«Умид ниҳоллари—2018» якунланди
Ҳудудларда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди.
Аввал хабар қилганимиздек, юртимизда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Умид ниҳоллари–2018» спорт ўйинларининг финал босқичи ёшлик ва спорт байрами сифатида кенг нишонланди.
Жумладан, “Умид ниҳоллари–2018” спорт мусобақаларининг Сурхондарё вилояти финал босқичи Термиз шаҳрида бўлиб ўтди. Якуний босқич ғолиб ва совриндорларини шарафлаш ҳамда тақдирлашга бағишланган тадбир ёшлар хотирасида унутилмас из қолдирди.
Айтиш жоизки, ҳудудда мазкур фестивалнинг саралаш босқичларида жами 238 минг 796 нафар ўқувчи ўз имкониятини синади. Якунда Денов тумани ёш спортчилари фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, Президент совғаси — “Damas” автомашинасига эга бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Термиз шаҳри ва Қум¬қўрғон тумани ёш спортчилари банд этди.
Спорт байрамида ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқиши, бадиий жамоалар, эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури бўлиб ўтди.
* * *
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда «Умид ниҳоллари—2018» спорт ўйинлари якуний босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ва бошқалар ғолибларни муборакбод этиб, келгуси ишларига омад тилади. Шундан сўнг кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар ўз соҳибларига топширилди. Хусусан, спортнинг 21 тури бўйича кечган беллашувларда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган Асака тумани вакилларига Президент совғаси — “Damas” автомобили берилди. Кучли учликдан Хўжаобод ва Андижон шаҳри вакиллари жой олди.
— Уч босқичли спорт мусобақалари ёшлар учун бемисл имконият манбаи, — деди ёш мураббий Аъзамжон Муроджонов. — Масалан, мен «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида зафар қучиб, Андижон олимпия захиралари коллежига, «Баркамол авлод» фестивалида ғолиб чиқиб, Андижон давлат университетига имтиёзли тарзда қабул қилинганман. Универсиадада ҳам олтин медалга сазовор бўлдим ва Шаҳрихонда қурилган замонавий сузиш иншоотига ишга жойлашдим. Қисқа фурсат ичида 8 нафар мамлакат чемпиони тайёрладим. Мана, бугун «Умид ниҳоллари—2018»да шогирдларим 32 та медаль жамғарди. Айни кез мендан бахтли мураббий йўқ.
Тантаналарда вилоят фахри бўлган атлетлар — олимпиада ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев, жаҳон чемпиони Ўткирбек Ҳайдаров, Осиё чемпиони Ҳусниддин Рўзиев ва бошқалар иштирок этди.
* * *
Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида “Умид ниҳоллари–2018” спорт мусобақаларининг якуний босқичи ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. 21 спорт тури бўйича кечган муросасиз баҳсларнинг ҳудудий бос¬қичида шаҳар ва туманлардан 746 нафар ўғил-қиз қатнашиб, ўз куч ва иродасини намойиш этди.
Тақдирлаш маросимини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов кириш сўзи билан очиб бергач, вилоят ҳокими Эргаш Солиев спортчи ёшларни гўзаллик ва спорт байрами билан қутлади.
Сўнгра совғалар ўз эгаларига улашилди. Жумладан, “Умид ниҳоллари–2018” спорт ўйинларининг Жиззах вилояти миқёсидаги ғолиби дея Шароф Рашидов тумани ёшлари эътироф этилди. Уларга Президент совғаси — “Damas” автомашинаси топширилаётганда барчанинг ҳаваси келди, ҳатто қувончдан кўзига ёш олганлар ҳам бўлди. Иккинчи ўрин Жиззах шаҳри спортчиларига насиб этган бўлса, Ғаллаорол тумани ёшлари кучли учликни забт этди.
* * *
Самарқанд шаҳрида «Умид ниҳоллари—2018» мусобақасининг ҳудудий босқичи ғолиб ва совриндорлари маълум қилинди.
Мусобақанинг барча босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, якунда ўз салоҳияти ва иқтидорини намоён этган спортчи-ўқувчилар диплом, медаль ва кубок билан тақдирланди.
Таъкидлаш лозимки, фес¬тивалнинг саралаш босқичларида вилоятдаги 1200 умумтаълим мактабидан 474 мингга яқин ўқувчи иштирок этиб, ғолиблик учун курашди. Шаҳар ва туман босқичларида ғалаба қозонган уч ярим мингга яқин ўқувчи вилоят босқичида асосий ўринлар учун баҳслашди.
— “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари аввалгиларидан оммавийлиги билан ажралиб турди, — дейди оқтошлик собиқ спортчи Шуҳрат Усмонов. — Айниқса, 11 йиллик таълим тизими жорий этилиши натижасида юқори синф ўқувчиларининг ҳам иштирок этгани муросасиз қарама-қаршиликларга сабаб бўлди. Қолаверса, бу йилги ўйинлар дастурига кураш, турон яккакураши, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати кабиларнинг қўшилгани ҳам эътиборлидир.
Якунда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни олган Самарқанд шаҳри жамоасига Президент совғаси — “Damas” автомашинаси топширилди.
* * *
Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида “Умид ниҳоллари — 2018” спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолиб ва совриндорларини шарафлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Ёшлик ва нафосат байрамида юзлаб спортсевар ёшлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мусобақанинг саралаш босқичларида 215 минг 612 нафар навоийлик ўқувчи иштирок этди.
