Кўҳна Кеш санъат оғушида
“Шашмақом”га қулоқ тутинг... Юрагингизни сел қилиб юборади. Мақомни тинглаб олис-олисларга — мозий қаърига сингиб кетасан киши. “Бузрук”, “Рост”, “Наво”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Ироқ” — ҳар бирида ўзига хос дунё яширин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўлим ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳрида илк бор Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтмоқда. 2018 йил 6 сентябрь куни бошланган анжуманга дунёнинг барча қитъаларидан 73 давлатнинг 320 нафар вакили ташриф буюрди.
Анжуманни йигирма уч давлатдан келган ОАВ вакиллари ёритиб бормоқда.
Халқаро мақом санъати анжумани доирасида 6 сентябрь куни 19 давлатдан келган 30 нафар олим иштирокида “Мақом тарихи ва унинг санъат тамаддунида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Мақом назарияси, тарихи ва унинг ёшлар ўртасида кенг тарғиб этилиши ҳамда санъатни ривожлантириш борасида амалга ошириш зарур бўлган ишлар тўғрисида сўз борди.
“Халқаро мақом санъати анжумани” доирасида Шаҳрисабзда нафақат мақом санъати, балки номоддий меросимиз ҳисобланмиш урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва аҳолининг турмуш тарзини акс эттирувчи павильонлар ҳам ташкил этилгани анжуманнинг юқори савияда ўтаётганидан дарак бериб турибди.
Маҳобатли Оқсарой обидаси ва Соҳибқирон ҳайкали сари яқинлашар экансиз, бир-биридан жозибадор, такрорланмас манзараларга дуч келасиз. Қадимий обидалар билан бирга халқимизнинг бой маданий меросини акс эттирувчи экспонатлар, халқ ҳунармандчилик намуналари нафақат хорижлик сайёҳларни, балки маҳаллий аҳолини ҳам эътиборсиз қолдирмади.
Энг асосийси, 29 давлат вакиллари мақомнинг турли йўналишлари бўйича ўзаро беллашади. Мамлакатимиздан 4 та жамоа танловда иштирок этмоқда. Халқаро хайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация (“Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда”) бўйича баҳоланади. Халқаро ҳайъат ижрочиларни иккита — ансамбль ва яккахон йўналишлари бўйича баҳолайди.
6 сентябрь куни Оқсарой майдонида барпо этилган 1800 ўринли амфитеатрда Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Президентимиз Амир Темур бобомиз барпо этган Оқсарой майдонида ўтаётган халқаро мусиқа санъати анжумани иштирокчилари ва меҳмонларини қутлаб, жаҳон халқларининг мусиқий хазинасига айланган мақом санъатини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш мазкур анжуманнинг асосий мақсади эканини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, нуфузли санъат анжуманида иштирок этиш учун ташриф буюрган халқаро ташкилотлар, мақом ижрочилиги бўйича катта мактабга эга мамлакатлар маданият соҳаси мутасаддилари, санъат арбобларига миннатдорлик билдирди.
Анжуманнинг очилиш маросимида театрлаштирилган мақом чиқишлари намойиш этилди.
Шунингдек, анжуман доирасида хорижлик меҳмонлар ва диёримиз меҳмондўст хал¬қи республикамиз 14 ҳудудининг тарихи ва маданиятини ифода этувчи саҳна кўринишлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари, ҳунармандларнинг кўргазмаси ва ярмаркаси, миллий либослар кўргазмаси, дорбозлар чиқиши, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, таомларнинг тайёрланиш усуллари ва кўплаб бошқа намойишларни томоша қилишди.
— Анжуманга юқори даражада тайёргарлик кўрилган, — дейди Германиянинг Мюнстер университети профессори, анжуман қатнашчиси Ральф Мартин Жейгер. — Ҳар бир кўриниш худди эртаклардагидек киши ёдида қолади. Мен бундай нуфузли анжуманда қатнашаётганимдан мамнунман. Анжуман давомида Шаҳрисабз шаҳрида янги ташкил этилган “Мақом” музейи билан яқиндан танишмоқчиман.
— Шаҳрисабз буюк Амир Темур бешигини тебратган муқаддас маъво, буни чуқур англаб етмоқ керак, — дейди Марокаш давлатидан келган меҳмон, анжуманнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси Брахим Ел Мазнед. — Бундай жаннатмонанд юртда нуфузли анжуманни кузатиб, баҳолаб бориш катта масъулият юклайди.
Оқсарой майдонида танлов иштирокчиларининг чиқишлари, ўзбек санъаткорлари ва мусиқий жамоалар ижросидаги концерт дастурлари давом этмоқда.
Ўктам МЕЙЛИЕВ