Ҳаракатда баракат
Қарши шаҳридаги “Араловул” маҳалласида яшовчи ўқитувчи Рафоат Ёқубова ўн йилдирки оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. Унга турмуш ўртоғи Ҳусниддин Муҳаммадиев, қизлари Латофат, Мафтуна, Барно Қодировалар ҳамиша камарбаста. Оилавий тадбиркорлик дастлаб ҳовлининг 2 сотих ерида помидор, бодринг етиштиришдан бошланган эди. Ҳосил чўғи ва даромад ёмон бўлмади. Рўзғорга барака кирди. Ҳовлининг яна 8 сотих ерида иссиқхона ташкил этилиб, 75 дона лимон кўчати парваришлана бошлади. Иссиқхона кони фойда экан.
— Помидор, бодринг ва лимондан ташқари, йирик шохли қорамол боқиб, бўрдоқичилик, паррандачилик билан ҳам шуғулланяпмиз, — дейди Қарши шаҳридаги 45-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Рафоат Ёқубова. — Аёл кишига мактабдаги ўқув-тарбия ишлари, оилавий ташвиш етарли. Лекин хоҳиш-истак бўлса, тадбиркорликка ҳам улгуриш мумкин. Ўқитувчилик — жонажон касбим. Бу касб орқасидан обрў-эътибор топдим. Оилавий тадбиркорликка келсак, ортиқчалик қилмайди. Ишдан қайтгач, ниҳол суғориш, мол-ҳолга қараш, жўжа боқиш менга завқ бағишлайди. Бўрдоқи боқишда кўпроқ турмуш ўртоғимнинг тажрибасига суянсам, лимон ва полиз экинларини етиштиришга қизларим билан мен масъулман. Нокамтарликка йўймангу, парранда гўшти етиштиришда кўпчилик тадбиркорлар мендан сўраб-ўрганишади. Қаловини топинг, қорни ёндирасиз!
Хонадонда ҳар бир кун завқ-шавқ билан ўтади. Бекор кишининг ўзи йўқ. Тадбиркорлик, аслида тиниб-тинчимаслик дегани-да. Кимдир иссиқхонага қараб югурса, бошқаси қорамол парвариши билан машғул. Полиз экинларининг ҳам эгаси бор. Хуллас, ҳеч кимнинг бош қашишга вақти йўқ. Ҳаракатга яраша барака. Турмушлари фаровон. Оиланинг бош фарзанди Латофат бу йил Қарши давлат университетининг хорижий тиллар факультетини муваффақиятли тамомлаб, 45-мактабда ўз меҳнат фаолиятини бошлаш арафасида турган бўлса, иккинчи фарзанд Мафтуна шу университетнинг тарих факультетида 3-курс талабаси.
— Фарзандларим тўлов-шартнома асосида ўқимоқда, — дейди Ҳусниддин Муҳаммадиев. — Тўловларни оилавий тадбиркорлик даромади ҳисобидан қоплаяпмиз. Олма пиш, оғзимга туш, деб ўтирадиган замон эмас. Тадбиркорлик қилган кишига даромад келади. Фақат у алдам-қалдам билан эмас, қонуний, ҳалол ишлаши керак. Сув, табиий газ, электр энергияси ва солиқ тўловларини ўз вақтида амалга ошириб бориш лозим. Тадбиркор — элга мададкор, ундан давлат ҳам, одамлар ҳам манфаат кўрсин.
— Мевали, манзарали дарахт кўчатлари, полиз ҳамда зиравор экинларни парваришлашда Рафоат Ёқубова тажрибасига таянамиз, — дейди Қарши шаҳридаги 45-мактаб директори Носир Каримов. — Ҳамкасбимиз ўқув-тарбия ишларида қанчалик изланувчан ва тириш¬қоқ бўлса, тадбиркорликнинг паст-баландини ҳам яхши билади.
— Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ҳаётга кенг татбиқ этилишидан мамнун бўлдик, — дейди Рафоат Ёқубова. — Оилавий тадбиркорлар учун кенг имконият яратилмоқда. Тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятимизни янада кенгайтирмоқчимиз. Қўшимча даромад топаман, оилам фаровонлигини таъминлайман деган кишининг нияти ижобат бўлади.
Рафоат Ёқубова оилавий тадбиркорликни шаҳар шароитида ҳам амалга ошириб, миллион-миллион сўм даромад кўриш мумкинлигини ўз ташаббускорлиги билан исботлади. Ундан маҳалладошлар, бутун шаҳарликлар ўрнак олса арзийди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