“Умид ниҳоллари—2018” спорт ўйинларининг финал босқичи ғолиби сифатида Навоий шаҳри вакиллари эътироф этилди. Уларга Президентимиз совғаси — “Damas” автомашинаси туҳфа қилинди. Иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Зарафшон шаҳри ва Хатирчи тумани ёш спортчиларига ҳам диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар улашилди.
Спорт байрами ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоа ва хонандаларнинг концерти билан якунланди.
* * *
Наманган вилояти ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими «гуллар шаҳри»даги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Шаҳар ва туман босқичларида баскетбол, дзюдо, оғир атлетика, волейбол, кураш, эркин кураш, футбол, юнон-рум кураши, белбоғли кураш, гандбол, таэквондо (WТF), турон яккакураши, стол тенниси, енгил атлетика, ўзбек жанг санъати, бадминтон, шахмат, сузиш, бадиий гимнастика, бокс, спорт гимнастикаси бўйича 50 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олингани, уларнинг 14 минг нафарга яқини қизлар экани эътиборга молик.
Наманган шаҳри жамоаси “Умид ниҳоллари—2018” мусобақаси ғолиби деб топилиб, жамоа вакилларига Президент совғаси — “Damas” автомашинаси тантанали тарзда топширилди. 2-ўринга аталган компьютер жамланмаси Тўрақўрғон тумани спортчиларига, телевизор эса 3-ўрин соҳиблари — Уйчи тумани ёшларига насиб қилди. Бундан таш¬қари, мусобақаларнинг юксак даражада ташкил этилишига ҳисса қўшган фаоллар, ташаббускор ва фидойи мураббийларга ҳам қимматбаҳо совғалар улашилди.
* * *
Нукус шаҳридаги “Манеж” спорт мажмуасида “Умид ниҳоллари—2018" спорт ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Музаффар спортчиларни шарафлаш байрамида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Эрниязов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Иноятов сўзга чиқиб, ғолибларни, шунингдек, бугун спортга қадам қўяётган жажжи атлетларни гўзаллик ва ёшлик байрами билан қутлади. Спортчиларнинг келгуси ишларига зафар ёр бўлишини тилади.
Шундан кейин мусобақа дастурига киритилган спорт турлари бўйича кечган баҳслар ғолиб ва сов¬риндорларига диплом, кубок, медаль ва қимматбаҳо совғалар берилди. Нукус шаҳри жамоаси 1-ўрин учун аталган кубок, медаллар, диплом ҳамда Президент совғаси — “Damas” автомашинасини қўлга киритди.
* * *
Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” марказий стадионида “Умид ниҳоллари—2018” спорт мусобақаси ғолиб ва совриндорлари жам бўлди.
Спортнинг 21 тури бўйича ташкил этилган мусобақаларнинг илк босқичида 420 мингдан зиёд ўғил-қиз иштирок этган бўлса, уларнинг 9 минг 400 нафари вилоят босқичигача етиб келди. Якуний баҳсларда эса 746 нафар ўқувчига кучли учликдан жой олиш насиб қилди.
Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев юртимизда спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшларимизни юксак марралар сари илҳомлантираётганини мамнуният билан таъкидлади ва ғолибларни табриклади.
Якунда умумжамоа ҳисобида Фарғона шаҳри ёшлари биринчи ўринни эгаллади. Улар Президентимиз совғаси — “Damas” автомашинаси соҳиби бўлди.
Кеча ёшлик ва муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар билан янада жонланди.
* * *
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг Тошкент вилояти босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
“Умид ниҳоллари” фестивали ёш авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спортга қизиқтириш, соғлом турмуш тарзига фаол жалб этишда муҳим аҳамият касб этди. Бу ҳақда кечанинг очилиш қисмида сўзга чиққанлар алоҳида тўхталди.
Маълумот учун айтиб ўтамиз: 21 спорт тури бўйича кечган мусобақанинг якуний баҳсларида жами 746 та медаль учун 3 минг 500 нафар ўқувчи курашди. Фестивалда Олмалиқ шаҳри вакиллари ғолиб бўлди ва Президент совғаси — “Damas” автомашинасини қўлга киритди. Чирчиқ шаҳри вакиллари иккинчи ҳамда Ангрен шаҳри жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
* * *
«Умид ниҳоллари–2018” спорт мусобақаларининг Тошкент шаҳар финал босқичи тантаналари ҳам ўтказилди. Ушбу кечага «Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилди.
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев мамлакатимиз ёшлари, келажагимиз эгалари — навқирон авлод вакиллари ҳаётида бундай байрамлар нечоғлик муҳим эканини алоҳида таъкидлаб, ғолиб ва совриндорларни самимий қутлади.
Хабарингиз бор, бу йилги мусобақалар спортнинг 21 тури бўйича ўтказилди.
Ана шу мусобақаларда энг кўп медаль жам¬ғарган Чилонзор тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва Президент совғаси — “Damas” автомобили билан тақдирланди. Кучли учликни Юнусобод ҳамда Миробод туманлари спортчи ёшлари банд этди.
Мана, ўқувчи-ёшларни қарийб йил давомида синаган, ҳаяжонга солган навбатдаги ёшлик байрами ҳам ниҳоясига етди. Унда куч ва иқтидорини, руҳий мувозанатини тенг тақсимлаган ёшлар зафар қучди. Ҳар бир иштирокчи қалбида дўстлик, бирдамлик, меҳр ва садоқат каби умуминсоний туйғулар айнан шу мусобақа баҳонасида янада жўш ургани эса ҳар қандай ғалабадан, ҳар қандай совғадан аълодир. Мана шу кайфият ёшларимизни Ўзбекистон номини жаҳон бўйлаб янада кўпроқ тараннум этишга ундаб турса, ажаб эмас.
МУХБИРЛАРИМИЗ