Ёш шахматчиларимизга «Спарк» совға қилинди
Жаҳон ўсмирлар олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовга Президент совғаси — «Спарк» автомашинаси топширилди.
Туркияда дунёнинг 39 мамлакатидан 46 жамоа иштирок этган Жаҳон ўсмирлар олимпиадасида ёш шахматчиларимиз Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша ва Молдова каби мамлакатларнинг кучли терма жамоаларини мағлубиятга учратиб, ғолибга айлангани ҳақида хабар бергандик.
Бугун, 6 декабрь куни ўзбек шахмат мактаби довруғини дунёга танитаётган ёш ақл-идрок эгаларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Маросимда халқаро гроссмейстер мураббий Саидали Йўлдошев раҳбарлигида Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Ситора Сапарованинг Жаҳон ўсмирлар олимпиадасидаги ютуғи яна бир бор эътироф этилди.
Эътиборлиси, Нодирбек Ёқуббоев (9 имкониятдан 8 очко) ва Шамсиддин Воҳидов (8 имкониятдан 7,5 очко) шахсий натижаларга кўра ҳам олтин медалга сазовор бўлдилар. Тадбирда ушбу шахматчиларимизга Президент совғаси — «Спарк» автомашинаси топширилди.
Маросимда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов олимпиада чемпиони билан блиц ўйин ўтказди.