Истиқлолнинг истеъдодли «марварид»и
Бугун қизларнинг спорт билан шуғулланиши табиий ҳолга айланди. Аммо кураш сингари бир мунча мураккаб спорт турлари уларга ноқулайликлар туғдирмасмикан? Аввалига шундай хавотирли хаёллар билан юрардим. Йўқ, очиғи, эндигина 17 ёшни қаршилаган Диёра Келдиёрованинг халқаро майдонлардаги муваффақиятлари фикримни ўзгартириб юборди. Унинг дзюдо беллашувларидаги моҳирона ҳаракатлари ҳаммани ҳайратлантирмоқда.
Юртбошимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, ўғил-қизларимизнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, халқаро спорт ареналарида ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишини таъминлашга улкан эътибор қаратилаётганини бугун дунё эътироф этмоқда, ўрганмоқда.
Ахир ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли ёш спортчиларимиз нуфузли халқаро спорт тадбирларида юқори натижаларга эришиб, иқтидор ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқда.
Босния ва Герцеговинанинг Сараево шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг 48 кг вазн тоифасида гиламга чиқиб, ғалаба қозонган ва ўзбек аёл дзюдочилари орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган Пастдарғом политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Диёра Келдиёрованинг муваффақияти ҳам бунинг яққол далилидир.
— Халқаро дзюдо федерацияси томонидан ташкил этилган ушбу жаҳон чемпионатида 60га яқин давлатдан 500 нафар спортчи қатнашди, — дейди Диёранинг устози Хуршида Холиқова. — Мусобақанинг қизлар ўртасидаги баҳсларида Диёра дастлаб венгриялик Александра Маротини, кейин голландиялик Аниек Нордерни ва бразилиялик Габриела Клементени, ярим финалда туркиялик Турже Бедерни енгиб, ҳал қилувчи баҳсга чиқди. Ҳаяжонли беллашувлар остида ўтган финалда у голландиялик Жориен Виссерга ҳеч қандай имконият қолдирмай, ўзига билдирилган ишончни аъло даражада уддалади. Биласизми, мусобақада шогирдимнинг ғалабаси шарафига давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда кўзимдан ёшларни тиёлмадим. Бундай дамларда юртини севган одамнинг жим туриши қийин бўларкан.
Мураббийнинг сўзлари айни ҳақиқат. Ахир бундай натижага эришишнинг ўзи бўлмайди. Қанча меҳнат, машаққат чекиш лозим. Шогирдининг камолини кўрган устоз эккан ниҳоллари мева тугиб, ҳосил берган боғбондек қувонади.
Шундай муваффақиятларимиз хусусида ўйларканмиз беихтиёр хаёлимиздан мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, амалга оширилган изчил ислоҳотлар самараси турнадек тизилиб ўтади. Бугун спорт соҳасида ҳам замон талабларига тўла мос тизим яратилган. Йилдан-йилга спорт объектлари мамлакатимизнинг энг кўркам, моддий-техник базаси мустаҳкам иншоотларига айланиб бораётир. Диёрадек дзюдочи қизни етиштирган Самарқанд олий спорт маҳорати мактаби ҳам ана шундай спорт масканларидан бири, албатта.
Пастдарғом туманидаги Жума шаҳри, Пўлатчин маҳалласи, Тўмарис кўчасида яшовчи, пахта тозалаш заводининг оддий ишчиси Бахтиёр Мардонов оиласида туғилиб ўсган Диёра Келдиёрова болалигидан спортга ҳавас қўйди. Ўригидан данаги ширин, дейди халқимиз. Диёранинг раҳматли бувиси Гулсара ая паҳлавон аёл эди. У набиралари ҳам ўзи каби бақувват бўлиб улғайишини, ўзини ҳимоя қила олишини истарди. Шу боис 9 ёшли Диёрани етаклаб, тумандаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига бориб, уни дзюдо тўгарагининг тажрибали мураббийи Хуршида Холиқованинг гуруҳига берди.
Ҳам мактаб, ҳам дзюдо тўгараги машғулотларида қатнашиб юрган Диёранинг қалбида аста-секин орзулар пайдо бўлди. У машғулотларда доимгидан ҳам кўпроқ ишлашга, янги усулларни ўзлаштиришга интилди. Бувиси набирасининг машқларини кузатиш учун спорт залига кўпинча бирга борар, йўл-йўлакай дуо қиларди. Бу ёш қизалоққа улкан ишонч ва куч бағишларди. Ҳатто Американинг Майами шаҳрида кечган халқаро турнирда 8-ўринни эгаллаб, тушкунликка тушиб қолганида бувиси далда бериб «Қўявер, болам, ҳеч куюнма, келгуси йили чемпион бўласан, жаҳон чемпиони бўласан», деганди. Буни қаранг, момо чин дилдан айтган экан, Сараевода дуолар ижобат бўлди. Диёра шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилди. Бироқ набирасининг бундай улкан ютуғини кўриш онахонга насиб қилмади.
Шоҳсупада юрт мадҳиясини тингларкан Диёранинг кўз олдига бувисининг мамнун ҳолда жилмайиб турган қиёфаси келди ва бутун чарчоғи унут бўлди.
