Ўзбек тилини дунёга олиб чиқиш зарурати
Ахборот технологияларининг ривожланиши компьютер лингвистикаси фанини вужудга келтирди. Мазкур фаннинг истиқболи порлоқ эканини кўра олган йирик тижорат компаниялари унинг ривожига сармоя ажрата бошлади. Масалан, Google, SCIPER, Yandex, Microsoft, ABBYY каби йирик компаниялар ўз маблағларини ахборотни қайта ишлаш, машина таржимаси, электрон луғатшунослик, корпус тадқиқотларига сарфлаб, компьютер лингвистикаси бўйича ўтказиладиган COLLING, DIALOG каби халқаро конференцияларга ҳомийлик қилди. Россияда машина таржимасининг 95 фоизини С.Соколова раҳбарлигида ташкил этилган PROMPT компанияси бажаради. PROMPT NASA танловида машина таржимаси тизимлари орасида биринчиликни эгаллаган. IBM компанияси VIA Voice тизимини ишлаб чиққан. 1964 йили Калифорнияда ташкил этилган SYSTRAN компанияси 25 тил комбинациясига эга бўлган машина таржимаси учун дастур яратган. Ўзбек тилини ҳам шу жараёнларга интеграция қилиш бугунги компьютер лингвистикаси фанининг долзарб вазифаларидандир.
Ўзбек тилининг халқаро мақомини оширишда компьютер лингвистикаси фани муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу фан ўзбек тилининг жаҳон тилларидан бирига айланишига, уни чет элларда ўрганиш ва ўргатишга имконият яратади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонида она тилимизнинг интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш, бу бўйича илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ҳамда эришилган натижаларни амалиётга кенг татбиқ этиш каби вазифалар белгиланган. Шу мақсадда университет ўқув режасига "Компьютер лингвистикасига кириш" фани киритилди. Талабалар маъруза ва илмий машғулотларда ушбу фаннинг назарий асосларини ўрганиш билан бирга, компьютер лингвистикасининг машина таржимаси, матн генерацияси, савол-жавоб тизими, нутқни овозлаштириш, матн корпуси, маълумот қидируви, компьютер лексикографияси, матн тайёрлаш каби замонавий йўналишлари бўйича олиб борилаётган тадқиқотларда иштирок этмоқда.
Ўтган қисқа даврда компьютер лингвистикаси бўйича муайян натижаларга эришилди. Шундай бўлса-да, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, ўзбек тилининг морфологияси ва унга қўшилиши мумкин бўлган қўшимчалар комбинaцияси базаси яратилмоқда. Бироқ таҳрирловчи дастур учун унинг нафақат имловий, балки синтактик ва услубий жиҳатларини ҳам инобатга олиш зарур. Матн муҳаррирларида ўзбек тилида ёзилган матнларнинг имло хатоларини ўзбек алифбосига асосланган клавиатура орқали бартараф этиш йўллари ҳам ишлаб чиқилди. Бунинг учун ғ — g‘, ў — o‘, нг, ш — sh, ч — ch ҳарфларини тамомила лотин алифбосига ўтказадиган UNICODE дастуридан бириктирилган кодни олиш ва истиқболда ушбу ҳарфларни Microsoft Office дастурига киритиш кўзда тутилган. Ўзбек тили грамматикаси ва унинг ахборот услубини яратиш борасида жиддий ишлар амалга оширилиши зарур. Унга кўра, давлат тилида иш юритиш ва муайян соҳада қўлланиладиган атамаларнинг ўзбекча муқобил вариантларини луғатларда шакллантириш, уларга йўриқнома, мобиль иловалар яратиш, шунингдек, интернет тизими, ОАВ, реклама агентликлари маҳсулотларига қўйиладиган белгиларда қатъий мезонни белгилаш фан олдида турган муҳим вазифалардандир.
Ўзбек тилининг халқаро мақомини ошириш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таржимон дастурлари ва электрон луғатлар яратилмоқда. Аммо улар нафақат инглиз, балки бир неча тиллар доирасида бўлмоғи зарур. Айни пайтда Google translatе таржима дастури таркибида ўзбек тили ҳам бўлса-да, матнларни морфологик ва синтактик жиҳатдан хато таржима қилади. Интернетда ўзбек тилининг мукаммал базаси яратилса, она тилимиздаги матнларни бошқа тилларга ҳам таржима қилиш имконияти пайдо бўлади. Ўзбек тилининг тезаурус, онтологияси ҳамда матн корпусларини яратиш ҳам худди шундай муҳим масалалардандир.
“Ўзбек тилининг дастурий таъминоти” лабораториясида овозли луғатлар яратиш борасида саъй-ҳаракатлар бошланган. Матнларни овозли дастурларга ўтказиш ёки аксинча, овозли ахборотларни
матнга ўтказувчи дастурлар яратиш борасида ҳам изланишлар олиб бориляпти. Бу келажакда нутқий синтезаторни яратиш учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбек тилини ўқитишнинг даражали электрон дарсликлари, видеокурслар ҳамда ўзбек тилини дунёга тарғиб этишда унинг МООC (massive open online course) тизимини яратиш жуда муҳимдир. Шунга кўра, келгусида ўзбек тилини билиш даражасини текширувчи махсус дастурлар, ўзбек тилини ўргатиш бўйича масофавий таълим йўлга қўйилиши мақсад қилинган.
Ҳозир университетимизда бакалаврларга компьютер лингвистикаси, машина таржимаси фанлари ўқитилмоқда. Магистратура босқичи талабалари учун “Компьютер лингвистикаси” лабораторияси ташкил этилган бўлиб, дастурлаш асослари ва формал тил назарияси, машина таржимаси бўйича семинарлар ташкил этилади. Лаборатория аъзолари яратган ишланмалари билан республика ва халқаро миқёсдаги конференцияларда иштирок этмоқда. Компьютер лингвистикаси фанидан дарслик яратиляпти. У шу йили чоп этилиши режалаштирилган.
Олий таълим муассасасида ўқитилаётган ҳар бир фан ишлаб чиқаришга йўналтирилиши зарур. Компьютер лингвистикаси фани доирасида амалга оширилаётган ишлар ўзбек тилидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайди.
Саодат МУҲАММЕДОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Ахборот ва замонавий педагогик технологиялар” кафедраси мудири, филология фанлари доктори
Нилуфар АБДУРАҲМОНОВА,
шу кафедра ўқитувчиси