Ёшлар инновация маркази бўлажак олимларни ўзига жалб қила олдими?
Президентимизнинг 2016 йил 19 сентябрдаги “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан марказ ташкил этилганига бир йилдан ошди. Ўтган вақт давомида муассаса томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Иқтидорли ёшларни ўзига нечоғлик жалб қила олди? Қандай инновациялар амалиётга жорий қилинди?
Марказ фаолияти ёш мутахассислар ва талабаларнинг илмий-техникавий ғояларини саноат намуналари, ускуналар, технологик жараён ва ечимларда мужассамлаштириш, энергия тежовчи ва импорт ўрнини босадиган замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш асосларини яратиш, ёш олимларнинг тадқиқот ишлари сифат жиҳатдан юқори бўлишини таъминлаш каби қатор масалаларни ҳал этишга қаратилган.
— Ўтган давр ичида энергетика, нефть ва кимё саноати, кончилик иши, машинасозлик йўналишида илмий-тадқиқот олиб бораётган иқтидорли ёшларни марказимизда жамладик, — дейди марказ раҳбари Эркин Холтурсунов. — Улар илмий ишланма, мақола ва инновацион ғоялари билан республика ҳамда хорижнинг илмий журналларида фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили бўлиб ўтган Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси, “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU 2017” ҳамда “Энергетика, энергия тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари — Power Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмаларида марказда олиб борилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Республика Фан ва технологиялар агентлига ҳамда АҚШнинг “Clarivate Analytics” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро танловда марказимиз ходими Зуҳра Қодирова “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги энг фаол тадқиқотчи” номинацияси бўйича тақдирланди. Унинг нуфузли халқаро журналларда чоп этилган мақолаларига хорижлик олим ва мутахассислар томонидан ўнлаб ҳаволалар берилган.
Кимё ва нефть кимёси лабораторияси аъзолари 2017-2018 йилларга мўлжалланган “Сув ва ҳавони органик чиқиндилардан фотокаталитик тозалаш учун метасульфидли материалларни ишлаб чиқиш”, “Металларнинг биологик фаол координацион бирикмалари асосида карболин алкалоидлари Peganum Harmala препаратларини ишлаб чиқиш” амалий лойиҳаларини бажаришда фаоллик кўрсатишаётир. Шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналарида ечимини кутаётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этишга йўналтирилган фундаментал, инновацион ва амалий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзметкомбинат” акция¬дорлик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда саноатдаги муаммолар базаси яратилди. Илмий-тад¬қиқот ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган дастгоҳлар билан танишиш мақсадида Германия¬нинг “KNUNT”, Япониянинг “MAZAK” фирмалари вакиллари билан мулоқот ўрнатилиб, станок ва ускуналарнинг техник имконияти ўрганилди.
Марказда фан-техниканинг илғор йўналишлари бўйича Япония илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, 2017 йилнинг октябрида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда Япониянинг Кейо университети профессори Тошхиса Уеда, Кюсю университети профессорлари Хидеки Шимада, Такаша Сасаока, JFE компанияси вакили Сунао Накамуранинг ўқиган маърузалари, қизғин мулоқоти ёшларда катта таассурот қолдирди.
Марказда иқтидорли ёшларнинг кашфиёт ва ихтиролар устида ишлаши учун қулай имкониятлар яратилган. Айни кунда синовдан ўтказилаётган “Unibot — универсал дастгоҳ”ни ана шундай ижодий муҳит маҳсули дейиш мумкин.
— 3D форматидаги ушбу қурилмадан саноат, тиббиёт, таълим тизимида фойдаланиш мумкин, — дейди Тошкент давлат техника университети талабаси Бобур Неъматов. — Масалан, тиббиёт соҳасида ҳужайраларнинг фазовий ҳолатини махсус алгоритм бўйича жойлаштириб чиқади. Ундан фойдаланиб импорт ўрнини босувчи тиббий асбоб-анжомларни ишлаб чиқиш мумкин. Дастгоҳ айни кунда университетимизнинг механика факультетида амалиётга татбиқ этилди.
Ойбуви ОЧИЛОВА