Пойтахтимизда янги экобоғ
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон экологик ҳаракати, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Экобоғ» барпо этишга бағишланган экологик акция ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари, БМТ ТДнинг юртимиздаги ваколатхонаси вакиллари, Экоҳаракат «Ёшлар қаноти» фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилганининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда 400 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилиб, кўркам экобоғ барпо этилди.
— Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида аҳоли фаровонлигини яхшилаш, соғлиғини мустаҳкамлаш, ёш авлодга қулай ижтимоий, иқтисодий, экологик муҳит яратиш алоҳида ўрин тутади, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Саидрасул Сангинов. — Бизни ўраб турган оламнинг экологик ҳолати бир меъёрда бўлишини таъминлашда флора оламининг ўрни беқиёс. Ўсимликлар атроф-муҳит мусаффолигини сақлабгина қолмай, ҳаво, тупроқ, сувни чанг, газ сингари зарарли моддалардан тозалаб, унинг ўрнини кислород билан тўлдириб турувчи лаборатория вазифасини ўтайди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ма’rifat» мухбири