«Бинафша»да спортсевар болалар беллашуви
Юнусобод туманидаги 70-умумтаълим мактабида «Бинафша» ёзги оромгоҳи қизғин фаолият олиб бормоқда. Ҳар соҳага қизиқувчан, билимдон ўқувчилар эрталабдан севимли оромгоҳи томон ошиқади. Болалар эрталабки бадантарбияни бажариб, жисмонан ва руҳан чиниққан ҳолда машғулотларга киришади. Ўз қизиқишига кўра илм-фан, спорт, касб-ҳунар бўйича сабоқ олишади.
— Кундузги оромгоҳда 140 нафар бола турли тўгаракларда ҳунар сирларини ўрганаяпти, — дейди мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Нодира Тўраева. — Оромгоҳимиз июндан августгача мунтазам ишлайди. Тўгаракларга 16 нафар тажрибали ўқитувчи-мураббий бириктирилган. «Моҳир қўллар», «Мусиқа маданияти», «Ёш қаламкашлар», «Ёш китобхонлар», «Мозийдан садо», инглиз, рус тили, рақс, бисер тўқиш, доирачилар тўгараклари ҳафтада тўрт маротаба икки соатдан фаолият кўрсатаяпти. Қувонарли томони, ўқувчиларимизнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтмоқда. Мақсадимиз — ўқувчиларимизни таътилда ҳам назоратсиз қолдирмаслик. Ота-оналар ҳам фарзандлари таътилда яхши ҳордиқ чиқаришаётганидан мамнун, ҳатто, айримлари болаларига қўшилиб машғулотларга қатнаяпти.
Тўгараклар ўтказилаётган хоналарни кузатдик. Улар тоза, озода, барча керакли ўқув қўлланмалари, кўргазмали қурол, китоблар, ахборот-коммуникация воситалари, спорт жиҳозлари билан таъминланган. «Моҳир қўллар» тўгарагида қизлар кашта, бисер тикади, турли кийимлар тўқийди. Қўнғироқ сочли қизалоқ ўз қўли билан қўғирчоғига кўйлак бичади. «Инглиз тили» тўгарагидан болаларнинг чет тилида қувноқ шеър ёки қўшиқ куйлаётган овози эшитилади. Айниқса, спорт тўгаракларида ўқувчиларнинг завқу иштиёқи ўзгача. Шахмат, шашка, стол тенниси, гимнастика тўгарагида машғулотлар қизғин. Гимнастикачи қизлар тасма, ҳалқаларда спорт элементларини завқ билан бажаради. «Ақл гимнастикаси» баҳсларида болалар бир-бири билан беллашиб, маҳоратини оширади. Стол тенниси тахтасини ўраб олган ўғил-қизлар шарчани ракетка билан бир-бирига улоқтириб мароқ билан теннис ўйнайди. Ўйинда ютган қизалоқ хурсандлигидан қийқириб юборади. ўолиблик ҳисси болага бир олам қувонч бағишлайди. Чиндан ҳам, спорт болани жисмонан чиниқтиради, ҳар бир машқни тезкор, хатосиз бажаришга, эпчиллик, чаққонликка ўргатади.
— Таътилда спорт машғулотларини кучайтиришга ҳаракат қиламиз, — дейди гимнастика тўгараги раҳбари Шаҳноза Тўраева. — Қизлар асосан гимнастика тўпи, тасма, ҳалқа билан машқ бажаришни, ўғил болалар стол тенниси билан шуғулланишни яхши кўради. Улар учун ҳафтада икки марта «Спорт — тинчлик элчиси» шиори остида, «Соғ танда — соғлом ақл», «Қувноқ стартлар», «Ким эпчилу ким чаққон?» спорт мусобақалари ўтказамиз. Спорт орқали ўқувчиларимизнинг иродаси тобланиб, уларда эпчиллик, тезкорлик каби жисмоний сифатлар ривожланиб бормоқда.
Оромгоҳда ташкил этилган махсус тиббиёт пунктида шифокорлар болаларнинг саломатлигини мунтазам текшириб боришади. Тиббиёт пунктида биринчи тиббий ёрдам учун зарур воситалар мавжуд. Машғулотга қатнашаётган болаларга тиббий хизмат кўрсатилиб, уларнинг умумий физиологик ҳолати доимий назоратга олинган.
— Оромгоҳда болаларнинг саломатлиги текширилиб, сўнгра машғулотларда иштирок этишига рухсат берилади, — дейди Юнусобод тумани кўп тармоқли поликлиника педиатри Саида Аъзамова. — Маълумки, ёзда болаларда ич кетиши, бош ва қорин оғриғи, ҳолсизланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Шунинг учун, боланинг умумий аҳволи, тана ҳароратини ҳар куни эрталаб текшириб, назоратдан ўтказамиз. Бир ҳафтада бир марта уларнинг вазни, бўйи ўлчаниб, машғулотдан сўнг кузатилаётган ўзгаришлар қайд этиб борилади. Текширувларда болаларга шахсий гигиена, қўлни ювиш, тозалик ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориб, тиббий маданиятини оширишга ҳам ҳаракат қиламиз.
Биз оромгоҳга келган куни бошланғич синф ўқувчилари ўртасида «Қувноқ стартлар» спорт мусобақаси ўтказилаётган экан. Спорт тадбирини ўтказишга масъул мураббий, 45-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби услубчиси Баҳодир Дўстматовни суҳбатга тортдик.
— Кўриб турганингиздек, оромгоҳда спорт тадбирлари қизғин паллага кирган, — дейди Б.Дўстматов. — Ҳафтанинг ҳеч бир куни спорт мусобақаларисиз ўтмайди. Бугунги «Қувноқ стартлар» мусобақасида кичкинтойлар ҳар бир эстафета машқларини эпчиллик, чаққонлик билан бажаришди. Хуллас, таътилда спорт билан дўст тутинган бола кам бўлмайди.
Мусобақада 48 нафар бола бешта қизиқарли шарт асосида беллашди. «Спортчи», «Лочин», «Бургут» жамоаларининг чаққон ўғил-қизлари қизғин ва муросасиз баҳсларда ғолиблик учун курашди. Кичкинтойлардан бири эстафета таёқчаси билан марра чизиғи томон югурса, бошқаси баскетбол тўпини ерга уриб, югуриб келиб шеригига узатади. Ўйинда завқ-шавқ, кўтаринки кайфият ҳукмрон, болажонлар юзида қувноқ табассум балқийди. Сардорлар баҳсида эса ҳар бир жамоа сардорлари кўзи боғланган ҳолда кўпроқ предмет йиғишга ҳаракат қилади. Баҳслар болаларнинг шўх-шодон кулгуларига уланиб кетди. Болалар ҳар бир шартни астойдил бажариб жамоасига керакли балл жамғаришга, бир-биридан ўзиб кетишга ҳаракат қилди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Ҳа, «Бинафша» оромгоҳида ҳар бир кун ана шундай мароқли кечади, болалар ёзнинг олтин кунларини мазмунли ўтказади.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири