Спорт зали қачон қурилади?
2017 йилнинг 14-15 декабрь кунлари Фарғона вилоятида қатор мутасаддилар иштирокида “Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятида коррупция ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга қарши кураш, адолатли жамият қуришда фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муаммолари” мавзусида сайёр қабул ташкил этилганди.
Сайёр қабулда Учкўприк тумани аҳолиси ҳам иштирок этиб, ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни ўртага ташлади. Хусусан, Йилғинзор маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолидан мазкур ҳудудда ва шу ҳудудда жойлашган 38-мактабда спорт зали йўқлиги сабабли болалар спорт билан шуғулланиш учун 15—20 км узоқда жойлашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнаётгани тўғрисида мурожаатлар тушган эди. Мурожаатда ота-оналар айниқса қишнинг совуқ кунларида яшаш жойидан узоққа қатнаш фарзандларига катта қийинчилик туғдираётганини баён этганди.
Ана шу мурожаатдан кейин туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар бу борада қандай чора-тадбирларни амалга ошираётгани билан қизиқдик.
2007 йилда қуриб фойдаланишга топширилган 38-умумтаълим мактабида айни кез 452 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бу ерда ўғил-қизларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида шахмат, шашка, стол тенниси тўгараклари ҳам ташкил этилган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Фарҳод Абдураҳмонов ва Саҳобиддин Усмонқулов шогирдларининг спортда эришаётган ютуқларидан мамнун.
Хусусан, 8-синф ўқувчиси Шукур Қирғизов қўл жанги бўйича ўтган мусобақаларнинг вилоят, республика босқичларида қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин эгаллаб келмоқда. 7-синф ўқувчиси Сардор Рўзиев иқтидорли курашчи сифатида Йилғинзор қишлоғи аҳолиси тилига тушган. Эндигина 3-синфга ўтган Нигора Мирзаолимова ҳам бадиий гимнастика бўйича сезиларли ютуқларни қўлга киритмоқда. Мактабнинг тўрт нафар ўқувчиси — Жамшид Алижонов, Илҳом Саминов, Сарвиноз Абдухалилова ҳамда Сарвар Рўзиев каратэ бўйича республика чемпионлари ҳисобланади.
Аммо... Мактабда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароит — спорт залининг ўзи бўлмасаю, бу ердан чемпионлар чиқяпти, десак, ким ишонади? Ишонса ҳам, бу адолатдан бўлмайди-ку. Мактаб раҳбаридан тортиб туман ҳокимлиги мутасаддиларигача йиғинларда «Булар — бизнинг, 38-мактабимизнинг чемпионлари!», дея кўкрак керса, ярашадими?
— 2007 йилда Инвестиция дастури асосида қурилган мактабимиз лойиҳасига нима учундир спорт зали қуриш киритилмаган, — дейди 38-мактаб директори Рафиқ Маманазаров. — 2015 йили директор лавозимига тайинландим. Билишимча, шу кунга қадар Йилғинзор қишлоғи аҳолиси ҳам, мактаб жамоаси ҳам болалар учун спорт зали қуриб берилишини сўраб маҳаллий ҳокимликка бир неча бор мурожаат қилган. Аммо аксарият ҳолларда мурожаатлар жавобсиз қолган. Ҳозир ҳам мутасаддилардан тайинли жавоб ололмаяпмиз. Улар «Спорт зали қуриб бермаймиз», деб узил-кесил рад жавоби бермаса-да, амалий ишдан ҳамон дарак бўлмаяпти.
Мактаб ўқувчилари орасида юнон-рум кураши, боксга қизиқадиганлар кўп. Шу боис ўғил-қизлар Учкўприк, Бувайда туманлари ҳамда Қўқон шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ташкил этилган спорт тўгаракларига қатнайди. Учкўприк туман БЎСМ бокс мураббийи Шариф Юсуповнинг хизматлари туфайли мактабнинг боксчи йигитлари республика ва Осиё миқёсидаги баҳсларда иштирок этмоқда. Ваҳоланки, мактабнинг ҳам ўз спорт зали бўлса, бу ютуқлар янада ортган, муҳими, ўқувчиларнинг саргардонлигига барҳам берилиб, ота-оналарнинг хавотирига ўрин қолмасди. Шунингдек, дарс қолдиришлар, кечикишлар ҳам барҳам топарди. Ким билади, туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар бу масалага енг учида қараб, «Аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқиляпти», дейиши қачонгача давом этаркин?
Ш.МУРОДЖОН қизи