Кешда кураш байрами
Кўҳна ва навқирон Шаҳрисабздаги “Ҳисор” стадионида Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти соврини учун VII халқаро кураш мусобақаси ўтказилди.
Унда дунёнинг ўттизга яқин мамлакатидан келган сара полвонлар ўз кучини синаб кўрди. Эркаклар ўртасидаги беллашувлар 73, 81 ва 90 ҳамда мутлақ вазн тоифаларида ўтказилган бўлса, хотин-қизлар қарама-қаршилиги 57 ва 78 килограмм вазн¬да кечди.
Мазкур халқаро турнирнинг умумий ютуқ жам¬ғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этгани ҳар бир совринли ўрин учун кураш муросасиз ва қизғин ўтишини таъминлади.
Якунда хотин-қизлар баҳсида 57 кг вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Гулнор Сулаймонова олтин медални қўлга киритди. Кумуш медаль жанубий кореялик Лее Ҳюеон Жеонгга насиб этган бўлса, бронза медалларга ўзбекистонлик Машҳура Пардаева ҳамда таиландлик Ничакан Сееасал эга бўлди.
78 кг вазнли полвон қизлар беллашувида юртдошимиз Гулноза Матниёзова барча рақибларини мағлуб этиб, жумладан, финалда исроиллик Бар Фаринни енгиб, терма жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални тақдим этди. Лее До Гюеонг (Жанубий Корея) ва Кумуш Йўлдошева(Ўзбекистон)га бронза медаль берилди.
Эркаклар ўртасида кечган беллашувларни томошабинлар ўзгача завқ ва ҳаяжон билан томоша қилди. Жумладан, 73 кг вазн тоифасида гиламга чиққан полвонлар орасида тожикистонлик полвон Беҳрузи Хўжазодага олтин медаль насиб қилди. Унга финалда имкониятни бой берган юртдошимиз Давлат Абраев кумуш, қирғизистонлик полвон Мирлан Эралиев ҳамда ўзбекистонлик Умид Эсонов бронза медаль билан тақдирланди.
81 кг вазн тоифасида эронлик Элевас Алиакбари олтин, ўзбекистонлик Сарвар Шомуродов кумуш, тожикистонлик Акмал Муродов ҳамда ўзбекистонлик Камолиддин Расулов бронза медаль соҳибига айланди. 90 килограмли спортчилар қарама-қаршилигида олтин медаль Комроншоҳ Устопириён(Тожикистон)га, кумуш Муҳаммадали Шамс (Ўзбекистон)га, бронза медаллар Бекзод Бойкелдиев (Ўзбекистон) ва Ким Мин Гюу(Жанубий Корея)ларга тақдим этилди.
Томошабинлар олқишига энг кўп сазовор бўлган беллашувлар, шубҳасиз, мутлақ вазн тоифасидаги кураш бўлди. Унда ўзбекистонлик полвон Шерали Жўраевни енгадиган топилмади. Кумуш медаль исроиллик полвон Жафар Панлеванга берилган бўлса, ўзбекистонлик Илҳом Жўраев ҳамда мўғулистонлик Анар Дорж бронза медаль билан чекланди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бош соврини — 10000 АҚШ доллари мутлақ вазн тоифасида зафар қучган полвон Шерали Жўраевга топширилди. Шунингдек, исроиллик Жафар Панлеван 5000, бронза медаль соҳиблари Илҳом Жўраев ҳамда Анар Дорж 2500 АҚШ долларига эга бўлди. Мукофот ҳамда эсдалик совғаларини ғолибларга Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев топширди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