Давлатимиз раҳбари номидан қўл соатлари топширилди
Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини табриклашга бағишланган тантанали тадбирлар давом этмоқда.
Мудофаа вазирлиги вакиллари томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган уруш қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан қўл соатлари ва табрик хатлари топширилмоқда.
Биз пойтахтимизда бўлиб ўтган ана шундай тадбирлардан бирида бўлдик.
Нафақадаги подполковник Павел Материков "Қизил Юлдуз" ва "Улуғ Ватан уруши" орденлари, Ўзбекистон Республикасининг “Жасорат” медали ва кўплаб медаллар безаб турган байрам мундирини катта мамнуният билан кийиб, собиқ 22-ҳарбий шаҳарча ҳудудида ўтказиладиган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги учрашувда иштирок этди.
– Биз, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман, – дейди Павел Александрович. – Энди ҳар сафар янги қўл соатимга қараганда, бу эътиборни қалбдан ҳис қилиб тураман.
Шу куни Яккасарой тумани Мудофаа ишлари бўлими вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшли Рашид Хабибулиннинг уйига ҳам ташриф буюрди. Рашид Усмонович Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти(ҳозирги Қуролли Кучлар академияси)ни тугатиб, фронтга жўнаб кетади. Сталинграддаги даҳшатли жанглар йигитча ҳаётидаги илк уруш сабоғи, тақдир синови бўлди. Оғир контузиядан сўнг, у Олтой ўлкасидаги ҳарбий қисмларнинг бирида армия хизматини ўтайди.
Тошкентга қайтгач, урушдан кейин пойтахтни тиклаш ишларида фаол иштирок этади, “Главташкентстрой” бошқармасига қарашли трестларнинг бирида муҳандис бўлиб ишлайди. Уч нафар қизни тарбиялаб, вояга етказди. Рашид Хабибулин бугунги кунда кўплаб невараларнинг севимли бобоси.
Мудофаа вазирлиги вакили, подполковник Максим Силантьев уруш фахрийсига Президентимиз номидан қимматли совғани топширди, туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Ғозиев эса давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
– Илоҳим, бизнинг авлодларимиз уруш даҳшатларини кўрмасин, – дейди Рашид Усмонович. – Юртбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистон кун сайин чирой очиб бормоқда.
Шу куни уруш фахрийси Николай Петрунинга ҳам Президентимиз совғаси топширилди. Яшнобод туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси меҳмонларнинг саволларига жавоб берар экан, яна бир зумга ҳарбийликда ўтган ёшлигига қайтгандек бўлди. Унинг кўзлари ҳудди ёш йигитларникидек чақнаб, овози дадиллашди, ўтмиш хотиралари, бошидан кечирган қийинчилик ва машаққатларини оз вақтга бўлса-да унутаёзди, кўнгли ёзилди.
– Даҳшатли уруш таассуротлари, мусаффо осмонимиз учун жонини фидо қилган миллионлаб инсонларнинг хотираси қалбимизда яшар экан, биз тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашга сидқидилдан ҳаракат қиламиз, – дейди Николай Георгиевич. – Ўсиб келаётган навқирон авлоднинг ғамхўрлиги бизга куч-ғайрат бағишлайди. Биз, фахрийларга шундай қимматли совға ва табрик хатини йўллаган Президентимизга чин дилдан миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.
Полковник Иқболжон Абдураҳмонов бугунги кунда Ватан ҳимоячилари мамлакатимиз суверенитетини сақлаш йўлида мардлик ва жасорат анъаналарини юксак фахр ва ифтихор билан давом эттиришга интилаётганини таъкидлади.
Юртбошимизнинг қарорида қуйидаги сўзлар келтирилган: “Халқимизнинг қадр-қиммати, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир”.
Президентимиз номидан тақдим этилган қўл соатлари уруш фахрийларига бўлган чексиз ҳурмат рамзи бўлди, улар кўрсатган қаҳрамонлик халқимиз ёдида ҳамиша муқаддас қадрият сифатида муҳрланиб қолади.
Аблай КАМОЛОВ,
ЎзА мухбири