Ғарбий Осиё чемпионати давом этмоқда
Шу кунларда Тошкент шаҳри шахмат бўйича 6–20 ёшлилар ўртасидаги Ғарбий Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтди.
Тадбирда жорий йилнинг 1 ноябрида Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида шахмат бўйича аёллар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, Ўзбекистон шахмати тарихида илк бора чорак финалга чиққан умидли спортчимиз, халқаро гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонованинг шахсий рекорди эътироф этилиб, эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур мусобақанинг аҳамияти, ўзбек ёш шахматчилари эришаётган муваффақиятларга тўхталди. Меҳмонлар ҳам Ўзбекистон пойтахтида кечаётган чемпионатга муносиб тайёргарлик кўрилганини мамнуният билан таъкидлади. Шундан сўнг турнирга старт берилди.
— Чемпионатда 11 мамлакатдан келган кучли шахматчилар иштирок этмоқда, — дейди турнир бош ҳаками, Ўзбекистон шахмат федерацияси биринчи вице-президенти Ҳусан Турдалиев. — Бу эса ҳар бир баҳснинг қизғин ва муросасиз ўтишига замин яратмоқда. Энг асосийси, чемпионат баҳонасида минтақамизда янги чемпионлар, янги номлар кашф этилади, улар орасида юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этишига шубҳамиз йўқ.
Мусобақада иштирокчилар рапид (тезкор), стандарт (классик) ва блиц йўналишларида баҳс олиб бормоқда. Рапид баҳслари 7 тур, стандарт ва блиц йўналишларидаги партиялар эса 9 тур давом этади.
Шахматчилар рапид йўналишида 48 медаль учун баҳслашади. Хусусан, бу борада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган вакилларимиз — Шаҳзод Исломов, Шамсиддин Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуродов, Акобирхон Сайдалиев, Нодирбек Ёқуббоев, Зайнура Абророва, Шаҳзода Ҳасанова, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова ҳамда Ситора Сапарова ўз ёш тоифасида олтин медални қўлга киритди. Мазкур йўналишдаги баҳслар якунланди. Ҳозир спортчиларимиз ҳисобида яна 7 та кумуш ва 10 та бронза медаль мавжуд.
Иштирокчилар энди стандарт йўналишида ўз имкониятини синаб кўрмоқда. Бу йўналиш ғолиб ва совриндорлари аниқлангач, 22 ноябрь куни ёш шахматчилар сўнгги — блиц йўналиши бўйича 9 тур давом этадиган ўйинларда қатнашади.
Мусобақанинг муҳим жиҳати шуки, унда ўз ёш тоифаларида олтин, кумуш ва бронза медални қўлга киритган иштирокчининг халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси ва ФИДЕ спорт устаси сингари халқаро унвонларни олиш имконияти ошади.
Ирода ТОШМАТОВА