«Diktant.uz» — ёзма саводхонлик акцияси
Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ҳамда миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдур».
Яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан «DIKTANT.UZ» ёзма саводхонлик бўйича акция ўтказилди. Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида такшил этилган акцияда ёшидан қатъий назар, ўзбек тилида ёза оладиган турли соҳа вакиллари, ўқувчилар, талабалар ҳамда барча хоҳловчилар иштирок этди. Акция бир вақтнинг ўзида (онлайн тарзда) пойтахтимиздаги 7 та олий таълим муассасаси ва Самарқанд, Термиз, Қарши ҳамда Андижон давлат университетларида ўтказилди.
— Халқимизнинг саводхонлик даражасини оширишга қаратилаётган эътибор таҳсинга лойиқ. Эртамиз эгаларининг билимли бўлиши бевосита миллат тақдири билан боғлиқ муҳим масаладир. Ўтказилаётган акцияни ҳам шу йўлдаги янги бир қадам, дейиш мумкин. Интернетда www.diktant.uz сайтининг ишга туширилиши, истаган юртдошимизнинг рўйхатдан ўтиб, диктант ёзиши ва унинг натижасини билиш имконига эгалиги ҳар жиҳатдан қулайдир. Тил таълимига ҳам инновацион ёндашиб, аҳоли саводхонлигини ошириш йўлида сезиларли ишлар қилинаётир, — дейди Алишер Навоий номидаги ТДЎТАУ проректори Абдулҳай Собиров.
Акция иштирокчиларига махсус тайёрланган қоғозлар тарқатилди. Диктант учун танланган матн аудиоёзуви уч марта эшиттирилди. Биринчисида қатнашчилар тинглаб, матн билан танишган бўлса, иккинчисида диктант ёзишди. Сўнгги бора эшиттирилган аудиоматн орқали ёзилган диктантлар охирги марта текширилди. Шундан сўнг тарқатилган қоғозлар йиғиб олиниб, комиссия аъзоларига кўриб, баҳолаш учун топширилди.
— Бу тадбирнинг қамровини кенгайтириш, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди каби ҳамкорлар билан ўзаро кенгашиб, акцияга уй бекаларини ҳам жалб қилиш зарур, дейди иштирокчилардан бири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 209-мактаб ўқитувчиси Умида Ражабова. — Ёш авлоднинг саводхон бўлиши бевосита оналарга ҳам боғлиқ. Иштирокчилар учун ажратилган аудиторияларни, қулай шарт-шароитни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Тил тақдирига, аҳолининг саводхонлигини оширишга бўлган эътибор, албатта, кун келиб ўз мевасини беради. Шуни унутмаслик керакки, саводхонликнинг асоси бу — мутолаадир. Кўп китоб ўқиган одам бехато ёзади. Бугунги акция ана шу мутолаа заҳматининг натижасини кўрсатадиган ўзига хос майдондир.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