Ботинни ёритгувчи нур
24-25 май кунлари пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида республика китоб байрами бўлиб ўтди
Ҳикмат
Эрталаб ишга отланиб, Амир Темур хиёбонига етганимда «Бу ҳақда нега аввалроқ ўйламаган эканман», деб ўзимни койий бошладим. Атрофга қарадим. Одамлар Соҳибқирон ишора қилиб турган томон — Сайилгоҳ кўчасига қараб йўналган. Гўё улар мен англаган ҳикматни аллақачон билиб бўлгандек. Йигит-қизлар, онахону отахонлар, ҳатто жажжи болакайларнинг ҳам нигоҳида ўт, шитоб билан одимламоқда.
Одамлар оқимига қўшилдим. Йўл-йўлакай ҳар йили пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказиладиган китоб байрами бу гал нега Сайилгоҳ кўчасига кўчирилгани ҳақида ўйлай бошладим:
«Ҳа, бунда ҳам бир ҳикмат бор. Мана, Соҳибқирон бобомизнинг нурли келажакка ишора янглиғ баланд кўтарилган қўлларига боқ. У кўрсатиб турган томонда жонажон Ватанимизнинг юраги — Мустақиллик майдони бор. Яъни, истиқлол! Ҳурлик! Биз интилган нурли келажак!
Донишманд халқимиз зукко саркарданинг имосини сўзсиз тушунгани, барчамиз орзу қилган буюк келажакка элтадиган йўлдан дадил одимлаб бораётгани ва уларнинг орасида бизнинг ҳам борлигимиз кўнглимни ёритиб юборди. Ва шунда бу йилги китоб байрамига Амир Темур хиёбони ва Мустақиллик майдони ўртасидаги манзил — Сайилгоҳ кўчаси танланганининг пинҳон ҳикматини уққандек бўлдим. Айтилажак гапларнинг индаллоси шуки, Амир Темур бобомиз кўрсатиб турган, халқимиз талпинаётган буюк келажак — Мустақиллик майдонига фақатгина шу йўл орқали бориш мумкин. Яъни, китоблар ҳамроҳлигида, илму маърифат қанотида ёрқин келажакка, ҳақиқий ҳурликка, абадий истиқлолга эришилади.
Китобхон халқимизнинг бир тану бир жон бўлиб, маънавият сарчашмаларидан чанқоғини қондириб, кутилган кунлар томон ҳамжиҳат интилиши эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди. Беихтиёр ўнгу сўлда ўзидан нур таратиб турган китоблардан дилга зиё сингади. Юзинг ёришиб, кўнглинг чароғон тортаверади...».
Ўй-хаёллар етовида қанча юрдим, билмайман. Ўзимга келганимда, Сайилгоҳ кўчасида эдим. Тарих битикларини ҳар йили яшил дафтарларга битиб, уни вақт шамолларига учирадиган мозийгувоҳ дарахтлар этагида байрамона безатилган узун йўл ҳар кунгидан-да ёруғроқ эди. Беминнат қуёш нурлари зоҳиримизни, офтобмисол китоблар ботинимизни ёритиб турарди. Ана шундай фараҳбахш дамларда китобни қўлга олиб, қувонаётган кўзлар ичра ўзимни жуда бахтиёр сездим.
Нашриётдан китобхонга...
— Ойи-и, ойи-и! Менга «7-«Б»даги изқувар» деган китобни оберинг...
Энди ўқишни ўрганган қизалоқ онасининг қўлидан тутиб, «Ўзбекистон» НМИУ павильонининг болаларга оид китоб¬лар растаси томон йўл бошлади. Ўзи танлаган китобни бағрига босди. Онасидан пул олиб, нашриёт ходимасига узатди:
— Минг сўм қайтим беринг...
Республика китоб байрамида қатнашаётган матбаа ташкилотлари кўргазмаларида болалар учун мўлжалланган китоблар алоҳида ўринга эга бўлди. «Ўзбекистон» НМИУ каби кенг ихтисосли матбаа-ижодий уйларидан тортиб, байрамда илк бор иштирок этаётган «Қалдирғоч» сингари нашриётларгача болажонларга атаганларини намойиш этди.
