Бўш вақт мазмунли ўтмоқда
Ўқитувчи ва ўқувчилар, ҳатто ота-оналар орасида фанлар ҳақида гап кетадиган бўлса, қайсидир фанларни мураккаб санашиб, жисмоний тарбия фанига энг осон, тўп тепиш, югуриш, сакрашу ҳар хил ўйинлардан иборат, дея муносабатда бўлишади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Ушбу фаннинг ҳам ўз илмий асослари, таълимий-тарбиявий мақсадлари бор.
Ёш авлоднинг жисмонан бақувват, ақлан етук ва баркамол бўлиб вояга етишида, энг аввало, жисмоний тарбия ва спортнинг катта ўрни бор. Кузатишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ўқувчиларга ўтилган ҳар бир жисмоний тарбия машғулоти уларнинг кун давомида тетик юришини таъминлайди. Айниқса, футбол, волейбол, баскетбол билан шуғулланиш ўқувчиларнинг тезкорлиги ва теран фикрлаши, чидамлилигини оширишга хизмат қилади. Чунки ушбу ўйинларда болалар кўплаб тезкор ва ритмик ҳаракатларни бажаради. Бу эса, ўз навбатида, организмни босқичма-босқич чиниқтириб боради. Машғулотлар давомида оммавий спорт турлари, миллий ўйинларимизнинг келиб чиқиш тарихи, халқимиз орасидаги мавқеи ҳақида ўқувчиларга тушунчалар ҳам бериб борилади.
Дарсларимни бир неча фанларни ўзаро бир-бирига боғлаган ҳолда ўтишга ҳаракат қиламан. Дейлик, ўқувчилар табиат қўйнида 100 метр масофага югураяпти. Улар қандай тезликда, қандай усулда югураётганини таҳлил қилиш учун физика, одам анатомияси, геометрия каби фанларга мурожаат этаман.
2015 йилги Инвестиция дастурига асосан мактабимизнинг 360 ўринли янги биноси ҳамда 12х24 метр ўлчамли спорт залининг барпо этилиши ўқувчиларнинг билим олиш ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга бўлган иштиёқини янада оширмоқда. Кўплаб ўқув ҳамда ўқув-лаборатория жиҳозлари қатори 34 турдаги спорт анжомларининг келтирилиши болажонлар учун янада кенг имкониятлар яратди. Улар дарсдан бўшаши билан спорт залига ошиқади.
2013-2014 ўқув йилида «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг туман ҳамда вилоят босқичида 8-синф ўқувчиси Ўғилой Холманова ҳамда 9-синф ўқувчиси Муҳаммад Турсунов яхши натижа қайд этди. Улар мусобақаларда енгил атлетика бўйича 1000 ва 3000 метрга югуриш баҳсларида қатнашишди. Албатта, эндиликда спортсевар ўқувчилар мактабда яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, янада улкан марраларни забт этишига ишонамиз.
Абдижалил ЮСУПОВ,
Чироқчи туманидаги 51-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси