Ўзбек шахмати ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган муҳим беш таклиф
Кейинги йилларда мамлакатимизда шахматни янада ривожлантиришга эътибор кучаймоқда. Айни жараёндаги ўзгаришлар, малакали спортчилар тайёрлашга доир масалалар, ютуқ-камчиликлар таҳлили хусусида Ўзбекистон шахмат федерациясининг биринчи вице-президенти, халқаро тоифадаги ҳакам Ҳусан Турдиалиев билан суҳбатлашдик.
— Аввало, юртимиз шахматчиларининг 2017 йил давомида эришган ютуқларига тўхталсангиз.
— Ўтган йил Ўзбекистон шахмат федерацияси фаолияти учун самарали бўлди. Миллий терма жамоамиз аъзолари 50 га яқин халқаро турнирда 39 олтин, 35 кумуш, 36 бронза медаль жамғарди (2016 йили 40 олтин, 12 кумуш ва 15 бронза медаль қўлга киритилганди). Осиё шахмат федерацияси мазкур йил натижаларига кўра, мамлакатимиз ёшлар делегациясини «Йилнинг энг яхши ёшлар делегацияси» мукофоти билан тақдирлади. Шунингдек, иқтидорли спортчимиз Нодирбек Абдусатторов ушбу ташкилот томонидан «Йилнинг энг яхши ўсмир шахматчиси» дея эътироф этилди. Боиси, у июль ойида АҚШнинг Сент-Луис шаҳридаги «Мингйиллик матчи»да жаҳон терма жамоаси таркибида АҚШ термасини мағлуб этишга ҳисса қўшди. Бундан ташқари, Абу-Даби шаҳрида ўтказилган XXIV «Abu-Dabi Chess Festival»да халқаро гроссмейстерликнинг иккинчи, Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада учинчи (яъни барча) талабини бажариб, жаҳон шахмат тарихида иккинчи энг ёш гроссмейстерга айланди.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг 31 мартидан 9 апрелигача давом этган 8—18 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида 121 нафар ҳамюртимиз дона суриб, умумжамоа ҳисобида қўлга киритилган медаллар сони(8 олтин, 12 кумуш, 9 бронза)га кўра, терма жамоамиз 1-ўринни эгаллади. Бу борада ҳиндистонлик ва эронлик тенг¬қурларини ортда қолдирди.
Руминияда апрель ойида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Нодирбек Ёқуббоев, Ҳумоюн Бекмуродов ва Афрўза Ҳамдамова олтин медални қўлга киритди. 15—25 июнь кунлари аёллар ва эркаклар ўртасида кечган Марказий Осиё чемпионатида Жаҳонгир Воҳидов 1-ўринни эгаллаб, жаҳон кубоги баҳсларига йўлланма олди. Гулрухбегим Тоҳиржонова эса аёллар ўртасидаги учрашувларда 2-ўринни олиб, жорий йил Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди.
Хитойнинг Панзинь шаҳрида ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатидан 18 медаль билан қайт¬дик. Августда Бразилиянинг Портос де Калдась шаҳрида 8—12 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида спортчиларимиз 2 кумуш, 1 бронза медални қўлга киритди.
Октябрь ойида Санкт-Петербург мезбонлик қилган халқаро мусобақада Нодирбек Ёқуббоев блиц йўналишида 350 нафар спортчи орасида 1-ўринни эгаллади. Айтиш мумкинки, ўзбек ёшлари тимсолида Марказий Осиёда истеъдодли шахматчиларнинг янги авлоди етишиб келмоқда.
— Мазкур кўрсаткичларга жавобан айни кез федерациянинг ҳудудий бўлимларида қандай ишлар амалга ошириляпти? Уларнинг фаолиятида ижобий ўзгаришлар борми?
— Ҳудудий бўлимларимизнинг ҳаммасида ҳам фаолият қониқарли эмас, зарур спорт инвентарлари, анжом ва ускуналар етишмайди, моддий-техника базаси ночор. Жумладан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самар¬қанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида шахмат ўйини учун стол-стуллар, механик ва электрон соатлар, шахмат доскаси етарли эмас.
Охирги аттестация натижаларига кўра, шахмат бўйича мураббий, тренер-йўриқчи, тренер-ўқитувчи классификатори бўйича тоифаланадиган мутахассислар Фарғонада атиги 16, Жиззахда 17, Наманган ва Қорақалпоғистонда 18 нафарни ташкил этаётгани жойларда ушбу спорт тури бўйича мураббийларга эҳтиёж юқорилигидан далолат беради.