Ота-оналарнинг фарзандларини китоб байрамига етаклаб келаётганини кузатиб, китобхонлик ҳақида айтилаётган хавотирли гапларга асос йўқмикан деб ўйлаб қоласиз. Шу пайт тили ширин болажоннинг Навоий бобомиздан байт айтаётгани қулоққа чалинади. Байрам баҳона юртдошларимизнинг китобхонлик маданияти бор бўйича намоён бўлаётганига гувоҳ бўласиз.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси намойиш этган ноёб китоблар ҳамда хаттотлик намуналари, уста хаттотларнинг йиғилганлар учун ёзиб бераётган гўзал битиклари кўзга нурдай ташланади. Айниқса, кўзи ожиз ёки ўқиш имконияти чекланган китобхонлар учун Миллий кутубхона томонидан аудиокитобларни тинглаш ускуналарининг келтирилгани бу йилги шодиёнанинг ўзига хос янгилиги бўлди.
Китоб байрамида қатнашаётган барча ташкилотлар бир-биридан фарқ қилади. Нашриёт ва матбаа уйларидан ташқари «Китоб олами», «Шарқ зиёкори» ва «Ўздавкитобсавдотаъминоти» каби китоб савдоси мажмуалари, қатор газета ва журналлар ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг нашр бўлими ҳам ўз маҳсулотларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этди.
Нашр ихтисослиги ҳақида сўз борганда китоб байрами иштирокчилари орасида ҳуқуқий йўналишдаги адабиётлар чоп этишда бош бўлган «Адолат» наш¬риёти ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг нашр бўлими алоҳида тилга олинишга лойиқ. Университетнинг нашр фаолияти доирасида соҳага оид дарслик ва ўқув қўлланмалар билан бир қаторда «Юридик фанлар ахборотномаси — Вестник юридических наук — Rewiew of law sciences» илмий-амалий ҳуқуқий журнали, «Ўзбекистон қонунчилиги таҳлили — Обзор законодательства Узбекистана — Uzbek laws rewiew» журнали сингари даврий нашрлар ҳам чоп этиб келинмоқда.
Нашриётларнинг ихтисослашуви матбаа соҳасининг тараққиётига ҳам йўл очади. Хусусан, диний-маърифий мавзудаги адабиётларни чоп этишга ихтисослашган «Ҳилол нашр» нашриёт-матбаа корхонаси ва «Мовароуннаҳр» нашриёти маҳсулотларига китобхонлар ва кенг омма орасида талаб юқори. Бу нашриётларнинг кўргазмаларини кўздан кечирар экансиз, катор терилиб турган минг йиллар мозийга бориб туташадиган миллий тафаккуримиз сарчашмаларига кўзингиз тушади. Узоқ вақтлар тилга олинмай келган ислом ҳуқуқшунослигининг мотуридия йўли давомчиси Абу Муин Насафийнинг «Табсиратул адилла» асари каби ноёб янги нашрларга дуч келасиз. Аммо диний-маърифий нашрлар соҳасида бир кемтик жиҳат ташланади: бу — болаларга бағишланган диний-маърифий нашрларнинг камлиги. Шу томондан қарайдиган бўлсак, нашриётларимиз миллат келажаги олдида жавобгарлик ҳис қилиши керак.
Ноширлик оламига энди-энди кириб келаётган «Чинор ЭНК» экологик-ноширлик компанияси каби ихтисослашган корхоналарнинг ҳам китоб байрамида қатнашаётгани қувонарли. Экологиядек муҳим соҳада ноширлик учун катта имконият ва улкан бозор мавжуд.
Ўзининг сифатли ва зарур китоб маҳсулотлари билан ноширлик бозорларини таъминлаб келаётган «Академнашр», «Шарқ», «Фан», «Ўқитувчи», «Маънавият», «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» каби нашриёт ва матбаа-ижодий уйлари ҳам китоб байрамида муносиб иштирок этди.
