Спорт жиҳозлари яроқли бўлса...
Ёхуд спорт залида неча турдаги жиҳоз ва инвентарлар бўлиши керак?
Юртимизда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, ўғил-қизларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ва қабул қилинган давлат дастурлари юртимиз ёшларининг муносиб таълим олиши, соғлом улғайиши учун хизмат қилади.
Хусусан, умумтаълим мактабларидаги замонавий спорт зали ва майдончаларида яратилган қулайликлар бунга яққол мисол. Хўш, болаларнинг жисмоний тарбия фанига иштиёқини оширишда мактаб спорт залининг ўрни қандай?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 декабрдаги “2015—2020 йилларда умумтаълим мактабларини замонавий спорт заллари билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, умумтаълим мактабларининг спорт залларини жиҳозлаш нормативлари тасдиқланди. Унга кўра, спорт залида 34 турдаги спорт жиҳози ва инвентарлари бўлиши лозим.
Шунингдек, спорт анжомлари сони залнинг ҳажмига қараб белгиланиши ҳам қайд этилган. Масалан, ҳажми 9х18 метрли спорт залида 10 тадан, 12х24 метрлисида 15 тадан, 18х30 метр ҳажмга эга залда эса 20 тадан футбол, волейбол, баскетбол ва гандбол тўплари бўлиши лозим. Улар ҳар 6 ойда янгиланиши, гимнастика, гандбол, шахмат, шашка ва теннис билан шуғулланиш учун зарур спорт анжомлари, турли оғирликдаги тошлар, тирмашиб чиқиш учун арқон ва бошқалар сони, яроқлилик муддати ҳам аниқ белгилаб қўйилган.
Мавзу юзасидан пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 240-мактабдаги ҳолатни ўргандик. 1400 дан зиёд ўқувчи таълим олаётган илм даргоҳида 7 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси ишлайди. Биз борган пайтда 8-«Б» синф ўқувчиларига жисмоний тарбия дарси бўлаётган эди. Ўқитувчи Дилшод Мусақулов машғулотни спорт залида эмас, балки мактаб ҳовлисидаги футбол майдончасида олиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Жисмоний тарбия ўқитувчиси Сурайё Вакилованинг бўш вақтидан фойдаланиб, спорт залига кирдик. Умумий ўлчами 12x24 метрли зал ҳолати яхши. Машғулотларни меъёрий талаблар асосида олиб бориш учун тайёр.
— Дарсларни, асосан, амалий машғулот тарзида олиб боришга ҳаракат қиламиз, — деди Сурайё Вакилова. — Юқори синфларда жисмоний тарбия дарси қиз ва ўғил болаларга алоҳида ўтилади. Дарс¬дан ташқари вақтда ҳам спорт залимиз эшиги тўгарак аъзолари учун очиқ. Хусусан, баскетбол, стол тенниси, футбол, волейбол, шашка бўйича тўгараклар ташкил этилган. Бу мактабимиз ўқувчилари орасидан умидли спортчилар етишиб чиқишига замин яратмоқда.
Айтиш жоизки, ўқитувчилар билан суҳбат чоғида «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти мактабга етказиб бераётган айрим спорт анжомлари, айниқса футбол, баскетбол тўплари ва тўрлари жуда сифатсиз эканига гувоҳ бўлдик.
Спорт анжомлари сақланадиган хона кўздан кечирилганда, баъзи спорт анжомлари эскириб кетгани, баъзилари фойдаланишга яроқсиз экани кузатилди. Маълум бўлишича, жорий ўқув йилида мактаб спорт зали янги жиҳоз ва анжомлар билан таъминланмаган.
Аслида, улар ўз вақтида янгисига алмаштирилиши керак эди. Айни кез мактаб ўқувчилари мазкур буюм ва жиҳозларни асраб-авайлаб ишлатмоқда.
Дарвоқе, яроқлилик муддати ўтгач, зудлик билан янгиланиши лозим бўлган дори-дармон воситалари сақланадиган тиббиёт қутичасига негадир кўзимиз тушмади. Эҳтимол мутасаддилар ўқувчилар машғулот пайтида жароҳат олмайди, дея хотиржам юргандир.
Мавжуд камчиликларга қарамай, ўқувчиларнинг жисмоний тарбия фанига қизиқиши, иштиёқи юқори. Буни уларнинг машғулотларда бир хил спорт формасида иштирок этаётганидан ҳам билиш мумкин. Дарсдан ташқари пайтда болалар спорт тўгаракларида ҳам фаол қатнашади. Шунингдек, “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг туман ва шаҳар босқичида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллаяпти.
— Устозларимиз «Спорт — саломатлик гарови», дея кўп таъкидлайди, — дейди 8-“Б” синф ўқувчиси Сабина Мўминхўжаева. — Мен уларнинг сўзига амал қилиб, дарсдан ташқари вақтларда мактабимиздаги баскетбол ва волейбол тўгаракларига қатнаяпман. Бу менга кун давомида хуш кайфият ва ғайрат бағишлайди. Дарсларни пухта ўзлаштиришимга кўмак беради.
Мактабда Сабина сингари тиришқоқ ва аълочи ўқувчилар талайгина. Улар тажрибали устозларидан ўзлари қизиққан фанлар бўйича билим олмоқда. Бироқ халқимизда “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деган нақл борлигини унутмаслик лозим. Спорт залида яроқли ва сифатли жиҳозлар етарли бўлса, дарсларда улардан самарали фойдаланилса, асраб-авайланса, нур устига нур. Бу ўқувчиларда спортга ҳавас уйғотади, давоматнинг доимо юқори бўлишини таъминлайди.
Шоҳсанам МАҲМУДОВА