Курашчиларимиз 3 та олтин медални қўлга киритди!
Индонезияда давом этаётган 18-Осиё ўйинлари энг қизғин паллага кирди. Атлетларнинг энди ҳар бир чиқиши медаллар тақдирини ҳал қилади. Бу эса қитъа миқёсидаги «олимпиада» ўз сарҳисобига тобора яқинлашаётганини англатади.
Мусобақаларда ҳамюртларимиз ҳам ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Айниқса, Осиё ўйинларидан муносиб ўрин олган миллий курашимиз бўйича кечган дастлабки баҳслардаёқ Ўзбекистон терма жамоаси кураш мусобақаларининг яққол етакчиси эканини кўрсатиб қўйди. Энг қувонарлиси, кураш беллашувларига старт берилган биринчи кун учун «ажратилган» учта вазн тоифасидаги олтин медаль ҳам юртдошларимизга насиб этди.
-66 кг вазн тоифасида ҳал қилувчи учрашувда икки полвонимиз рўбарў келди. Маъруф Ғайбуллоев ва Руслан Бўриев қарама-қаршилигида Маъруфнинг қўли баланд келди. Шу тариқа Маъруф Ғайбуллоев Осиё ўйинлари тарихида кураш бўйича илк олтин медалга сазовор бўлган полвон сифатида тарихга кирди.
Ўзбекистон жамоасининг -52 кг вазн тоифасидаги яна бир вакили Гулнора Сулаймонова ҳам шу куни ўз «юлдузли онлари»ни бошдан ўтказди. У дастлаб индонезиялик Мая Сари Сембирингни мағлуб этган бўлса, кейин қозоғистонлик Акжўл Кайипхан, сўнгра мўғулистонлик Герелма Эрденетсогт ва финалда ҳиндистонлик Ядҳав Малапраб¬ҳа Яллаппанинг курагини ерга теккизиб, Ўзбекистон спорт делегациясига 8-олтин медални тақдим этди.
Тўққизинчи олтин медаль эса кураш бўйича жамоамизнинг +90 кг вазн тоифасидаги полвони Муҳсин Ҳисомиддинов ҳисобига ёзилди. Тажрибали курашчимиз ярим финалда афғонистонлик Мансур Сарваридан устун келиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи учрашувда у эронлик полвон Жаъфар Паҳлавонижагарҳни фаоллиги эвазига доғда қолдирди. Қизиғи, ярим финалда Паҳлавонижагарҳ бошқа бир полвонимиз бронза медаль соҳиби — Нурбек Тўраевни енгганди. М.Ҳисомиддиновнинг ғалабаси ўзига хос реванш ҳам бўлди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Олдинда яна бир неча полвонимиз совринли ўринлар учун курашни давом эттирмоқда. Улар ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, ўз ютуқлари эвазига Ўзбекис¬тон спорт делегациясининг Осиё ўйинлари рўйхатидаги ўрнини янада мус¬таҳкамлашига ишонамиз.
Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинларининг бошқа спорт турлари бўйича мусобақаларида ҳам юртдошларимиз ўз иқтидорини кўрсатмоқда. Хусусан, Жакарта шаҳрида кечган бадиий гимнастика бўйича яккалик баҳсларида спортчимиз Сабина Тошкенбоева кумуш медаль билан тақдирланди. У тўрт чиқиши эвазига жами 65.850 очко тўплаб, 2-ўрин билан кифояланди.
Ундан ҳам қувончлиси, ўзбекистонлик оғир атлетикачи, 2016 йилги «Рио олимпиадаси» ғолиби Руслан Нуриддинов Осиё ўйинларида ҳам ишончни оқлади. У 105 кг вазн тоифасида майдонга чиқиб, 421 кг (даст кўтаришда 191, силтаб кўтаришда 230 кг) тошни бўйсундирди ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига нав¬батдаги олтин медални қўшиб қўйди ҳамда Осиё ўйинлари рекордини янгилади. Яна бир эътиборли жиҳати — бу олтин медаль Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари тарихидаги оғир атлетика бў¬йича илк олтин медалидир.
Оғир атлетикачиларимиздан 75 кг вазн тоифасида иштирок этган Омадой Отақўзиева кумуш, +105 кг вазнда эса Рустам Жангабоев бронза медални қўлга киритди. Каратэ (WKF) қарама-қаршиликларида -50 кг вазн тоифасида Баҳринисо Бобоева Осиё ўйинлари кумуш медалига сазовор бўлди.
Аксарият юртдошларимиз умид қилган ва ишонаётган боксчиларимиз деярли тўлиқ таркиб билан финал сари дадил бормоқда. Жумладан, -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов, -56 кг вазн тоифасида Миразиз Мирзахалилов, -64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров, -75 кг вазн тоифасида Исроил Мадримов, -69 кг вазнда Бобоусмон Ботуров, -52 кг вазнда Жасурбек Латипов ва -60 кг вазн тоифасида Шунқор Абдурасулов нав¬батдаги бос¬қичга йўлланма олди.
Айни кез юртдошларимиз 9 олтин, 15 кумуш ва 14 бронза — жами 38 медаль тўплаб, иштирокчи мамлакатлар рейтингида 9-ўринда бор¬япти.
Зоҳиджон ХОЛОВ