Хотин-қизлар спорт байрами
Юртимиз истиқлолни қўлга киритгач, аёллар спорти ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, қизларимиз — бўлғуси оналар ҳаётида жисмоний тарбияни кундалик машғулотлар сирасига киритиш, улар ўртасида спортни ва у орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида турли спорт мусобақалари, фестиваллар ўтказиб келинмоқда. Шундай мусобақалардан бири 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ўзбекистон Миллий университети спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан «Спорт — нафислик ва саломатлик манбаи» шиори остида ўтказилган мазкур спорт фестивалида республикамиздаги 16та вазирлик, идора ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 224 нафар хотин-қиз спортнинг 5 тури: гимнастрада, мини-футбол, стол тенниси, дартс ва шашка бўйича ўзаро куч синашди. Фестивал низомига кўра, ҳар бир жамоа 14 кишидан иборат 25 ёшдан юқори бўлган аёллардан ташкил топди.
Бу йил 11-бор ўтказилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий ҳаваскор жамоаларнинг ўзига хос намойишлари спортга ошно аёлларимизга завқу шавқ бағишлади. Ҳар йили баҳор арафасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу мусобақа турли соҳаларда меҳнат қилиб, юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган аёллар ўртасидаги дўстона муносабатнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб номланишининг ўзиёқ давлатимиз томонидан аёлларга нечоғлик юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганидан дарак беради.
— Бу мусобақада бешинчи марта иштирок этаяпмиз, — деди Халқ таълими вазирлиги жамоаси аъзоси Гулчеҳра Иброҳимова. — Жамоамиз аёллари баҳорни, баҳорий байрамларни қанчалик қувонч билан кутса, бу мусобақага ҳам шундай кайфиятда тайёргарлик кўради. Йилдан-йилга оммалашиб бораётган фестивалда иштирокчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳар бир совринли ўрин учун баҳслар янада қизғин кечишини англатади. Шунингдек, кунлар мўътадиллашиб, одам ўзини бироз ҳолсиз сезадиган баҳоролди ҳавосида аёллар спорт билан ҳамнафас бўлса, фасл алмашинуви билан боғлиқ муаммога дуч келмайди. Бу мусобақаларда қатнашаётганларнинг аксарияти ҳар тонг гимнастика машқларини бажариб, кейин ишга келишга ўрганган. Шу боис иши ҳам, куни ҳам кўтаринки руҳда ўтади. Биринчи гимнастрада шарти якунлангач, жамоалар шашка, дартс, стол тенниси ҳамда мини-футбол баҳсларига киришди.
— Аёлларимиз жамиятимизнинг энг илғор соҳаларида бўлгани каби спортда ҳам ўзларини ҳар томонлама намоён қилаётир, — деди мусобақа ташкилотчиларидан бири Гулжамол Асқарова. — Буни хотин-қизларимизнинг дунё спорт майдонларида қўлга киритаётган муваффақиятлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича кўплаб самарали ишлар амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. 2005 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу мусобақа ҳам соғлом авлодни вояга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиздан бири, десак хато бўлмайди. Ушбу мусобақанинг аёллар байрами арафасида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, ушбу баҳслардан хотин-қизларимизга байрамона кайфият улашиш, баҳорий кўтаринкилик бахш этиш каби мақсадлар кўзланган.
Спорт — тинчлик ва дўстлик элчиси. Шу сабаб аёллар фестивалида барча ғолиб бўлди. Ҳар бир жамоага махсус совринлар, эсдалик совғалари топширилди. Асосий мақсад аёлларимизни спорт ва жисмоний тарбияга янада кенгроқ жалб этишга қаратилди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири