Болалар спорти ривожи юртимиз ёшлари камолотига хизмат қилмоқда
Халқимиз энг улуғ, энг муқаддас неъмат — Истиқлолга эришгач, аввало, мамлакатнинг эртанги куни — истиқболи бўлган болаларнинг саломатлигини яхшилаш, мустаҳкамлашга, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-улғайишига жиддий эътибор қаратди.
Бу борада болалар спортини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилиб, йилдан-йилга такомиллаштириб борилди.
Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан уч босқичли спорт ўйинлари — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада тадбирларининг ўтказилиши, шунингдек, 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши билан ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштириш, болалар спортини ривожлантиришнинг ноёб тизимига асос солинди.
Спорт таълим-тарбия тизимининг узвий қисмига айланди. Айниқса, ёшларимиз орасида сузиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, бадиий гимнастика ва спорт гимнастикаси, футбол, стол тенниси, кураш, миллий ва юнон-рум кураши, бокс, енгил атлетика сингари спорт турларига қизиқиш ортиб, жисмоний тарбия билан шуғулланиш кундалик вазифага айланиб бормоқда.
Натижада сурункали касалликларга чалинган болалар сони кескин камайиб, ўғил ва қиз болаларнинг ўртача бўйи ва вазни ошди. Айниқса, ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар орасида хизматга лойиқ деб топилаётганлар сезиларли даражада ортиб бормоқда. Маънавий жиҳатдан баркамол, жисмонан етук авлодни тарбиялаш, «Соғлом она — соғлом бола» тамойилини рўёбга чиқариш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг моҳиятини ташкил қилади.
Бу эзгу мақсад бир жабҳада эмас, балки кенг кўламда, жамият ҳаётининг барча йўналишларида изчил амалга оширилмоқда. Энг муҳими, Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ґомийлик кенгашининг шу йили февраль ойида бўлиб ўтганйиғилишида алоҳида қайд этганларидек, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.
Дарҳақиқат, айнан истиқлол йилларида нафақат шаҳарларда, балки узоқ ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мактаблари ҳамда муҳташам мажмуалар барпо этилди. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида»ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Сир эмаски, ҳозирги кунда болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизимига айланди. Хусусан, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ушбу мақсад йўлида умумтаълим мактабларида, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуалари барпо этилмоқдаки, бундан халқимиз, хусусан, навқирон авлод вакиллари беҳад мамнун бўлаяпти.
Бир пайтлар ҳатто оддий ёзги спорт майдончалари йўқ, биргина копток билан таъминлаш амримаҳол бўлган умумтаълим мактаблари бугун замонавий спорт инвентарлари билан тўла жиҳозланган кўркам спорт заллари, мажмуаларига эга. Зеро, айнан болалар спортини ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Ушбу спорт майдонларида дастлабки сабоқларни олган ёшларимизнинг халқаро ареналарда муваффақият қозонаётгани эса мазкур саъй-ҳаракатларнинг яна бир яққол самарасидир.
Жумладан, ўзим шуғулланган ва мухлислар орттирган бадиий гимнастика соҳасидаги ривожланиш ҳақида ҳам мамнуният билан сўзлашим мумкин. Халқаро ва маҳаллий мусобақаларда қатнашиб, зафар қозонаётган спортчиларимизга ҳавас қилиб, нафис спорт турига иштиёқманд бўлаётган қизлар сони йилдан-йилга ортиб бораётир. Ульяна Трофимова, Жамила Раҳматова, Азиза Мамажонова каби бадиий гимнастикачилар ортидан бугун янги авлод вакиллари спортга кириб келмоқда. Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган «Happy Caravan—2015» халқаро турнирида Анора Давлатова, Нилуфар Шомуродова, Жасмин Юсупова, Анастасия Сердюкова, Елизавета Назаренкова ва Равиля Фархутдинова сингари гимнастикачиларимиз она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бу ёшлар ўз иқтидори ва салоҳияти билан дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги тенгдошидан кам эмаслигини исботламоқда.
Чунки бунинг мустаҳкам асоси — мустақиллик инъом этган шарт-шароит, имкониятлар мужассам. Бугун болалар спортини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, умуммиллий ҳаракатга айланди. Янгидан барпо этилаётган спорт иншоотлари ёш авлодни ҳар томонлама баркамол шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Энг қувонарлиси, мазкур масканларда спорт, санъат ва мусиқа билан шуғулланувчи болалар сони тобора ортиб бормоқда.
Айниқса, қизларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда, шубҳасиз, Президентимизнинг «Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари муҳим аҳамият касб этди. Бу қизларимизнинг соғлом, оқила ва нафосат соҳибалари бўлиб камол топишларида алоҳида ўрин тутмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур эзгу саъй-ҳаракатлар биз ёшларнинг баркамол авлод сифатида вояга етиб, Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини барпо қилишимиз, унинг дунёнинг энг ривожланган демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлида ўз куч-ғайратимиз, билим ва иқтидоримиз, интеллектуал салоҳиятимизни сафарбар этишимизда тамал тоши бўлиб хизмат қилади.
Замира САНОҚУЛОВА,
¤збекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси -->