Нурота чашмаси
Нурота тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ривоятларда айтилишича, Искандар ўз лашкарлари билан шарқдан ғарбга томон келаётиб, Нурота шаҳрига яқин жойда тўхтайди. У дам олгач, тоғ тепасига чиқиб, атрофни томоша қилади. Шимол томонда осмондан нур ёғилаётганига кўзи тушади. Бу қандай синоат, деб саркарда ўша томонга боради. Рўпарадан бир булоқ чиқади, унга осмондан нур ёғилиб турибди. Ажабо! Сўлим, хушманзара, мусаффо бу жой шифобахш суви ва ерининг текислиги билан Искандарни ўзига мафтун этади. Икки лашкарбошига: “Мен қайтиб келгунимча шундай бир қўрғон қурингларки, уни мендай Искандар ололмасин”, дея подшоҳи олам ғарб томонга кетади. Лашкарбошилар унинг амрини бажо келтирадилар.
Қўрғондан чиқиб, Искандарнинг олдига борган ва унга таъзим бажо айлаган лашкарбошилар шоҳнинг қўрғонга ташриф буюришини сўрайди. Шоҳ уларга тасанно айтади ва иззат-икром билан қалъага кириб, дам олишга чоғланади. Кейин яна қўшини билан жўнаб кетади.
Бу ривоят Абдулло ибн Масъуднинг “Нур ҳақида рисола” номли китобида назмий шаклда ёзилган. Демак, Нуротанинг бундай аталишида ҳаётий ҳақиқат бор.
ХV асрда яшаган Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий асарларида шаҳримиз номи “Нур” деб тилга олинган. Шоҳ Машраб (XVIII аср) Нуратога бағишлаб шеър ёзган. 1930-йиллардан бошлаб матбуотда Нурота деб ёзила бошланган.
Чиндан ҳам Нуротада зиёратгоҳлар кўп. Ғозғон ва Деҳибаланд қишлоқларида саҳобалар қабрлари, Нурота шаҳрида Мозари (Сангандоз), Полвон Аҳмади Замжи (Шойрис), Шайх Абул Ҳасан Нурий, Шайх Абул Ҳасан Румий зиёратгоҳи ва бошқа шу каби муқаддас қадамжолар бор. Мустақиллик йилларида бу жойлар янада кўркамлик касб этди.
Нурота чашмаси сувининг шифобахшлиги қадим замонлардан маълум ва машҳур. Чашманинг шифобахшлигини биология фанлари доктори, академик К.Зокиров тадқиқ қилган. “Асрлар оша Нуротанинг донғини оламга таратиб келган биринчи нарса унинг қоракўли бўлса, иккинчиси мана шу чашмадир. Уни обод қилиш керак. Ундан инсонлар саломатлиги йўлида фойдаланмоқ зарур”, деб ёзади олим. Геология-минералогия фанлари доктори, профессор Н.Кенисарин “Нарзан, баржоми, Есентуки сингари кўплаб шифобахш минерал сувлар бўлиб, улар таркибида инсон организми учун зарурий бир қанча микроэлемент ва кимёвий бирикмалар бор. Нурота чашмаси ҳам ана шундай хусусиятларга эга”, деб таърифлайди.
Нурота чашмаси шу қадар тиниқки, тубида сузиб юрувчи балиқлар аниқ-тиниқ кўринади. Балиқ чашма сувини тозалаб турувчи манбадир. Бу балиқларни нуроталиклар “авлиё балиқ” деб ҳам атайди. Биология фанлари номзоди К.Ҳайдаров буни қуйидагича изоҳлайди: “Чашмани макон айлаган оддий қора балиқ(маринка)ни еган киши шикастланиши, ҳатто ўлиши мумкин. Сабаби — қора балиқнинг ичида заҳарли қора пардаси бор. Кишилар билар-билмас қора пардани ёриб юборса, у бутун балиқ гўштини заҳарлайди”.
“Чашма” зиёратгоҳи ажойиб бир масканга айланди. Зиёратгоҳ олдида дарвозагача элтадиган катта майдон бор. Майдондан берида европача усулда қурилган истироҳат боғи дарахтлар, гуллар, майсазор билан ўралган. Ўртада фаввора. Дарвозаси ҳамиша очиқ. Йўлакчаларда гул ва арчалар қад ростлаб турибди. Замонавий усулда таъмирланган масжид ёнидан булоққа томон юрсангиз, “Бешпанжа” ғори чиқади. ўорга тикилиб қарасангиз, ҳақиқатан ҳам гўё катта-катта бармоқ изларига ўхшаш бешта из мавжуд бўлиб, ундан булоқ отилиб чиқади. Ёз чилласида ҳам бу сув этни жунжиктирадиган даражада совуқ бўлади. Шифобахш, ҳузурбахш, ширин ва мазали. Булоқ атрофида нураб ётган эски обидалар қайта таъмирланган. Тарихий ёдгорликлар сақланаётган музей ёнида ҳунармандлик маҳсулотлари бисёр. Ундан тепаликка чиқадиган зинапоя бошланади. Тепаликка чиққан киши бутун Нурота шаҳрини томоша қилиши мумкин. Бу жуда мароқли. Замонавий услубда барпо этилган меҳмонхона, бозор ва дўконлар куну тун халқ хизматида. Нурота тумани мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуддир.
Роза ҚУРБОНОВА