Давлат-хусусий шериклик истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашув доирасида томонлар Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун қонунчилик базасини ва институционал муҳитни яратиш долзарблигини қайд этди.
Таъкидлаш керакки, 2018 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу ҳужжат халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Бу эса мамлакатимизда нодавлат мактаблар тизимини шакллантириш имкониятини яратади.
Ҳозир мамлакатимизда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. ЕТТБ вакиллари Халқ таълимим вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат органлари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар натижасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тавсияларини ва концепцияни ишлаб чиқадилар.
Концепция давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш стратегик дастурини ўз ичига қамраб олади.
Манба: www.uza.uz