Навбатдаги манзил —«Рио—2016»
Умиджон болалигидан спортга меҳр қўйди. Бир қарасанг, кўчани тўлдириб тенгдошларига қўшилиб тўп тепса, мактабидаги сузиш ҳавзасида ўйинқароқ дамларини завқ билан ўтказди. Мактабда ўқиб юрганида жисмоний тарбия ўқитувчиси Жаҳонгир Тоғаев шогирдининг спортга қизиқишини сезиб қобилиятини тўғри баҳолади ва уни футбол мактабига юборди. Иқтидори бўй кўрсатиб, Жиззах вилоят ёшлар терма жамоасининг энг яхши футбочиларидан бирига айланаётганида тақдирнинг аччиқ зарбасига учради.
12 ёшида хавфли ўсимтаси борлиги боис бир оёғидан ажралди. Ярим кўнгли ўксиб қолган йигитча бироз тушкун кайфиятда юрган бўлса-да, бироқ тезда ўзини ўнглаб олиб, спортга бўлган чексиз муҳаббати туфайли протез оёқда футбол ўйнашни ўрганди. Ҳатто мактаб турнирида "Энг чиройли гол" номинациясини ҳам қўлга киритди. Аммо ана шу гол унга қимматга тушди.
— Мақтаниш эмас-ку, ўша ўйин ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолган, — деди Умиджон Абдухалилов. — Бир оёғимнинг оқсашига қарамай, синфдошларим мени мини-футбол жамоасига 7-ўйинчи қилиб олишди. Ўйин шу даражада шиддатли кечдики, иккинчи тайм тугашига саноқли дақиқалар қолганда дўстим Сардор менга тўп узатди ва бир оёғимни кўтариб гол урдим. Зарбимдан сунъий оёғим синиб кетганини, ўзим эса ерда қимирлолмай ётганимни бир неча сониядан кейин англадим. Нима бўлганда ҳам, мақсадимга эришганим учун йиғлаб юбордим. Ахир жамоамиз мактаб чемпионати финалида мен урган гол туфайли ғалаба қозонганди-да.
Айни кунда Умиджон сузиш, енгил атлетика билан ҳам мунтазам шуғулланмоқда. Паралимпиячилар ўртасида уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлишга улгурган У.Абдухалилов енгил атлетиканинг баландликка сакраш мусобақаларида ҳавас қиларли натижаларга эришган.
Ҳа, юртимизда у каби жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиб, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўзи истаган касб-ҳунар эгаси бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу эса паралимпиячи спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатлари ва олимпиадаларда зафар қучиб, ғамхўрликларга муносиб жавоб қайтаришга ундамоқда. Паралимпиячиларимиз кўрсатган матонати ва эришган ютуқлари туфайли ногиронлар орасида спортга иштиёқ ва қизиқиш янада ошмоқда.
Айни пайтда спортчиларимиз 2016 йилнинг энг муҳим воқеаси Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XV паралимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Ўқув машғулотлари кучайтирилиб, малакали мураббийлар шогирдларининг маҳорат ва тажрибаларини оширишга, кўрсаткичларини янада яхшилашига амалий ёрдам бермоқда.
Республика олимпия захиралари коллежида ҳам енгил атлетика билан шуғулланаётган паралимпиячи спортчилар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт байрамига йўлланма берувчи халқаро мусобақаларга тайёргарлик жараёнини қизғин олиб боришмоқда. Спортчиларнинг замонавий тренажёрлар билан таъминланган залларда машғулот ўташи учун етарлича шароит яратилган.
— Машғулотларни ҳар куни икки маҳалдан олиб бораяпмиз, — деди мураббий Анна Казакова. — Шогирдларим енгил атлетиканинг узунликка сакраш, баландликка сакраш, узоқ масофага югуриш, уч ҳатлаб сакраш турлари бўйича чуқурлаштирилган махсус техник машқларни бажараяпти ва шу орқали жисмоний ҳолатини яхшилаб бормоқда. Иқтидорли ёш атлетларимиздан Миран Саҳатов, Дониёр Солиев, Равил Диганшин, Фаррух Мирзақулов ва Умид Абдухалиловдан умидимиз катта. Улар Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида ишончимизни оқлаб, паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш арафасида турибди. Рейтинг кўрсаткичлари ҳам юқори. Аста-секин Олимп сари яқинлашаяпмиз. Кўпчилик паралимпиячи спортчиларга негадир енгил қарайди. Аксарият одамлар орасида улар тўрт мучаси соғ спортчиларга нисбатан кучсизроқ бўлади, деган нотўғри қараш шаклланган. Шогирдларим орасида даун синдромига учраган, ақлий заиф, умуртқа поғонаси синган, қўлидан шикастланган, лекин жуда иқтидорли ўғил-қизлар бор. Улар руҳан тушкунликка тушган пайтлари "Сен соғломсан, ҳеч кимдан кам жойинг йўқ. Астойдил истасанг, барча орзуларингга эришишинг мумкин. Наҳотки мана бу паралимпиячи эришган натижага сен эришолмайсан? Одам қилган ишни одам қилади", деб далда бераман, руҳини кўтараман. Ампутант спортчилар ҳам ҳозир соғлом одамлар каби спортда фаоллашиб, Осиё ва жаҳон рекордларини янгилаяпти.
Мураббий мактаб-интернатларга бориб, болалар орасидан енгил атлетикага қобилияти борларини саралаб, спорт майдонига етаклаб келмоқда ва ғалаба қозониш сирларини ўргатаяпти. Уларнинг энг яқин дўсти бўлиб, йиғласа йиғлайди, кулса кулади. Муваффақиятларидан ғурурланса, мағлубиятга учраган онларида уларга елкама-елка туриб суянч бўлади. Шунинг учунми, у тарбиялаётган шогирдлар, хусусан, Миран Саҳатов ва Дониёр Солиев 2014 йили Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида қатнашиб, Дониёр эстафетали югуриш бўйича 1та олтин, Миран эса 1та олтин ва 2та кумуш медални қўлга киритиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтди.
— Машғулотларда мураббийим берган маслаҳатларга амал қилиб, тажриба ва маҳоратимни ошириб бораяпман, — деди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти 2-босқич талабаси Фаррух Мирзақулов. — Натижада кўрсаткичларим тобора яхшиланмоқда. Очиғи, паралимпия ўйинларига йўлланма олиш осон кечмади. Унгача анча синовдан ўтишимга тўғри келди. Жумладан, 2009 йили Япониянинг Токио шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган Параосиё ўйинларида юз метрга югуриш, узунликка сакраш баҳсида 2та олтин, 2011 йили Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган Гран-при мусобақасида уч ҳатлаб сакрашда олтин медаль, 2013 йили Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтган Параосиё ўйинларида 3та кумуш, 2014 йили катталар ўртасида ўтган Параосиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритдим. Эндиги марра Рио-де-Жанейрода ўтадиган Паралимпия ўйинлари. Ўйлайманки, унда ҳам ғалаба менга ҳамроҳ бўлади.
Машғулотларни кузатиб енгил атлетикачилар юзидаги кўтаринки кайфият, қалбидаги ғайрату шижоатга гувоҳ бўлдик. Муҳими, ғалабага чанқоқ спортчиларимиз XV паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Бу эса муваффақиятлар давомли бўлишини таъминлашига ишонамиз.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
«Ма’rifat» мухбири