Бетакрор ва ягона юрт мадҳи
«Туркистон» санъат саройида «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика кўрик-танловининг якуний босқичи ҳамда гала-концерт бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан олти йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловда чекка ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, истеъдодли ёшлар, фольклор жамоалари, профессионал ва ҳаваскор хонандалар қатнашди. Улғаяётган авлод онгида она Ватанга садоқат, ватанпарварлик ғояларини сингдириш мақсадида ташкиллаштирилган кўрик-танлов кўплаб истеъдод эгаларини кашф этмоқда.
«Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остида ташкил этилган бу йилги кўрик-танловда айтилган куй-қўшиқларнинг савияси, матнининг мазмуни, ижрочиларнинг маҳорати, танланган либослар ҳамда саҳна маданияти ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.
Танловнинг Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси тизимларидаги босқичларида 58 мингга яқин профессионал ва ҳаваскор хонанда, бадиий жамоалар, болалар ансамбллари, олий ва ўрта махсус таълим масканлари қошидаги мусиқа гуруҳлари, хор жамоалари иштирок этди.
«Ягонасан, муқаддас Ватан!» кўрик-танловига тақдим этилган қўшиқларда Ватанни севиш, улуғлаш, тинчликни асраб-авайлаш, эзгуликни тараннум этиш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби эзгу ғоялар мужассам. Миллий фольклор намуналарини саҳнада ижро этиш, халқ оғзаки ижодининг сара қўшиқларини куйлаш орқали ёшлар онгида тарихга ҳурмат туйғуси шакллантирилмоқда.
— Танловда «Она Ватан» номли қўшиғим билан иштирок этдим, — дейди ЎзМУ талабаси Бахтиёр Насриддинов. — Ҳудудий саралаш босқичларида Ватан ҳақида куйлаш, қўшиқ айтиш нечоғлик мушкул эканини ҳис қилдим. Юракдан айтиш учун аввал ҳис қилиш, кейин куйлаш керак экан.
Тадбирда куйланган қўшиқларда мустақиллигимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва фаровон ҳаёти, ёруғ истиқболи, саодатли кунлари, ёш авлоднинг ғайрат-шижоати, кексаларни эъзозлашдек қадриятлар мадҳ этилди.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА,
«Ma’rifat» мухбири
С.Ўрмонов (ЎзА) олган сурат.