Секторлар фаолияти қизғин
2018 йилда Косон тумани 23 та давлат-хусусий шерикчилик ҳамда хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу хусусда Косон туман мактабгача таълим бўлими мудири Баҳодир Мўминов қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этишда секторлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Сектор раҳбарлари ва ишчи гуруҳи томонидан ҳар бир ҳудудда жойлашган МТМларнинг моддий-техник ҳолати ўрганилиб, кадрлар муаммосига ечим топилмоқда. Давлат-хусусий шерикчилик ҳамда хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича дастурий режа тузилган. Жумладан, туман ҳокими раҳбарлигидаги 1-секторга кирувчи “Нартибаланд”, “Ўрта Оброн”, “Қуйи Оброн”, “Ҳалима”, “Гулбоғ”, “Косон”, “Пудина” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 10 та, туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда 5 та, 3-4-секторлар ҳудудида 2 та ана шундай муассаса ташкил этиш белгиланган.
Шу йил 1 февралдан “Нартибаланд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Мавжуда Жумаева томонидан 70 ўринга мўлжалланган “Кўзмунчоқ” хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу муассасанинг фаолиятини янада яхшилаш учун давлатимиз томонидан 800 миллион сўм кредит ажратиш белгиланди.
“Ўрта Оброн” маҳалласида тадбиркор Маҳбуба Суюнова раҳбарлигида 30 ўринга мўлжалланган “Соғломжон — полвонжон” номли янги хусусий мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Бу мактабгача таълим муассасасига ҳам 300 миллион сўм кредит ажратиш кўзда тутилди. Келажакда бу ишлар босқичма-босқич давом эттирилади. Жумладан, “Ҳалима” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Шарофат Адирова томонидан 50 ўринга мўлжалланган “Ақлтой”, “Косон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Дилшод Азимов томонидан 50 ўринли “Шаҳризода гул ғунчаси”, “Гулбоғ” маҳалласида тадбиркор Ренат Юсупов томонидан 100 ўринли “Билимдон сити” хусусий мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бугунги кунда ушбу МТМлар тайёр ҳолатга келтирилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Жорий йилда “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам 50 ўринли мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади.
Туманда 38 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларнинг 29 таси лойиҳа асосида қурилган. Қолганлари мослаштирилган биноларда фаолият олиб бормоқда. Мавжуд муассасаларнинг қуввати 4160 ўринга мўлжалланган. Айни дамда 4199 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда. Ваҳоланки, бугун туманда 3—6 ёшли болалар сони 18068 нафар. Болалар қамрови камлигининг асосий сабаби тумандаги 38 та маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлигидир.
2015—2017 йиллар мобайнида 2-, 4-, 5-, 28-, 32-мактабгача таълим муассасалари Инвестиция дас¬турига асосан мукаммал таъмирланди. Қолган МТМлар келгуси 5 йилда режа асосида қайта қурилиши ва капитал таъмирланиши кўзда тутилган. Олдимизда турган яна бир долзарб ва кечиктириб бўлмас масала бу — МТМларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлашдир. Тумандаги мавжуд мактабгача таълим муассасаларида бугунги кунда 311 педагог фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 40 нафаригина олий маълумотли. Шу боис ўрта махсус маълумотли тарбиячиларнинг олий ўқув юртларида ўқиши бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
“Ma’rifat” мухбири Ўктам МЕЙЛИЕВ ёзиб олди.