Футболчиларимизнинг йирик ғалабаси
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати ва 2019 йилги Осиё кубоги саралашидаги навбатдаги ўйинда Филиппин терма жамоаси билан баҳс олиб бориб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Дастлабки ўйиндаги КХДРдан учралган мағлубиятдан сўнг қийин вазиятга тушиб қолган терма жамоамиз 3 сентябрь куни Тошкентда Яман термасини бир тўп фарқи билан мағлубиятга учратган эди. Ўша кунги иккинчи ўйинда Баҳрайн ўз уйида корейслардан кичик ҳисобда мағлубиятга учрагани гуруҳдаги вазиятни янада чигаллаштирди. Боиси, шимолликлар уч турда 9 очко билан терма жамоамиздан анча илгарилаб кетганди...
Буни яхши англаган футболчиларимиз меҳмонда ўйнашига қарамай, ишонч билан майдонга тушди. Ўйин вакилларимиз учун жуда омадли бошланди. Одил Аҳмедов биринчи дақиқадаёқ 25 метрлардан йўллаган ажойиб зарбаси эвазига ҳисобни очди. 14-дақиқада Сардор Рашидов иккинчи тўпни дарвозага жойлаб қўйди. 43-дақиқада Игорь Сергеев ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобнинг йирик кўринишда ўзгаришига олиб келди.
Иккинчи бўлимда ҳам терма жамоамиз ишончли ўйнаб, кўплаб хавфли вазиятлар яратди. Шундай вазиятларнинг бирида Игорь Сергеев бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, «дубл»га эришди.
68-дақиқада дарвозабонимиз Александр Лобановнинг қўпол хатоси туфайли ҳисоб қисқарди. У қадар хавфли кўринмаган жарима зарбаси вақтида Лобанов ўз ўрнини ташлаб чиқди ва гол ўтказиб юборди.
Шундан сўнг вакилларимиз яна ҳужумга ўтди. 79-дақиқада Сардор Рашидов ҳам ўз «дубл»ини нишонлаб, ҳисобни янада йириклаштирди. Ўйинда вакилларимиз 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилиб олди ва биринчи ўринга чиқиш имкониятини сақлаб қолди.
Навбатдаги турни ҳамюртларимиз сафарда Баҳрайн миллий терма жамоасига қарши ўтказади. Ўйин 8 октябрь куни Манама шаҳрида бўлиб ўтади.
Шерали НАМОЗОВ