Зиёли ижодкорлар баҳси
Пойтахтимиздаги Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабида «Ма’rifat» — «Учитель Узбекистана» газеталари соврини учун 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган шахмат турнири ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда таниқли устоз адиблар ўртасида анъанавий — швейцарча тизимда кечган баҳсларда турнирнинг амалдаги ғолиби, халқимизнинг севимли адиби Хуршид Дўстмуҳаммад, таниқли шоир Азим Суюн, моҳир шоир ва таржимон Асрор Мўмин, устоз журналистлар Сайди Умиров, Саъдулла Ҳакимов, Ҳабиб Темиров, Ҳалим Саидов ва бошқалар иштирок этди.
Таҳририятнинг мазкур турнирни ўзига хос анъанага айлантиришидан кўзлаган мақсади оддий: халқимизнинг зиёли қатлами, хусусан, таниқли ижодкорлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, улар тимсолида «ақл гимнастикаси» бўлган интеллектуал ўйин — шахматни кенг тарғиб этиш, бу орқали ёш авлод вакилларини соғлом турмуш тарзига чорлаш, ва асосийси, устозлар байрамини ҳаёт китобига унутилмас тарзда муҳрлашдир.
Мусобақа якунида шахматчи ижодкорларга жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги шахмат устаси Шамсиддин Воҳидов ўзига хос сеанс ўтиб берди.
— Навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, спортнинг барча турлари қатори шахматни изчил ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлашни истардим, — деди турнир иштирокчиси С.Умиров. — Бунда устоз ва мураббийларнинг хизмати беқиёс, албатта. Уларнинг тажрибаси, билими ва меҳри шогирдлари парвозига, муваффақиятига қанот беради. Бугун мусобақада Шамсиддин Воҳидовдек ёш жаҳон чемпиони билан дона суриб, ич-ичимдан яйрадим, шундай иқтидорларимиз кундан-кунга кўпайиб бораётганидан ғурурландим.
Чиндан ҳам, спорт турларини ривожлантириш ҳамда оммалаштиришга қаратилаётган эътибор мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқларида яшаётган, мамлакат равнақи учун ҳисса қўшаётган халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Буни қисқа давр ичида биргина шахмат бўйича юртимиздан ўнлаб жаҳон, қитъа чемпионлари, нуфузли мусобақа ғолиблари, халқаро гроссмейстерлар етишиб чиқаётганидан ҳам билиш мумкин.
— Шахмат — шунчаки ўйин эмас, — деди турнирдан завқланган А.Мўминов. — У одатий спорт турларидан тафаккурга йўғрилгани, кутилмаган комбинацияларга бойлиги билан ажралиб туради. Муҳими, шахмат ижодкорларга катта руҳий ва маънавий куч бағишлайди, илҳомлантиради. Кўнгил одами бўлган адиблар учун шахматдаги ҳар бир юриш катта маънога эга. Айниқса, ундаги ғалабанинг қиймати баланд. Мен Ўзбекистон шахмат мактабининг нуфузи тобора юксалиб бораётганидан қувонаман. Қаранг, хал¬қаро мусобақаларда ўзбек ёшлари юксак натижаларга эришиб, халқимиз қандай салоҳиятга эгалигини, биз аслида қандай улуғ боболарнинг вориси эканимизни намоён этмоқда.
Турнир якунида қизиқ ҳолат, шахмат мусобақаларидаги одатий вазият юзага келди. Яъни, бир йўла уч иштирокчи — Ҳабиб Темиров, Хуршид Дўстмуҳаммад ва Алижон Абдураҳмонов бир хил очко тўплади. Турнир ҳаками FIDE устаси Маматқул Хайлаев уларнинг ўрнини қўшимча кўрсаткичлари бўйича аниқлади. Натижада Ҳ.Темиров ғолиб деб топилди. Х.Дўстмуҳаммад 2-ўринни банд этган бўлса, А.Абдураҳмонов кучли учликдан жой олди. Шунингдек, Сайди Умиров, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким турли номинациялар ғолиби деб топилди.
Ғолиб ва совриндорларга таҳририятнинг диплом ва эсдалик совғалари берилди.
Зоҳиджон ХОЛОВ