барча жиҳозлар билан таъминланди, — дейди МТМ ҳамшираси Шоира Сиддиқова. — Бу болажонлар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш, соғлиғини мустаҳкамлаш имконини беради.
Обод қишлоқдан қайтар эканмиз, манасликларнинг ҳаётга қараши ўзгарганига, келажакка ишонч билан боқаётганига ишонч ҳосил қилдик. Ёшу қарининг юз-кўзида мамнунлик ва шукроналик ҳисси. Энг муҳими, одамларнинг дунёқараши ўзгарган, улар бугунидан рози бўлиб яшамоқда.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