Бир мактабдан икки чемпион
Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт мажмуасида ёшлар бир неча спорт тури билан шуғулланиб, турли мусобақаларда иштирок этмоқда. Айниқса, мажмуанинг ёпиқ сузиш ҳавзаси ўғил-қизларнинг севимли масканига айланган. Сузиш тўгараги аъзолари орасида вилоят ва республика турнирлари ғолиб ва совриндорлари талайгина.
Улар орасида Жиззах шаҳридаги сув спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ҳам бор. Яқинда Тошкент шаҳридаги “Саховатспорт сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли спорт мажмуасида сузиш бўйича IV ва V тоифа гуруҳлари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон очиқ чемпионатида шу спорт мактаби ўқувчиси Абдуллоҳ Неъматов 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича чемпионликни қўлга киритди.
Ўз иқтидори ва интилувчанлиги билан устозлари ишончини қозонаётган ёш спортчи Жиззах шаҳридаги 8-мактабнинг 5-синфида ўқийди. Абдуллоҳ тажрибали мураббий Асилбек Абдумуродов раҳбарлигида тўгаракда маҳоратини ошириб, ёш бўлишига қарамай, қатор мусобақаларда қатнашиб, юқори натижалар қайд этишга улгурди. Дастлаб шаҳар ва вилоят миқёсида кечган турнирларда ўз имкониятини синади. Ниҳоят, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
— Мақсадимга эришганимдан жуда хурсандман, — дейди Абдуллоҳ Неъматов олтин медалини кўрсатиб. — Энди ўз устимда янада яхшироқ ишлаб, тинимсиз шуғулланиб, мураббийларимдан кўпроқ ўрганиб, халқаро турнирларда ҳам омадимни синаб кўрмоқчиман. Бундай мусобақаларда юксак натижага эришиш осон бўлмайди. Чунки у ерда турли мамлакатларнинг чемпионлари учрашади, рақобат кучли бўлади.
Айтиш жоизки, сузиш мажмуасида машғулот ўтказиш учун шарт-шароит ва имкониятлар етарли экани, айниқса, вилоят ҳокимлиги спортчи ёшларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб, хайрихоҳ бўлаётгани ўғил-қизларга куч-ғайрат бағишламоқда. Хусусан, вилоят ҳокими турли чемпионатларнинг ғолиб ва совриндорларидан 12 нафарига сўнгги русумдаги планшет совға қилганининг ўзиёқ фикримиз далилидир.
Эътиборлиси, Абдуллоҳ ушбу мактабнинг ягона чемпиони эмас. Унинг мактабдоши Достон Қудратов ҳам Ўзбекистон очиқ чемпионатида қатнашиб, 50 метрга эркин сузишда 1-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги 36-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Исмоил Қобилов эстафетали сузиш баҳсида 3-ўринни эгаллади.
Исмоилга сўнгги дақиқаларда бироз тезкорлик етишмади. Унга мураббийи Асилбек Абдумуродов мусобақадан сўнг хатолари устида ишлаш кераклигини айтди. Бу сафар бронза медаль билан чекланган Исмоил келгуси баҳсларда ана шу камчиликларни бартараф этса, албатта, олтин медалга ҳам эришади. Зеро, унинг ҳам улкан орзу ва мақсадлари бор. Бу орзуга етишишнинг талаби — машғулотларда фаол бўлиб, меҳнатдан қочмаслик.
Абдуллоҳ Неъматов, Достон Қудратов, Азизжон Илҳомов каби жиззахлик ёшлар Ўзбекистон чемпиони бўлгани, Маликабдулазиз Илҳомов, Сардор Қудратов кумуш, Азиз Искандаров, Акбаршоҳ Ўктамов, Илёс Абдумуродов, Исмоил Қобилов сингари тиришқоқ ўқувчиларнинг 3-ўрин соҳиби бўлгани вилоятда сузиш бўйича янги авлод камол топаётганини билдиради. Уларнинг сафига ҳадемай сузиш ҳавзаларида маҳорат ошираётган ўнлаб ёшлар қўшилади.
Абдусаттор СОДИҚОВ