Ёшлик ва нафосат байрами
Ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида жисмоний тарбиянинг аҳамияти катта. Мамлакатимизда ўғил-қизларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шарт-шароит муҳайё. Ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, келгусида халқаро мусобақаларда иштирок этишга тайёрлаш мақсадида жойларда йирик фестиваллар, турнирлар ўтказилаётир.
Юртимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон гандбол федерацияси ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида Олимпия захиралари коллежлари ва спорт мактаблари гандболчи қизлари ўртасида ўтказилган «Олимпия умидлари» республика фестивали бунинг яққол тасдиғидир.
Фестивалнинг бу ерда ўтказилгани бежиз эмас. Бугунги кунда жиззахлик ёшларнинг турли спорт мусобақаларида эришаётган ютуқлари салмоқли бўлмоқда. Жиззах олимпия захиралари коллежининг спорт залида бўлиб ўтган мазкур фестивалга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг ёш спортчилари ташриф буюрдилар.
— Ўзига хос спорт байрамига айланган фестивални ўтказишга вилоятда жуда пухта ҳозирлик кўрилганлигига гувоҳ бўлдик, — дейди Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоилжон Матхолиқов. — Кутиб олиш, дам олиш учун яратилган шароитлар кайфиятимизни кўтарди. Ўйинлар ўтаётган спорт залида мусобақаларни юксак савияда ташкиллаштиришга зарур шарт-шароитлар яратилган. Дам олиш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, саёҳатлар уюштирилмоқда. Бундай тадбирлар иштирокчиларнинг мусобақанинг кўтаринки руҳда ўтишига далда бўлаяпти.
Ёш спортчиларнинг фестиваль ғолиблигини қўлга киритиш учун курашга интилишлари дастлабки ўйинларданоқ кўзга ташланди. Жамоалар 2 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро беллашмоқдалар. 1-гуруҳдан Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Наманган, Андижон, Қашқадарё вилоятлари, 2-гуруҳдан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Тошкент вилояти, Сирдарё, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари жамоалари жой олишган. Дастлабки уч учрашувдан кейин 1-гуруҳда Самарқанд ва Жиззах вилояти ёшлари 6тадан очко жамғариб, юз фоизлик натижа билан пешқадамлик қилишмоқда. 2-гуруҳда эса Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари гандболчи қизлари 4тадан очко жамғаришгани боис сўнгги учрашувлар қизғин кечиши кутилмоқда.
Кеча бўлиб ўтган Самарқанд ва Жиззах вилояти ёшлари ўртасидаги учрашув гуруҳдаги якка пешқадамни аниқлаб берди. Бунда беллашувга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрган, майдонга кўтаринки кайфиятда тушган жиззахлик ёшларнинг қўли баланд келди. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсда улар рақибларини 30:25 ҳисобида мағлуб этдилар.
— Ғолиблик учун кураш ҳеч қачон осон кечмайди, — дейди ғолиб жамоа вакили Зуҳра Рустамова. — Жамоамизнинг майдонда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши, тўп узатишда хатоларга кам йўл қўйганимиз учун учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилдик. Гуруҳда ғолибликни қўлга киритиб, финалга чиқишимизга ишончимиз яна ортди.
Майдонда ҳар бир ўйиннинг юксак савияда ўтаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Учрашувларни бошқариб бориш учун бош ҳакам Мидхат Бикматов бошчилигида тажрибали ҳакамлар жалб этилди. Улар орасида тошкентлик 2 нафар халқаро тоифадаги ҳакам — Улуғбек Икромов, Алишер Абдуллаев бор. Ўйинларни маҳорат билан бошқариб борган жиззахлик Ҳасан ва Ҳусан Аҳмедовлар ҳам ўзларининг холис қарорлари билан томошабинлар ҳурматига сазовор бўлдилар. Умуман, ўйинларни бошқариб бориш учун 10 нафар малакали ҳакам ташриф буюрган.
«Фарзандлар камоли — муқаддас юрт истиқболи» шиори остидаги мазкур фестиваль чинакамига байрам руҳида ўтди. Натижалардан қатъи назар, ёш спортчилар тенгдошлари билан дўстлашмоқда, спортнинг тинчлик элчиси эканини амалда намойиш этмоқдалар. Гандбол бўйича ўтказилган мазкур фестиваль 30 июль куни ниҳоясига етади.
Абдусаттор СОДИҚОВ