Баркамол авлодни тарбиялаш муҳим масала
Олимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Баркамол ва соғлом авлодни тарбиялашда жисмоний тарбия ҳамда спортнинг аҳамияти» мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Сенат аъзолари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев, Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари М.Алиев, Халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори Э.Искандаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш борасидаги доимий эътибор ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этаётгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши, шунингдек, ўқувчи ва талабалар ўртасида уч босқичли «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт фестивалларининг ўтказиб келинаётгани мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганининг ёрқин исботидир.
Бу борада тегишли қонунчилик базаси яратилиб, замонавий талаблар асосида шакллантириб борилмоқда.
Семинарда иштирокчиларга Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг минтақавий филиаллари маблағлари ҳисобидан ўтган давр мобайнида қилинган ишлар, ёш авлодни камолга етказиш йўлида яратилаётган шарт-шароитлар, ёш спортчиларимиз халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар ўғил-қизларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2004 йил билан солиштирилганда, 2014 йилда мактаб ёшидаги соғлом болалар улуши 12,3 фоизга ўсди ва бундай ёшдаги болаларнинг умумий сонига нисбатан 64,5 фоизни ташкил этди.
Семинарда яқинда кучга кирган янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга ошириш зарурлиги, қонун нормаларига мувофиқ мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда спортнинг миллий турларини ва халқ ўйинларини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири