Ниҳоллар ўсиб, улкан дарахтга айланади
Пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди.
Ўн беш йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу танлов юзлаб истеъдодларни элга танитди. Унинг воситасида нафақат юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ижод қилаётган ёш иқтидор эгалари маълум бўлмоқда, балки ёшлар табиатида асл мусиқага ошнолик, санъатга ошуфталик сингари хислатлар камол топаётир.
Қайд этиш жоиз, танловнинг 2006 йилдан эътиборан уч босқичли тизимда ташкил этилаётгани бу борада юксак самара бермоқда. Бу гал танловнинг саралаш босқичларида 15 мингдан зиёд ижодкор ёшлар ўзаро беллашди. Шундан 172 нафар номзод республика босқичида қатнашиб, мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўз ижоди ва маҳоратини намойиш этди. Энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан танловнинг Республика Кенгашига совриндорликка тавсия этилди.
— Саҳнага чиқиб борарканман, “Ниҳол” мукофоти елкамизга чексиз масъулият юклаётганини ҳис қилдим, — дея биз билан ажиб бир ҳаяжонда суҳбатлашади танловнинг мумтоз қўшиқ ижрочилиги йўналиши бўйича совриндори Сайёд Жўраев. — Устоз санъаткорлар босиб ўтган йўлнинг залвори, машаққатлари хаёлимдан ўтди. Шу маънода қўлимдаги ушбу мукофот менга устозлар йўлини, уларга муносиб авлод бўлиб камол топишим кераклигини эслатиб туради.
Таъкидлаш ўринлики, ўтган йилларда “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлган 150дан зиёд ёш истеъдод эгаларидан бир нафари Ўзбекистон халқ артисти, ўн етти нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олти нафари Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонига лойиқ кўрилди ҳамда уч нафар совриндор “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Мазкур мукофот соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, “Ниҳол” рамзи акс эттирилган махсус статуэтка ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдоридаги пул мукофотига эга бўлади.
Давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган бундай эътибор ва эътирофлар, албатта, ўз сўзини айтади — “ниҳоллар ўсиб, куртак ёзади, гуллаб ҳосилга киради...”
Тантанали кечада санъат усталари ва «Ниҳол» мукофоти совриндорлари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.
МУХБИРИМИЗ
Ё.Шамсиддинов (ЎзА) олган сурат.