Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш бизнес вакиллари билан муҳокама қилинди
9 июль куни Халқ таълими вазирлигида жамоатчилик ва бизнес вакиллари билан учрашув ўтказилди. Тадбирда Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, вазир ўринбосарлари А.Умаров, С.Бобохўжаев, А.Саъдуллаев, жамоатчилик ва бизнес соҳаси вакиллари З.Ҳошимов (Korzinka.uz), Н.Акилова (Nestle), Х.Мамасаидов (Dekos.uz), У.Ишмуҳаммедов (IDP IELTS), М.Қосимов (Technoplaza) ва Б.Орифжанов (Paynet асосчиси) иштирок этди.
Учрашувда бугунги кунда жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилиб, илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашув якунида жамоатчилик кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаш ҳамда низомини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837-сонли қарорининг ўз вақтида бажарилиши ва унинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозир кўпгина давлат ташкилотлари ҳузурида жамоатчилик кенгаши фаолият кўр-сатаётир. Кенгаш вазирлик қошида ҳам ташкил этилса, халқ таълими тизимида йиғилиб қолган бюджетдан ташқари маблағ талаб қилувчи қатор муаммоларни бартараф этиш имкони туғилади.
Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати