Саралаш мусобақалари якунланди
Спорт болаларнинг жисмоний ва маънавий баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилса, мусобақалар уларни руҳан ўстиради ва иродасини тоблайди. Юртимизда мунтазам тарзда ўтказилаётган спорт тадбирлари сони йилдан-йилга ортиб, уларга минглаб ўғил-қизлар жалб этилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Халқ таълими вазири кубоги» мусобақаси ҳам ўқувчиларнинг севимли спорт тадбирларидан бирига айланяпти.
Мазкур баҳсларда халқ таълими тизимидаги футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари(футбол интернатлари)нинг 2003-2004 йилларда туғилган ўқувчилари иштирок этмоқда. Мусобақанинг ҳудудий саралаш босқичи жорий йилнинг 3—8 август кунлари юртимизнинг 5 ҳудудида: Бухоро, Наманган, Хоразм, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бўлиб ўтди.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 2-футбол интернатида Қашқадарёнинг ўузор ҳамда маҳаллий — Денов, Сариосиё, Термиз ва Қумқўрғон туманлари жамоалари ўзаро куч синашди.
Дастлаб майдонга Ғузор ва Денов жамоалари чиқиб келишди. Шиддатли ҳужумлар ва муросасиз вазиятларга бой бўлган учрашувда мезбонлар рақибини аяб ўтирмади ва ғузорликлар дарвозасини жавобсиз тўққиз марта ишғол этди. Турнирнинг иккинчи ва учинчи кунларида ҳам жамоалар бир қатор ўйинлар ўтказди ва якунда навбатдаги босқичга ўтган жамоалар номи маълум бўлди.
Энг қизиғи, сариосиёликлар бирорта учрашувда ғалаба қозонолмай, яққол аутсайдерга айланган бўлса, Термиз ва Ғузордан келган жамоалар атиги 3 очко билан чекланди. Аксинча, барча учрашувда зафар қучган деновликлар ҳамда фақат деновликларга ютқазган қумқўрғонликлар 1- ва 2-ўринни банд этиб, Республика босқичида иштирок этадиган бўлди.
* * *
Бухоро вилояти Пешку туманидаги футбол интернати майдонида ҳам вазир кубоги учун ҳудудий саралаш мусобақаси ўтказилди. Унда Пешку, Ромитан, Шофиркон, Бухоро ва Ғиждувон туманлари ҳамда Бухоро шаҳри жамоалари финал йўлланмаси учун тўп сурди.
Бўлғуси футболчиларнинг ёзги таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг маҳоратини ошириш мақсадида ўтказилаётган қарама-қаршиликларда мезбонлар фаоллик кўрсатди. Пешку тумани ўсмирлари беш учрашувда майдонга чиқиб, барчасини ўз фойдасига ҳал этди. Шунингдек, шофирконликлар ҳам 12 очко тўплаб, пойтахтимизда бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи беллашувларга йўлланма олди.
Ғиждувон ва Бухоро шаҳри жамоалари энг сўнгги ўринларни «бўлишиб» олгани эса вилоят марказида «миллионлар ўйини» ривожига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини билдиради.
* * *
Наманганда «Халқ таълими вазири кубоги» мусобақасининг ҳудудий босқич ўйинлари якунланди. Унда Наманган шаҳри, Учқўрғон тумани, Андижон шаҳри, Шаҳрихон тумани ва Фарғона шаҳри жамоалари финал йўл¬ланмаси учун тўп тепди.
Жамоалар Намангандаги «Ёш куч» ўйингоҳида куч синашди. Баҳслар кескин ва шиддатли кечди. Айниқса, Шаҳрихон тумани ва Наманган шаҳри жамоалари ғалабага бўлган кучли иштиёқини амалда кўрсатишга интилди. Натижада улар иштирокидаги матчлар чиройли ва муросасиз тарзда ўтди.
Якунда Наманган шаҳри жамоаси барча ўйинларни ғалаба билан якунлаб, 1-ўринни эгаллаган бўлса, фақат уларгагина енгилган Андижон шаҳри жамоаси 2-ўрин билан вазир кубоги учун давом этаётган мусобақанинг ҳал қилувчи босқичига чиқди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида ғолиблар Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси, «Ёшлик» ЖТСЖ, БСРЖ вилоят филиали таъсис этган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, 8та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, махсус совринлар топширилди.
* * *
Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 9-футбол интернатида «Халқ таълими вазири кубоги» учун ўтказилган ҳудудий саралаш босқичи ҳам шиддат ва муросасизлик борасида эътирофга муносиб тарзда ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти футбол интернатлари тарбияланувчиларидан иборат 5 та жамоа майдонда саф тортди. Учрашувнинг дастлабки кунида ҳаво иссиқ бўлгани сабабли эрталаб соат 7:30 да майдонга тушган мезбон жамоа боғотликларни 4:1 ҳисобида енгди. Урганч шаҳар тарбияланувчилари эса нукуслик тенгдошларини (4:2) ранжитди. Ўктам Раҳимов устозлик қилаётган Янгибозор тумани жамоаси якунда 12 очко тўплаб, 1-ўринни, 9 очко жамғарган Умид Тожимов раҳбарлигидаги Урганч шаҳри жамоаси 2-ўринни эгаллади. Улар энди Тошкент шаҳрида бўладиган асосий баҳсларда вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Мусобақалар якунида умидли ёш спортчиларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари улашилди. Шунингдек, янгибозорлик Сардор Камолов «Энг яхши дарвозабон», урганчлик Нодирбек Давлатбоев «Энг матонатли ўйинчи» номинациялари ғолиби бўлди.
* * *
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг финал босқичи шу йилнинг 20—26 август кунлари Тошкент шаҳри Яшнобод тумани футбол интернатида бўлиб ўтади.
Зоҳиджон ХОЛОВ