Маърифат байрами
Китоб байрами доирасида турли танлов, викторина ва ижтимоий сўровлар ҳам ўтказилди. Байрам аввалида «Намунали китоб дўкони» танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
— Камтарона меҳнатимиз қадрланиб, вилоят босқичи ғолиби дея эътироф этилганимиздан бошимиз кўкка етди, — дейди «Намунали китоб дўкони» танловининг Қашқадарё вилояти босқичи ғолиби Фарҳод Мусинов. — Инсонга ҳаво, озуқа, меҳр қанчалик зарур бўлса, китоб ҳам шу мавқеда туради. Китоб ва китобхонлик чиндан ҳам буюк мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.
«Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон», «Ёш китобхон» каби совринли викториналар ва «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусидаги ижтимоий сўровлар китобхонлар диққат-эътиборида бўлди.
— Ушбу тадбирда илк бор қатнашаётганимга қарамай, «Энг яхши китобхон» викторинасида ғолиб бўлдим, — дейди оҳангаронлик Салоҳиддин Норжигитов. — Бундай тадбирлар ёшларнинг ақлан етук, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишида муҳим аҳамиятга эга.
Китоб байрамининг иккинчи куни нашриётлар, ижодий уйлар ва матбаа корхоналари ўртасида «Энг яхши иштирокчи» ҳамда «Энг яхши стенд» номинациялари бўйича маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, ғолибларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
— Ўқувчиларим билан ҳар йили китоб байрамида қатнашамиз. Бу йил олтинчи марта келишимиз. Маърифат шодиёнаси ҳар йилгидан-да ўзгача ўтмоқда, — дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 275-мактаб ўқитувчиси Феруза Тўхлиева. — Севимли ёзувчи ва шоирларимиз Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид ва бошқа ижодкорлар иштирокидаги мушоира, адабий учрашувлар ўқувчилар қалбига умрбод муҳрлангани шубҳасиз. Ташкил этилган бу каби маънавият, маданият байрами китобхоннинг бадиий дидини тарбиялаб, адабиёт оламига янада яқинлаштиради.
Икки кун давом этган янги асарлар «юз очди»си китобхонлар учун чинакам туҳфа бўлди. Ўзбекистон халқ шоирлари — Анвар Обиджоннинг «Дўхтир-табиб», Маҳмуд Тоирнинг «Янги шеърлар», «Европа саёҳати», Иқбол Мирзонинг «Зарб», Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг «Тагоб қишлоқ эртаклари» каби китоблари тақдимоти шулар жумласидандир.
Китоб — маънавий либосимиз
Кўнгилочар масканларда, истироҳат боғларида улкан мультфильм қаҳрамонларига кўзингиз тушгандир. Китоб байрамида уларнинг ўрнини «жонли китоблар» эгаллади. «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа марказининг бу ташаббуси кўпчиликни қувонтирди. Китоб¬ларни «кийиб» одамлар оралаб юрган йигитларга қараб недир рамзийликка бериласиз: китоб — маънавий либосимиз. Уни руҳу қалбимизга кийиб, одамлар орасида юришдан уялмайлик. Шу ўйларга эргашиб яна китоблар уммонига ғарқ бўласиз. Кимдир китобга, кимдир ўйин-кулгига, яна биров дам олишга ташна.
Китобхонликка иштиёқи бўлмаган одам ҳам куй-қўшиққа кўнгли ийиб бир Сайилгоҳ кўчасига бош суқса, маънавият денгизига кўмилади-қолади. Китобхонларга эса бундай кунлар айни муддао. Ҳар жойдаги китоб расталаридан ўзига керакли наш¬р¬¬ни излаб сарсон бўлмайди. Ҳаммаси бир жойда. Яна нашриёт нархида. Байрам бўлса, шундай бўлади-да!
