Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим соҳалардан бири бўлган таълим тизимидаги туб янгиланишлар, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари миллий таълим тизимига жорий этилаётганлиги заруратидан келиб чиқиб, ушбу йўналишдаги асосий ҳужжат – “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган “Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Адлия, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Давра суҳбатида қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 20 дан ортиқ ривожланган хорижий давлатнинг таълим тўғрисидаги қонунчилиги ўрганилгани қайд этилди. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига 36 та янги модда, амалдаги қонуннинг 33 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасида катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият каби янги нормалар назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ва фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштирилди.
Давра суҳбатида қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар, депутатлар ва партия фаолларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди.
Г.САТТОРОВА,
ЎзА мухбири