Спорт баҳсларида ҳам фаол аёллар
Аёллар спорт билан мунтазам шуғулланса, энг аввало ўзининг саломатлиги яхшиланади, жамиятдаги фаоллиги ошади, қолаверса, фарзандлари ҳам жисмонан соғлом, бақувват бўлиб улғаяди. Шу маънода юртимизда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Мамлакатимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни спортга кенг жалб қилиш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Маҳаллаларда спорт тўгараклари ташкил этилиб етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аёлларнинг ўзлари севган спорт тури билан шуғулланиши учун имконият яратилган. Соғлом, тетик, жисмонан чиниққан аёлнинг руҳи кўтарилади, ўзига бўлган ишончи ортади.
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан республикамизнинг барча вилоятларидаги туман ва маҳаллаларда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида аёллар спорт фестиваллари ўтказилди. Спортнинг саккиз тури — енгил атлетика, шахмат, шашка, волейбол, баскетбол, дартс, сузиш, стол тенниси, шунингдек, гимнастрада бўйича ўтказилган спорт мусобақаларининг вилоят босқичларида туманлардан сараланган эпчил ва маҳоратли спортсевар хотин-қизлар ғолиблик учун курашдилар.
— Бу каби спорт тадбирларини ўтказишдан кўзланган мақсад кекса ёшдаги хотин-қизлар ўртасида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг улардан ибрат олиши, аёлларга хос спорт турларини оммалаштиришдан иборат, — дейди Хотин-қизлар қўмитаси спорт бўйича масъул ходими Маҳбуба Эшбўриева. — Фестивалда иштирок этаётган спортга иштиёқманд аёллар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Уларнинг кўпчилиги уй бекалари, нафақадаги кексалар. Уй ишларию кундалик ташвишлардан чарчаган аёл бўш вақтида спорт билан шуғулланса бунинг фойдаси кўп. Оилада она болага ҳамиша ибрат вазифасини ўтайди. Агар оналар спорт билан мунтазам шуғулланса, ўғил-қизлар ҳам спортга меҳр қўйиб катта бўлади. Демак, бундай оилада ҳамиша саломатлик, руҳий хотиржамлик, жисмоний тетиклик, тинчлик ҳукмрон бўлади.
Мусобақаларнинг якуний босқичи вилоятлардаги замонавий спорт мажмуаларида уюшқоқлик ва катта тайёргарлик билан ўтказилди. Кўркам, шинам, замонавий спорт мажмуалари ёзнинг иссиқ кунларида ҳам аёлларнинг қувноқ қийқириқлари билан тўлиб-тошди.
Тошкент молия институти спорт мажмуасида спорт фестивалининг туман босқичларида ғолиб бўлган 25 ёшдан катта хотин-қизлар иштирок этган Тошкент шаҳар босқичи ҳам қизғин ва муросасиз курашлар остида кечди. Баҳсларда ҳар бир тумандан келган 21 нафар эпчил, чаққон, маҳоратли спортсевар хотин-қизлар енгил атлетика, волейбол, шахмат, шашка, сузиш, дартс, стол тенниси ва гимнастрада бўйича ўзаро баҳслашдилар.
Бир томонда шахмат ўйнаб рақибини мот қилаётган онахон, бошқа бир томонда гимнастрада баҳсларида мароқ билан спортча рақсга тушаётган бувижонларни учратасиз. Айниқса, волейбол ўйинидан ҳузурланаётган онахонларнинг қувончини сўз билан ифодалаб бўлмайди.
— Бундай спорт фестивали биз кекса авлод вакилларини жуда хурсанд қилди,— дейди мусобақанинг “Энг ёши катта иштирокчиси” номинацияси ғолиби, 80 ёшли педагог Қумри Абдуллаева. — Олдинлари саломатлигимдаги муаммо боис ортиқча ҳаракат қилсам тез-тез чарчаб қолар, қон босимим ҳам юқори эди. Маҳалламизда очилган спорт тўгарагига қатнашганимдан бери саломатлигим анча яхшиланди. Спорт туфайли бугун соғлиғим мустаҳкам, бемалол жисмоний машқлар билан шуғулланиб, кўча-кўйда ҳам пиёда кўп ҳаракатланаяпман. Фестиваль орқали жисмоний фаол киши асло қаримаслигига яна бир бор амин бўлдим.
Тадбирда иштирок этган яна кўплаб аёллар ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор, юртимизда оила, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ғояларини қарор топтиришга устувор аҳамият қаратилаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Чиндан ҳам, ҳозирги кунда юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга давлатимиз томонидан улкан эътибор қаратилаяпти. Ҳатто чекка қишлоқлардаги маҳаллаларда ҳам муҳташам спорт саройлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, сузиш ҳавзалари, таълим муассасалари заллари спортга қизиқувчи аёллар учун доимо очиқ. У ерга бориб жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун хоҳиш-истак бўлса кифоя.
Республикамиз миқёсида ўтказилган аёллар спорт фестивали байрамона руҳда, кўтаринки кайфиятда якунланди. Мусобақада иштирок этиб алоҳида фаоллик кўрсатган ҳаваскор спортчи аёлларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
“Ма’rifat” мухбири