Замонавий спорт майдони
имконияти чекланган болаларга муносиб совға
«Ҳеч бир бола меҳрдан бегона эмас!». Бу ибора юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган, десак адашмаймиз. Хусусан, имконияти чекланган болаларга яратилган шароит ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар замирида ҳам юқоридаги иборанинг ҳаётий тасдиғини кўриш мумкин. Дарҳақиқат, мамлакатимизда истиқомат қилаётган имконияти чекланган болалар соғлом тенгдошлари қатори илм олиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитга эга.
Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернати Зарбдор туманидаги Янгибўстон қўрғонида жойлашган. Ўқув даргоҳи имконияти чекланган заиф эшитувчи ва нутқида нуқсони бор ўқувчиларга таълим-тарбия беришга ихтисослаштирилган.
180 ўринга мўлжалланган даргоҳда ўқувчиларнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда касбга йўналтиришга қаратилган ўнга яқин фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият олиб бормоқда.
160 нафар имконияти чекланган ўқувчига 50 нафар олий маълумотли педагог сабоқ беради. Улар орасида ўз ишининг мутахассиси бўлган малакали дефектолог-сурдопедагог ўқитувчилар ва шу соҳа мутахассислигига эга тарбиячилар бор.
Спорт — ёшларнинг жони тани. Айниқса, имконияти чекланган ўқувчилар жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишни, ўз қобилиятини ўстиришни жуда хоҳлашади. Болажонларнинг ана шундай эзгу орзу-истаклари инобатга олиниб, ҳудудда замонавий типдаги очиқ спорт майдони барпо этилди. Ушбу муҳташам иншоот муассаса директори Низомиддин Тошбеков бошчилигидаги ташаббускор ўқитувчилардан тортиб, тарбияланувчиларни ҳам бирдек руҳлантириб юборди.
Ҳа, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда олиб борилган ишлар, албатта, самарасини кўрсатди. Бу очиқ спорт майдонининг қурилишида туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари таълим муассасаси жамоасига яқиндан ёрдам берди. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида қурилиш ишлари ниҳоясига етди. Спорт майдони атрофи ободонлаштирилиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
— Замонавий кўринишдаги спорт майдончаси имконияти чекланган ўқувчиларга ўзига хос совға бўлди, — деди Зарбдор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Равшан Суюндиқов. — Бугун мазкур шинам спорт майдончасида имконияти чекланган ўқувчилар ўзлари қизиққан, имкониятлари етадиган спорт турлари бўйича маҳоратини ошириб, мусобақаларга тайёрлана бошладилар. Айниқса, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка, баскетбол тўгараклари фаолияти янада яхшиланди.
Имконияти чекланган ўқувчиларнинг ҳаётга бўлган қизиқишини ошириш, одамларга бўлган меҳрини юксалтиришда саломатлик гарови бўлган спорт ва жисмоний тарбиянинг ўрни катта. Бунинг тасдиғини Зарбдор туманида бунёд этилган очиқ спорт майдонида имкон қадар жисмоний машғулотларни бажараётган ўсмир ёшларнинг юзу кўзидаги мамнунлик ифодасидан ҳам уқиш мумкин.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири