Спорт — саломатлик гарови
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ходимлари ўртасида “Спорт — саломатлик гарови” шиори остида стол тенниси ва бадминтон бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Фестивалда 110 нафар иштирокчи ўз омадини синаб кўрди.
Мусобақанинг очилиш қисмида сўз олган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Президентимиз ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аҳоли, хусусан, ўқитувчи ва ўқувчиларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш, ишхоналарда бадантарбия ва гимнастика машғулотларини йўлга қўйиш замирида соғлом турмуш тарзига риоя этишдек муҳим масала мужассамлигини, бу эса меҳнат самарадорлиги ортишига туртки бўлишини айтиб ўтди.
Мусобақада ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унга кўра, стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида Халқ таълими вазирлиги етакчи мутахассиси Ислом Ягудив 1-ўринни, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти марказий кенгаши мутахассиси Мирзоҳид Мадиёров 2-ўринни, вазирликнинг таҳлилий назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи Абдусалом Шодмонов 3-ўринни эгаллади. Хотин-қизлар ўртасидаги пинг-понг баҳсларида Республика болалар кутубхонаси етакчи кутубхоначиси Лазиза Ҳайдарова 1-ўринни банд этди. Унинг ҳамкасби Зарина Йўлдошева 2-ўрин билан кифояланди.
Бадминтон бўйича кечган ўзига хос баҳсларда эркаклар ўртасида вазирлик биринчи бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Расулов 1-ўринни қўлга киритган бўлса, “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази бош директори Маъсумхон Ҳакимов ҳамда вазирлик ҳузуридаги статистик таҳлил бошқармаси бош мутахассиси Алберт Ҳасанов кучли учликдан жой олди. Аёллар ўртасидаги қарама-қаршиликларда вазирлик бош назоратчиси Марина Назарова 1-ўринга эга бўлди. Вазирликнинг кадрлар бошқармаси ходими Машҳура Каримова 2-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга мусобақа ташкилотчиларининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Гавҳар ЗАЙНИДДИНОВА