— Ўзимга керакли китобнинг энг аввал нашриётига қарайман. Кейин бориб нашриётнинг ўз дўконидан олишга ҳаракат қиламан. Аммо излаган китобимни топа олмасам, учраган дўкондан харид қилиш одатим бор. Кейин қиммат сотиб олганимга ачиниб қоламан. Китоб байрамида истаган китобимизни нашриётнинг ўзидан — биринчи қўлдан олиш имкони бор. Йил давомида китоб байрамини кутишимга сабаб ҳам шу. Чоп этилганига қарамасдан, китоб дўконларидан тополмаётганим — Тоғай Муроднинг «Танланган асарлар»ини айнан шу ерда топдим, — дейди ЎзДЖТУ талабаси Муҳаммаджон Хўжаев.
Одамлар орасида бошида дўппи, қотмадан келган, калта соқолли нуронийга кўзингиз тушдими? Ҳали у нашриёт мутасаддисига учрайди, ҳали бунисига, қўлидаги ҳужжатни кўрсатиб нималарнидир тушунтиради. Яқинроқ бориб суҳбатига қулоқ тутасиз. Эмишки, бу киши қайдадир китоб дўкони очган. Шунинг учун нашриётларга шартнома таклиф қилиб юрибди. Китоб байрами отахоннинг мушкулини осон қилибди-да, дейсиз. Ҳайҳотдек шаҳарни кезиб овора бўлмай, шу ерда ишини битказиб кетаверади. Кимгадир байрам, кимгадир тижорат дейсиз-да, индамай ўтиб кетасиз.
Республика китоб байрами дастури доирасида бир неча муаллифнинг янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Жумладан, Чўлпон номидаги НМИУ томонидан Худойберди Тўхтабоевнинг «Тагоб қишлоқ эртаклари» китоби ҳам ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Отахон адибимиз бироз чарчади, шекилли, дарахт остида соялаб дам олишга ўтирди. Буни кўрган болажонлар устоз адибнинг китобларига имзо қўйдириб олишга шошди. Умуман, халқимизнинг севимли ижодкорларини одамлар орасида тез-тез учратиб қолишингиз мумкин эди. Китоб байрамида китоб ёзадиганлар бўлади-да, дерсиз.
Ноширлик корхоналари орасида Ғафур Ғулом номидаги НМИУ фаоллиги билан ажралиб турди. Турли викториналар, мушоиралар айнан шу нашриёт павильонида кўпроқ кўзга ташланди.
Китоб байрами қатнашчилари орасида «Тонг юлдузи», «Класс», «Гулхан», «Ғунча» каби болалар нашрларини ҳамда «Пазанда» каби оммабоп журналларни ҳам кўриш мумкин эди. Даврий нашрларнинг ҳам иштирокини кенгайтириш китобхонлар билан бир қаторда муштарийлар ва обуначиларни китоб байрамига жалб қилишга хизмат қилади. Бу билан эса фақат ва фақат китоб байрамининг нуфузи ортади.
Республика китоб байрамида фаол иштирок этган қатнашчилар тадбир якунида номинациялар билан тақдирланди. Жумладан, “Энг яхши стенд” номинациясида “Ўқитувчи” НМИУ биринчи, “Китоб олами” савдо мажмуаси иккинчи ўрин билан; “Энг креатив ёндашув” номинациясида “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази биринчи, “Машҳур пресс” нашриёти иккинчи ўрин билан; “Энг яхши тақдимот” номинациясида Ғафур Ғулом номидаги НМИУ биринчи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси иккинчи, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти учинчи ўрин билан; “Энг яхши экспозиция” номинациясида “Ўзбекистон” НМИУ биринчи, “Ўздавкитобсавдотаъминот” корхонаси иккинчи ўрин билан; “Энг яхши дастур” номинациясида Республика болалар кутубхонаси биринчи, “Шарқ” НМАК иккинчи ўрин билан; “Инновацион ёндашув” номинациясида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси биринчи ўрин билан тақдирланди. Китоб байрами тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам бўлиб ўтди.
Мухбирларимиз