Чемпионлар ҳамон қўшни қишлоқлардаги спорт залида шуғулланяпти
Шаҳрисабз туманининг Алмати, Камар, Касатарош, Ғилон, Сувтушар, Нондек қишлоқларига бир борган киши унинг пурвиқор тоғлари, гўзал манзарасига мафтун бўлади. Уларга ёндош Қоратут қишлоғининг хушманзара табиати ҳақида ҳам жўшиб гапириш мумкин.
Аммо қуйида шу қишлоқда жойлашган 49-мактаб филиалида таҳсил олаётган спортчи ёшлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. 200 нафарга яқин бола ўқиётган ўқув даргоҳининг ҳар бир ўғил-қизи жисмоний тарбияга ошуфта, спортга алоҳида меҳр қўйган. Ахир, виқорли тоғлардан куч-қувват олмай бўладими? Тоза ҳаво, сўлим табиат қўйнида спорт билан шуғулланмай бўладими?
Шунинг учун ҳам болалар мактабда, айниқса, жисмоний тарбия фанига бошқача тадорик кўради, дарсларда фаол қатнашишга интилади. Бу ёш спортчиларнинг туман ва вилоят мусобақаларидаги натижаларида яққол акс этаётир. Табиийки, спортга ҳавас уйғотишда мураббийнинг ўрни беқиёс. 49-умумтаълим мактабида 25 йилдан буён ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан сабоқ бераётган устоз Шукурали Узоқовни ҳатто қўшни мактаб болалари ҳам жуда ҳурмат қилади.
Бу бежиз эмас. Боиси Шукурали ака — фидойи, жонкуяр, бағрикенг инсон. Қоратут қишлоғи туман марказидан кам деганда, 40—45 чақирим олисда жойлашганига қарамай, педагог марказда ўтказиладиган энг нуфузли спорт мусобақаларида шогирдларининг қатнашишини таъминлайди. Беллашувларда унинг ўқувчилари ҳисобот учун эмас, совринли ўринлар учун курашишини барча ҳамкасблари яхши билади, қоратутлик болалар билан рақобатлашиш, улардан ўзиш мушкуллигини тан олади.
Шу йилнинг октябрида Андижон вилоятида енгил атлетика бўйича ташкил этилган очиқ чемпионатда 49-мактабнинг 9-синф ўқувчиси 1500 метр масофага югуриш баҳсида мамлакат рекордини янгилагани ҳақида хабар тарқалди. Қизиғи, 1971 йилдан бери ҳеч кимга насиб этмаётган натижа — рекордни Шукурали Узоқовнинг шогирди Кўпайсин Худоёров янгилади.
— Спортга иштиёқи бор ўқувчиларнинг иқтидорини илғаш учун замонавий асбоб-ускуна шарт эмас, — дейди Шукурали Узоқов. — Ўқитувчида эътибор ва синчковлик бўлса, бас — илк машғулотдаёқ боланинг қобилиятини билиш мумкин. Кўпайсин бошланғич синфда ўқиётгандаёқ енгил атлетикада яхши натижалар кўрсатиши мумкинлигини билганман. Чунки у ҳам енгил, ҳам чаққон эди. Стартдан бир вақтда қўзғалса-да, маррага синфдошларидан анча олдин келарди. Шунинг учун ҳам уни спортчи бўлишга ундадим, жойида мақтадим, озроқ танқид қилдим, алоҳида машғулотлар олиб бордим. Муҳими, у ҳам спорт билан ошно тутинди. Мана, бугун ҳаракатлари, машаққатлари натижа беряпти. Ҳали олдинда жиддий синовлар бор, катта спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаши лозим.
Айни пайтда Кўпайсин тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотни давом эттирмоқда. У ўз иқтидори, ҳаракатчанлиги, юқори натижалари билан эътиборга тушиб, енгил атлетика бўйича республика терма жамоасига қабул қилинди. Ёш спортчи ҳозир 2019 йилнинг март ойида Таиландда ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўряпти. Мақсади — Осиё чемпиони бўлиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтариш, устозлари, ота-онаси юзини ёруғ қилиш.
— Турли мусобақаларда қатнашиб, шуни англадимки, қишлоқ шароитида спорт билан шуғулланган одам мусобақага икки карра тайёр бўларкан, — деди Кўпайсин Худоёров. — Чунки қишлоқ ҳавоси танга ўзгача куч бағишлайди. Юксак тоғларга қараб, руҳингиз ўсади. Шунинг учун ҳамиша спорт билан шуғулланиш керак, деб ўйлайман. Полвон бўлмасангиз ҳам, соғлом бўласиз.
Мактабда Кўпайсин каби тиришқоқ ўқувчилар кўп. Хусусан, Юлдуз Ражабова, Азизбек Шодиев, Хуршид Эркинов, Жаҳонгир Мелиқулов, Нурбек Худойбердиев, Собитжон Бегимов, Диёрбек Каримов ҳамда Азизжон Каримов каби ўғил-қизлар туман, вилоят миқёсида енгил атлетика, кураш, таэквондо бўйича ўтган мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Бироқ шунча чемпионларни тарбиялаётган таълим масканида муаммолар ҳам йўқ эмас. Энг қизиғи, мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш учун спорт зали йўқ. Ўқувчилар узоқ йўл юриб, қўшни қишлоқдаги таълим муассасалари спорт залларида шуғулланишга мажбур. Ота-оналар, фаоллар қишлоқликлар учун спорт зали қуриб берилишини сўраб, мутасадди ташкилотларга такрор-такрор мурожаат қилди. Афсуски, ҳозиргача барча уринишлар қумлоққа сингган сувдек бўляпти. Натижа йўқ.
Ўқувчилар ёмғиру қор ёғмай туришини исташади. Чунки ёғингарчилик бўлса, очиқ майдонда спорт билан шуғулланиб бўлмайди. Умид қиламизки, келгуси йилда мазкур муаммо ҳам ўзининг ижобий ечимини топади. Зеро, Шукурали Узоқовдек мураббийлари, Кўпайсин Худоёровдек рекордчилари бор қишлоқ замонавий спорт залига муносиб.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Мa’rifat” мухбири