Янги спорт мажмуаси
урганчлик ёш спортчиларни юксак марралар сари руҳлантирмоқда
Урганч шаҳри Ёшлик кўчасидаги янги спорт мажмуасининг қурилиб, ишга туширилгани хоразмлик спортсевар ёшлар учун катта совға бўлди.
Спорт комплексининг бош биноси ҳисобланган 114х50 метр ўлчамдаги 930 ўринга мўлжалланган ёпиқ спорт манежида бир вақтнинг ўзида спортнинг 7 тури билан 185 нафар ўқувчи шуғулланиши мумкин. Мажмуада шахмат, бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол ва бадиий гимнастика майдончаси ҳамда енгил атлетика билан шуғулланиш учун 200 метрлик югуриш йўлакчаси мавжуд. Шунингдек, кийиниш, ювиниш хоналари ва мураббийлар учун қўшимча хоналар мавжуд.
Бош бинонинг ўнг томонидаги 150 томошабинни сиғдира оладиган ёпиқ сузиш ҳавзаси иситиш, совитиш, сув ҳароратини 28 градусда сақлаш, сувни мунтазам тозалаш имконини берадиган фильтр мосламалари билан жиҳозланди. У ерда 34 нафар спортчи сузиш билан шуғулланиш имкониятига эга.
150 томошабинга мўлжалланган дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо, бокс, оғир атлетика бўйича спорт мусобақалари ўтказишга мўлжалланган 24х42 метр ўлчамдаги 2та универсал спорт зали ҳам барча зарурий жиҳозлар билан таъминлангани ёш спортчиларга хуш кайфият бағишламоқда.
Мажмуанинг яна бир қисмида — спорт гимнастикаси ва стол тенниси залида 50 нафар спортчи ўз севимли машғулоти билан шуғулланиши мумкин. Шунингдек, комплекс таркибида 960 ўринли 68х107 метрли сунъий қопламали очиқ футбол майдони бунёд этилди. Бу ерда «миллионлар ўйини» ишқибозлари ва енгил атлетикачилар эмин-эркин машғулот олиб боришади.
Қисқаси, жами 6 бино ва 1та очиқ майдонни ўз бағрига олган муҳташам спорт мажмуасида бугун 449 нафар ўқувчи спортнинг 17 тури бўйича ташкил этилган тўгаракларга қатнаб, спорт маҳоратини ошириш билан бирга саломатлигини мустаҳкамлаяпти.
Спортчиларнинг машғулотлардан сўнг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун мажмуа атрофида кенг хиёбон яратилиб, ўриндиқлар қўйилган, йўлаклар бўйлаб замонавий электр чироқлари ўрнатилган, йўл четига ранг-баранг гуллар экилган. Хиёбон ўртасидаги, худди хоразмлик ёшларнинг билагига сиғмас шижоати рамзи — отилаётган фаввора ҳам кўрган кишига завқ бағишлайди.
— Хоразмда ҳали бундай катта спорт иншооти қурилмаган, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев. — Буни муҳтарам Юртбошимизнинг спортчи ёшларга қаратаётган юксак эътибори ва оталарча ғамхўрлиги деб биламиз. Ҳар томонлама мукаммал ва кўркам мажмуанинг шаҳримизда қад ростлаши, аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик шарофати, давлатимиз куч-қудрати намунаси, мустақиллигимиз мевасидир. Биласизми, қурилиш тугаб, «Ёшлик» шаҳарчаси таниб бўлмас қиёфага келтирилгач, туманлардан келган меҳмонлар ҳам «Наҳотки бу ўзимизнинг Урганч бўлса?» дея лол қолишди. Қурувчиларнинг маҳоратига тасанно айтишди.
— 6 ёшимдан буён шахмат билан шуғулланаман, — деди спортчи ёшлар номидан сўзларкан Нодирбек Ёқуббоев. — Шу кунгача 5 карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим, бир неча марта Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашдим. Ҳозир 13 ёшдаман. Шунга қарамай, Хитой, Греция, Филиппин, Словения, Ҳиндистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Африка ва Венгрия мамлакатларида ўтказилган мусобақаларда иштирок этдим. Бир сўз билан айтганда, спорт туфайли дунё кезаяпман. Чинакам бахт сурурини ҳис қилиб яшаяпман. Бизга шундай юксак шароитларни яратиб бераётган Юртбошимизга миннатдорлик билдираман. Келажакда мазкур ғамхўрликларга муносиб жавоб беришни ва Рустам Қосимжонов каби жаҳон чемпиони бўлишни мақсад қилганман.
Ҳа, спорт билан шуғулланган бола танасини, руҳини ва иродасини чиниқтириш билан бирга, ҳаётдан маъно-мазмун топиб яшашни, ватанпарварликни ўрганади. Олдига улкан мақсадлар қўйиб, унга дадил интилади. Урганч жамолига кўрк қўшаётган янги спорт мажмуасида ҳам ана шундай иқтидорлилар кашф этилишига ва улар ҳадемай дунё шоҳсупаларини забт этиб, мустақил Ўзбекистонимиз номини бутун оламга янада машҳур қилишига ишонамиз.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
«Ma’rifat» мухбири