Боз устига, пойтахтимиз ва Наманган вилоятидагина мунтазам фаолият кўрсатиш учун махсус хона ажратилган бўлиб, бошқа ҳудудларда шахмат федерацияларининг муқим ўрни йўқлиги ачинарли ҳол. Бухоро, Қашқадарё ва Жиззах вилоятида муайян бинолардан ижара асосида фойдаланилади. Аммо уларнинг ҳеч бири тренажёр залига эга эмас, тиббиёт хонаси, кийим алмаштириш, ювиниш, овқатланиш хоналари билан таъминланмаган. Эндиликда жойларда вилоят ҳокимликлари ва бошқа мутасаддиларнинг амалий кўмаги, доимий назорати орқали аҳвол сезиларли ўнгланишига умид боғлаяпмиз.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, жорий ўқув йилидан бошлаб жисмоний тарбия фани негизида шахмат сабоқларини ўргатиш қатъий белгиланган. Сизнингча, юртимиздаги таълим муассасалари шахматни ўқитишга тайёрми?
— Дунёнинг айрим давлатларида алоҳида фан сифатида ўқитиладиган шахмат мамлакатимиз узлуксиз таълим тизими дастурига киритилиб, уни ўргатиш бўйича машғулот соатлари белгилангани — катта янгилик. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бола ақлий тафаккури ривожида бу ўйин муҳим ўрин тутади. Ушбу ДТСда ҳар икки бўғиндаги таълим масканлари битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари, соғломлаштирувчи машқ компетенцияси белгиланган бўлиб, эндиликда ўқувчилар шахматнинг бошланғич ўйин қоидалари, доналарни юриш ҳамда шоҳни мот қилиш, ҳимоя ва ҳужум усулларини билиши зарур. Таассуфки, бу борадаги муаммоларга кўз юмиб бўлмайди. Аянчлиси, уларни ҳал этиш йўлида ҳанузгача бирор аниқ чора-тадбир ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани йўқ. Малакали кадрлар танқис.
Шу ўринда шахматни ривожлантириш бўйича айрим таклифларни билдириб ўтсам. Биринчидан, масаланинг моддий жиҳатини ҳисобга олиб, юртимизда «Шахматни ривожлантириш жамғармаси»ни таъсис этиш лозим. Иккинчидан, маҳоратли кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида шахмат кафедрасини очиш, олимпия захиралари ҳамда педагогика коллежларида шахмат ихтисослигини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Учинчидан, ФИДЕ қоидаларини ўзбек тилига ўгириб, шахматга доир китобларнинг “янги авлоди”ни яратиш, она тилимизда яхлит энциклопедия, ўқув-услубий қўлланмаларни кўп нусхада чоп этиш фурсати етди. Тўртинчидан, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларини шахмат инвентарлари, жиҳозлари билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарур. Бешинчидан, спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг шахмат бўйича штат бирлигини алоҳида ташкил этиш айни муддаодир.
Бундан ташқари, умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Оқ от” республика шахмат мусобақасини уюштириш, “Спорт” телеканалида шахмат ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаш, Ўзбекистон шахмат музейини бунёд этиш лозим. Хорижнинг илғор тажрибасига таянган ҳолда, шахмат бўйича мураббийларнинг маҳоратини узлуксиз ошириш бўйича тезкор ўқув курслари ташкил этиш ўзини ҳар жиҳатдан оқлайди. Айниқса, чет эллик шахмат намояндалари билан тажриба алмашиш, мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш муҳим.
Шунингдек, миллий терма жамоа аъзоларини қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида уларга ажратиладиган овқат пули миқдори ва ставкасини ошириш заруратга айланган. Қолаверса, халқаро гроссмейстерлик унвонини қўлга киритган спортчига бунинг нуфузини инобатга олган ҳолда, камида энг кам иш ҳақининг 60 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилаш ўринлидир.
Ўзбекистонда халқаро профессионал шахмат клублари филиалини очиш, спортчиларнинг рейтинг, кўрсаткич ва маҳорат даражасини ошириш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятларда йилига камида 3 та халқаро турнир ўтказиш мақсадга мувофиқ. Халқаро шахмат федерациясининг расмий чемпионатларини республикамизда ўтказиш, кўплаб хорижлик спортчиларнинг иштирокини таъминлаш орқали туризмни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшса бўлади.
— Жорий йилда шахматчиларимизни қандай мусобақалар кутиб турибди?
— Терма жамоа аъзолари 2018 йилда иштирок этиши режалаштирилган асосий мусобақалар талайгина. Жумладан, жорий йилнинг 21—25 июнь кунлари Беларусда 8—12 ёшли, 16—19 октябрь кунлари Грецияда 14—18 ёшли шахматчилар ўртасида рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати ҳамда ноябрь ойида Испанияда 8—12 ёшли, 19 октябрь—1 ноябрь кунлари Грецияда 14—18 ёшли ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бундан ташқари, 24 ноябрь—3 декабрь кунлари Туркияда 16 ёшгача бутунжаҳон ўсмирлар олимпиадасида терма жамоа аъзоларининг муваффақиятли иштироки кутилмоқда.
Ҳусан КАРВОНЛИ суҳбатлашди.