Дарсдан бўш вақтда
мактаб ўқувчилари спорт мусобақаларига жалб этилмоқда
Юртимизда болалар спортини ривожлантириш борасида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида йилдан-йилга муҳташам спорт заллари сони ортиб бормоқда. Энг муҳими, мазкур иншоотлар бир-биридан қизиқарли спорт тадбирларига мезбонлик қилмоқда. Натижада мактаб ўқувчиларининг дарсдан кейинги бўш вақти ҳам мазмунан бойимоқда.
Ана шундай мусобақалардан бири Навоий вилояти Конимех туманидаги 8-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтди. Бокс бўйича 1998-1999 ва 2000-2001 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида республика очиқ турнири ўтказилди.
Жами 17 вазн тоифасида кечган беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан, шунингдек, Навоий, Учқудуқ, Зарафшон шаҳарларидан ва Конимех туманидан 80 нафар ўсмир ғолиблик учун рингга чиқди.
— Мусобақа кўтаринки руҳда ўтди, — деди 63 килограмм вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритган қорақалпоғистонлик А.Жуманбетов. — Финалда бироз ҳаяжонландим. Рақибим ҳам худди шундай ўй билан рингга чиққанини билардим. Унинг узун қўллари ва чапақай зарбалари мени ҳушёр торттирди. Мураббийимнинг тавсиялари туфайли уни енгдим. Бундай мусобақалар биз каби юзлаб ёшларнинг улкан муваффақиятларга эришишида муҳим аҳамиятга эга. Дарсдан кейинги бўш вақтимиз спорт билан мазмунли ўтаётганидан хурсандмиз.
Очиқ турнир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
И.КЕНЖАЕВ,
Конимех туманидаги 8-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори