Ўқитувчи намуна бўлса ўқувчилар дарсларда фаол қатнашди
Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабига бориб, жисмоний тарбия дарсига ошиқаётган ўқувчилардан фан ўқитувчиси ҳақида сўрадик. Кўзлари чақнаб турган болалар мураббий ҳақида меҳр билан сўзлади. Бири устозининг фидойилиги, жонкуярлиги ҳақида гапирса, бошқаси меҳрибонлиги, билимдонлигини айтди.
— Спортга болалигимдан қизиққанман, айниқса, баскетбол ўйнаш жону дилим эди, — дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Дилмурод Яҳёев. — Шунданми, ўқувчилик давримда ҳам, талабалик йилларим ҳам баскетбол билан мунтазам шуғулландим. Кейинчалик ўзимни бошқа соҳаларда синаб кўрдим, лекин спортга меҳр ҳаммасидан устун келди. Шу боис мактабда болаларга жисмоний тарбия фанидан дарс беришга аҳд қилдим.
Дилмурод Яҳёев ўқишни тамомлагач, тумандаги 287-мактабда 30 йилдан буён жисмоний тарбия фанидан дарс бериб келаётган устозлари — спорт фахрийси Марамали Ганжиев ва Ҳамидулла Назировдан педагоглик маҳоратини ўрганди. Устозларидан билмаганини сўраб, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар олди. Мана, 8 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига жисмоний тарбия фанидан дарс бериб келаётир. Дилмурод Яҳёев ҳар сўзида эришган барча ютуқлари учун устозларидан чексиз миннатдор эканини таъкидлайди.
Муҳими, мураббийнинг ўзига хос дарс ўтиш услуби бор. Буни болаларнинг спорт майдонига катта иштиёқ ва қизиқиш билан келаётганидан ҳам пайқаш мумкин. Саф бўлиб тизилган 4-синф ўқувчилари мураббийнинг сўзларини жим туриб тинглаяпти. Ўқитувчи йўқлама қилиб, давоматни аниқлагач, ўтиладиган мавзуни айтди. Сўнг ўқувчилар майдонни уч маротаба айланиб югуриб, чигилёзди машқларини бажаришга киришди.
— Дарсларни режа асосида — тайёрлов, асосий ва якуний қисмга ажратган ҳолда ўтаман, — деди Дилмурод Яҳёев. — Аммо болаларни қизиқтириш учун бунинг ўзи камлик қилади. Шу боис асосий қисмда белгиланган мавзуни назарий ва амалий жиҳатдан тушунтириб, дарсни ҳаракатли ва эстафета ўйинлари билан давом эттираман. Болалар бундай ўйинларни жуда ёқтиради ва эстафета вақтида уларнинг руҳи кўтарилиб, фаоллиги ортади. Турли интерактив ўйинлардан ҳам фойдаланаман. Болалар учун мароқли топшириқлар ўйлаб топиб, шартларни ҳам ноодатий тузаман. Болалар жисмоний тарбия билан ўзи хоҳлаб шуғулланиши керак, мажбуран эмас.
Мураббийнинг дарс ўтиш услуби, қизиқарли топшириқларию интерактив ўйинлари ўқувчиларга манзур бўлади. Синфларда ўқувчи сони кўп, аммо вақт озлиги боис у дарсларни жамоавий усулда ўтади. Бунда ўқувчилар югургач, ора-оралаб олдинга чиқади ва тўрт қатор бўлиб сафланиб, ўқитувчи билан бирга машқ бажаради. Ўқувчилар орасидаги масофа меъёрида бўлгани, муҳими, ҳар бирини мураббий кўриб тургани боис бир-бирига туртиниб кетиш, тегажоғлик қилиб, дарсни бузиш ҳолатлари кузатилмайди. Бу дарс самарадорлигини оширади.
Чиниқтирувчи машқлардан сўнг болалар кутган эстафета ўйинларига старт берилади. Ўқувчилар уч гуруҳга бўлиниб, шартлар асосида куч синашади. Бор кучи билан югураётган болаларнинг ҳар бири ўзининг нечоғлик чаққон ва эпчил эканини кўрсатиб қўйишга интилади. Айрим болалар жамоадоши старт чизиғига етиб келиб, қўл беришини кутмай, олдинга отилади. Аммо бу — ғирромлик, ҳушёр мураббий бу қоидабузарлик учун гуруҳ тўплаган балдан бир қисмини жарима тарзида олиб ташлайди. Навбатдаги мусобақада — ўқувчилар ҳалқалар орасидан ўтиб, рўпарадаги байроқча(фишка)ни айланиб, тез маррага қайтиши лозим. Ғалабага интилган ўғил-қизлар чарчоқ нималигини билмайди — мақсад сари интилади.
Қизиқарли шартларга бой эстафетали мусобақаларни томоша қилиб, дарс тугаганини ҳам пайқамабмиз. Ўқитувчи журнални олиб, болаларни баҳолади. Очиғи, дарснинг қизиқарли ўтганини кўриб, завқландик.
Афсуски, шундай мароқли дарсда синфнинг 20 фоиз ўқувчиси қатнашмади. Ота-оналар, мактаб педагогик жамоаси ўғил-қизларнинг давомати, жисмоний тарбия фанига қизиқишини ошириш борасида ҳали ҳамкорликда кўп ишлаши лозимлигини илғадик. Мазкур масалада ота-оналар ташаббускор бўлиши зарур.
Изланиб, дарсга алоҳида тайёргарлик кўриб, яхши кайфиятда келган ўқитувчининг давомат пастлигидан ҳафсаласи пир бўлди.
Дилмурод Яҳёев соғлом турмуш тарзига амал қилиб, уйидан мактабгача (3 км) ҳар куни пиёда ёки велосипедда келади. Оила аъзоларига ҳам доимо ҳаракатда бўлишни уқтиради. Байрам мусобақаларида гоҳ маҳалласи, гоҳ мактаби шарафини ҳимоя қилади. Шунданми уни ҳамиша спорт кийимида, чаққон, тетик, ўзига ишончи баланд, кўтаринки кайфиятда кўрасиз.
— Жисмоний тарбия ўқитувчиси, аввало, ўқувчиларга ўрнак бўлиши керак, — деди педагог суҳбат жараёнида. — Ўзингиз турникда тортинолмасангизу, болаларга топшириқ берсангиз. Ўзингиз югуролмасангизу, уларни 3 километрга чопишга мажбурласангиз. Шу ҳам инсофданми?
Демак, ўқитувчи фақат тик туриб йўқлама қиладиган, дарахт соясида ўқувчига топшириқ бериб, якунда баҳолайдиган шахс эмас. У соғлом инсон сифатида ўқувчиларга намуна бўлиши, ҳам назарий, ҳам амалий билим бериши керак.
Мураббий дарсдан ташқари, мактабда баскетбол тўгарагини ҳам очган. Тўгарак ҳафтада бир марта 2 соатдан ўтилади. Қолган кунлари жадвал асосида шахмат, волейбол, бадминтон, мини футбол тўгараклари ишлайди.
— Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни жисмонан чиниқтириш ҳамда бирор спорт турига қизиқтиришда тўгаракларнинг аҳамияти катта,
— дейди Дилмурод Яҳёев. — Дарс пайти ўқувчилар орасидан баскетболга қизиқадиган, ҳаракатчан болаларни саралайман ва тўгаракка аъзо қиламан. Машғулотларимизда мактаб ўқувчилари билан бирга, атрофдаги маҳаллалардан ҳам болалар иштирок этади. Бу ўзаро рақобат муҳитини ҳосил қилиб, маҳорат ва тажриба ортишига хизмат қилади.
Мактабда спорт зали, волейбол, баскетбол ҳамда иккита мини футбол майдончаси бор. Спорт зали кенг, ёруғ ва шинам, бироз эскирган бўлса-да, спорт жиҳозлари етарли.
Мактабнинг спортсевар ўқувчилари туман миқёсидаги мусобақаларда етакчилар қаторида. Хусусан, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг туман босқичида 238-мактаб ўғил-қизлари фаол қатнашди. Айниқса, стол тенниси бўйича 5—7-синфлар ўртасида ўтган баҳсларда мактаб жамоаси туманда 3-ўринни эгаллади. Дилмурод Яҳёев ҳам фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Улар қатор мусобақаларда қатнашиб, ҳар сафар фахрли ўринларни қўлга киритиб келган. Масалан, Екатерина Носкова баскетбол тўгарагига қатнайди. У турли мусобақаларда қатнашиб, спорт усталарининг эътиборига тушди ва тавсия асосида спорт мактабида ўқишга йўлланма олди.
Ирода ТОШМАТОВА