Жамоавий ўйинлардаги оғриқларимиз
Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг муҳим воситаларидан бири бўлган спорт, жумладан, болалар спортини янада ривожлантириш кечиктириб бўлмас долзарб аҳамиятга эга.
Спорт иншоотларини зарурий жиҳозлар, малакали мураббий ва мутахассислар билан таъминлаш, ёшларнинг нуфузли спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиши учун яратилган кенг шароит ўз самарасини бермай қолмайди.
Аммо негадир юртимиз ёшлари спортнинг жамоавий турлари бўйича у қадар ҳам мақтанарли натижаларни қайд этолмаяпти. Ваҳоланки, халқимиз ва кенг спорт жамоатчилиги бир неча йиллардан бери волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва футбол бўйича жаҳон чемпионатларида иштирок этадиган жамоа етишиб чиқишини орзу қилади.
Индивидуал спорт турлари ва жамоавий ўйинлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Жамоавий ўйинлар кўп жиҳатдан мураккаб бўлиб, унда икки ва ундан зиёд атлетдан бир натижа учун курашиш талаб этилади. Жамоадаги ҳар бир спортчининг ўзига яраша индивидуал хусусияти бўлиб, иқтидори ҳамда тезлиги турличадир.
Ҳар бир атлетга салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда вазифа юклаш муҳим аҳамиятга эга. Жамоавий баҳс¬ларда юқори марраларга эришмоқ учун ҳар бир спортчи билан доимий мулоқотда бўлиб туриш, психолог, мураббий ва оила аъзолари ўртасида узилмас занжир ҳосил қилиш лозим. Машғулот жараёнида устозлар янгича усул ва тактик схемаларни ишлаб чиқиб, уларни шогирдлари тез ўзлаштриши, бир-бирига мослашиши ва малакасини ошириши учун шароит яратиши керак. Жамоа вакиллари бирга шуғулланиб, бирга такомиллашиши, пировардида шеригини кўз қири билан қарагандаёқ илғаб, унинг келгуси ҳаракатини сезиши керак.
Жамоавий спорт турларига саралаш жараёнида болаларнинг ирсий хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Масалан, яхши футболчи тайёрлашда, аввало, болада кичиклигидан тўпга меҳр уйғотиш, спортни севдириш керак. Ҳар хил машқлар, эстафеталар ва бошқа машғулотлар мажмуасини тузиш, доимий шуғулланишни йўлга қўйиш талаб этилади.
Маълумки, инсон туғилгач, чапақай ёки ўнақай бўлиб вояга етади. Ўнақай одам чап томонга, чапақай эса ўнг томонга яхши ва тез айланиши фанда исботланган. Спортда ном қозонган аксарият спортчиларимиз ўнақай. Уларнинг барчаси фақат чап томонга тез айланиши, ҳаракатланиши мумкин. Лекин мусобақада фақат бир томонга ҳаракатланиш ўзини оқламайди.
Бир томонлама ҳаракат бош миянинг ярим шари иккинчисига қараганда кўпроқ ривожланишига сабаб бўлади. Фан тилида айтганда, бу миянинг вестибуляр ҳаракат анализатори фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолат кузатилмаслиги учун чап ва ўнг томон бўйлаб ҳаракат кўламини симметрик равишда ошириб борсак, жамоавий баҳслардаги натижаларимиз яхшиланади.
Бунинг учун болаларни чап ва ўнг қўлида овқат ейиш, расм чизиш, ёзиш, уй юмушларини икки қўлда бирдек бажаришга ўргатишимиз лозим. Мокисимон, орқамача, юлдуз ва илон изи шаклида югуриш, мусобақаларда қатнашиш жисмоний томонлама энг самарали машқлар жамланмаси ҳисобланади.
Жамоавий ўйинларда тафаккур ва фаросат ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки жамоадошининг ҳаракатларини ҳис этиш, у учун қулай шароит яратиш спортчидан ақлни ишлатишни талаб этади.
Шоира ҒАФФОРОВА, Шаҳрисабз туманидаги 14-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси