Ўш шаҳридаги Алишер Навоий мактаби азалий дўстлик тимсолига айланди
Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан дўст-қадрдон бўлиб яшаган. Тарихи, тили, дини бир бу халқларнинг дўстлиги узоқ асрлар синовидан ўтган. Қувонарлиси, қардошлик анъанаси бугун ҳам давом этмоқда.
Муносабатлар барча йўналишлар бўйича мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида ўзаро савдо кўрсаткичлари 88 фоизга ўсиб, қарийб 215,7 миллион АҚШ долларига етди.
Бугун Ўзбекистондаги 90 та мактабда 7,5 мингга яқин ўғил-қиз қирғиз тилида сабоқ олмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданиятини, Қирғизистонда эса ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Ўш шаҳрида ўзбекистонлик қурувчилар томонидан барпо этилган Алишер Навоий номидаги янги мактаб-гимназиянинг очилиши яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамловчи тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистонлик мутахассислар мактаб-гимназия учун уч қаватли муҳташам кошона барпо этди. Шу билан бирга иккинчи ўқув корпуси капитал таъмирланиб, янгисига туташтирилди.
Андижон вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмасига кўра лойиҳани бош пудратчи «Трест-12» МЧЖ ва унинг таркибидаги «СУ-50» қурилиш бошқармаси амалга оширди. Бу ишга Андижон шаҳридаги «Бунёд гранд сервис» МЧЖ ҳам салмоқли улуш қўшди. Зарур қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар Ўзбекистондан олиб борилди.
630 ўринга мўлжалланган мактаб-гимназияда ёш авлод таълим-тарбияси учун барча шароитлар мужассам. Фаоллар зали, спорт зали, мини футбол майдони, 150 ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Тиббиёт хонаси ҳам ташкил қилинди. Дурадгорлик ва метал¬га ишлов бериш устахоналарида ўғил болаларга сабоқ берилса, қизлар чеварлик устахонасида касб сирларини ўзлаштиради. Ўқув кабинетлари ва лабораториялардаги замонавий жиҳозлар амалий тажрибалар ўтказиш имконини яратади. Бир гектар майдондаги яшил майсазор, эман, қарағай, оққайин, шумтол каби манзарали дарахтлар кўзни қувнатади. Шинам айвончалар ҳудудга янада файз киритган.
— Янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда кутиб олдик. Ўзгача қиёфа касб этган мактабимизга 56 та компьютер, 33 та телевизор, 6 та видеопроектор берилгани ўқув жараёни самарадорлигини таъминлайди, — дейди мактаб-гимназия директори Турдиойим Қорамурзаева. — Турли миллатга мансуб ўқувчиларимиз барча фанларни яхши ўзлаштиришга интилади. Айниқса, чет тилларни ўрганишга қизиқиши юқори. Ота-оналарнинг истакларини инобатга олиб, ҳафтасига 4 соат ўзбек ва инглиз тилидан қўшимча машғулот ташкил қилганмиз.
— Халқларимиз азалдан аҳил-иноқ яшаб келган, — дейди Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий маркази раисининг ўринбосари Рашидхон Хўжаев. — Бу хайрли иш Ўзбекистон яқин қўшничилик сиёсати тарафдори эканини яна бир бор намойиш этди.
Янги мактаб иш бошлаши ота-оналарни беҳад қувонтирди.
— Фарзандим шу мактабда ўқишни бошлади, — дейди ўшлик Азизбек Тойлоқов. — Шаҳарда 55 та мактаб бўлса, Алишер Навоий номидаги даргоҳ кучли ўнликка киради. Қолаверса, бу зиё маскани халқларимиз азалий дўстлигининг тимсолига айланди. Кенжатойим Умарали қир¬ғиз ва ўзбек тилларида бемалол гаплаша олишини истайман.
Орифжон СИДДИҚОВ
Андижон-Ўш-Андижон