Бундай воқеалар спортчиларни тарбиялайди, ўзгартиради, тоблайди. Мана, олти йилдирки, Диёра устози Х.Холиқова қўл остида дзюдо билан шуғулланиб, турнирларда юксак натижаларга эришиб келмоқда. 2013 йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Осиё ўйинларида бронза медали билан тақдирлангани ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Шунингдек, Чирчиқ олимпия захиралари коллежида дзюдо бўйича спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган ёшлар ва кадетлар ўртасида ўтказилган Осиё дзюдо иттифоқининг очиқ кубоги XXI халқаро турнирида Диёра ғолиб чиққани ҳам тасодифий эмас, албатта.
— Эришаётган бундай ютуқларим замирида, шубҳасиз, мамлакатимизда биз ёшларга яратилган улкан имкониятлар мужассам, — деди мамнуният билан Диёра Келдиёрова. — Сараевода ўтган жаҳон чемпионатида дунёнинг манаман деган давлатлари вакиллари орасида мустақил Ўзбекистон ёшларининг ҳам борлигини ва нималарга қодирлигини кўрсатишга аҳд қилгандик. Шукрки, якунда бошимиз эгилмади, балки чемпионатда қўлга киритган ҳар бир медалимиз билан Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига муносиб туҳфа тайёрладик. Бу бизни янада кўпроқ меҳнат қилишга ва натижаларимизни тобора яхшилашга чорлайди.
Бахтиёр ака ва «Қувонч» мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Дилором Шарипова оиласида тўрт фарзанд камолга етмоқда. Уларнинг тўнғичи Диёра, кейин Гулнисо ва сўнгра икки ўғил — Қувондиқбек ва Оғабек. Эътиборлиси, Гулнисо ҳам тўрт ёшидан буён самбо билан шуғулланади. У икки карра мамлакат чемпиони.
— Бизнинг сулолада спортга меҳр қўйганлар бисёр, — деди спортчи қизнинг отаси Бахтиёр ака. — Опамнинг қизи Шаҳзода Усмонова ҳам дзюдо бўйича Ливан, Жанубий Корея ва Япония мамлакатларида ўтган халқаро мусобақаларда қатнашиб, совриндор бўлган. Мана, энди Диёра муваффақиятга эришди. Насиб қилса, келгуси йилдан кичик қизимиз Гулнисо ҳам халқаро майдонлардаги юришини бошлайди. У 44 кг вазн тоифасида самбо ва дзюдо баҳсларида қатнашади. Ҳадемай, иккиси финалда бир-бирига дуч келиб қолса, нима қиламиз деб ўтирамиз (кулади).
— Бахтиёр ака, қизларингизга спорт билан шуғулланишга доир қандай йўл-йўриқлар, маслаҳатлар берасиз?
— Қизлар онаси билан кўпроқ сирлашади. Характери оғир, вазмин. Фикрини бирдан ошкор этмайди. Балки ўйлаб, мулоҳаза билан гапиришга интилади. Фарзандларимиздаги шундай хислатларни шакллантирган спортдан миннатдормиз. Лекин мусобақаларга шайланаркан, келиб мендан маслаҳат сўрайди, дуо олади. Паҳлавонларимни мусобақаларга кузатарканман, доим: «Елкангиз ер кўрмасин. Ҳалоллик ва одоб шиорингиз бўлсин» дея тайинлайман.
— Мана, бугун Ўзбекистонимиз мустақил мамлакат. Сиз ҳам бир вақтлар ёш бўлгансиз. Қалбингизда спортга нисбатан меҳр уйғонгани аниқ. Бунга оилангизда жаҳон чемпионлари улғаяётгани мисол...
— Тўғри. Ўзим ҳам болалигимдан курашга ишқибоз эдим. Аммо у вақтлардаги шароит билан бугунги имкониятларни солиштириб бўлмайди. Биз мактабда ўқиган даврда спорт кийими ёки спорт тўгараги у ёқда турсин, дафтар-китобимиз бўлса, дўппимизни осмонга отардик. Ўзимизча самбо деб қишлоқлараро ёки мактаб жамоалари ўртасида ўтадиган мусобақаларда қатнашардик. Шу билан ўзимизни худди жаҳон чемпионидек ҳис этиб юрардик. Қанчалик истамайлик, қанчалик машқ қилмайлик, барибир юқори даражадаги турнирларга етишолмасдик. Баҳонаи сабаб тайёр — биз мактаб кўрмагандик. Чунки туманимизда спорт билан шуғуллантирадиган мактабнинг ўзи бўлмаган. Ҳамма ўзи билганча, кучи етганча курашарди, биров эплаб ҳакамлик ҳам қилмасди, бир амаллаб йиқитган ғолиб эди. Бугун у кунларни болаларимизга айтиб беришга ҳам ийманамиз. Чунки уларни бунга ишонтириб бўлмайди.
Бахтиёр ака билан суҳбатлашарканман, олис ўтмишнинг оқ-қора тасвирлари қатидаги саҳифалар кўз олдимда гавдаланди. Биз қандай бахтли замонда, саодатли даврда яшаётганимизни ҳис этдим. Ҳа, ўз тараққиёт йўлига эга жонажон Ўзбекистонимизда бугун бутунлай ўзгача манзара. Қишлоқларимизда, овулларимизда, қўйингки, ҳар қадамимизда қад ростлаган муҳташам спорт иншоотларида ўғил-қизларимиз камол топаяпти. Уларнинг орасидан жаҳон чемпиони Диёра Келдиёрова сингари иқтидорли ёшлар юлдуздек порлаб, марвариддек ярқираб чиқаверади. Ватанимиз жон томиридан бунёд бўлган истеъдод булоғи зинҳор қуриб қолмайди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири